Кўчмас мулк | 07:16
3256
3 дақиқада ўқилади

Саудиянинг гигалойиҳаси: Jeddah Tower қурилиши муҳим босқичга яқинлашмоқда

Дунёдаги энг баланд бинога айланиши кутилаётган иншоот қурилиши жадал суръатда муҳим маррага яқинлашмоқда. Саудия Арабистонидаги Jeddah Tower тез орада 100-қават чегарасига яқинлашиб, лойиҳани 2028 йилда якунлаш режаси сари яна бир қадам ташламоқда.

Фото: Jeddah Tower / © Х

Ўтган йил ноябрида бино баландлиги 69-қаватга етгани хабар қилинган эди. Декабр охирида Thornton Tomasetti муҳандислик компанияси бино 80-қаватдан ошганини тасдиқлади, маҳаллий аҳоли билдиришича қурилиш аллақачон 85-қаватга етиб борган. Агар ҳозирги суръат сақланса, яқин ҳафталарда бино 100-қаватдан ошиб, дунёда шундай баландликка етган тахминан 25 та бинодан иборат “элита клуб”га кириши мумкин.

Шунга қарамай, якунгача ҳали анча йўл бор. Adrian Smith + Gordon Gill (AS+GG) архитектура бюроси яқинда осмонўпар бино камида 157 қават ва Саудиянинг порт шаҳри Жиддада 1 километрдан баланд бўлишини маълум қилди. Якуний аниқ баландлик ҳозирча очиқланмаган. Натижада, иншоот ҳозирги рекордчи — Бурж-Халифадан анча баланд бўлади, шунингдек АҚШдаги энг баланд осмонўпар — One World Trade Center'дан деярли икки баробар баланд чиқиши кутилмоқда.

Jeddah Tower ичида дунёдаги энг баланд кузатув майдончаси, шунингдек люкс меҳмонхона, офис ҳудудлари ва элита хонадонлар жойлашади. Икки қаватли лифтлар йўловчиларни секундига 10 метргача тезликда ташийди — деярли аттракцион каби.

Жами бино ичида 59 та лифт ўрнатиш режалаштирилган, бинодаги умумий майдон эса тахминан 530 минг квадрат метрни ташкил этади.

Jeddah Tower янги шаҳар тумани учун марказий элементга айланиши кутилмоқда. Лойиҳа Саудия шаҳзодаси Ал-Валид бин Талал Ал Сауд раҳбарлигида амалга оширилмоқда ва ўн йилдан ортиқ вақтдан бери ривожланиб келяпти. Илгари қурилиш 60-қават атрофида тўхтаб қолган ва бир неча йилга музлатилган эди, айрим хабарларга кўра, кечикишлар валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бошлаган сиёсий “тозалаш”лар билан боғлиқ бўлган.

Бу мегалойиҳа — нефтга бой қиролликда амалга оширилаётган бир нечта йирик “гигалойиҳа”лардан бири, Саудия дунёдаги энг йирик туристик марказлардан бирига айланишни мақсад қилган. Уларнинг орасида футуристик The Line ва улкан The Mukaab мажмуаси ҳам бор.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид