Ўзбекистон | 23:52 / 11.06.2020
12287
5 дақиқада ўқилади

Ҳокимлар давлат хизматчиларига нисбатан кўзда тутилган мажбуриятлардан ташқарида қолишадими? Вазир ўринбосари изоҳ берди

Олий Мажлис Сенати аъзолари, депутатлар, судьяларга “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилган. Ҳокимларнинг аксарияти сенатор ёки депутат, бундай вазиятда қонунчиликда давлат хизматчиларига нисбатан кўзда тутилган мажбуриятлар уларга нисбатан қўлланилмайдими? Адлия вазири ўринбосари Баҳром Қўчқоров 11 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу масалага ойдинлик киритди.

“Тўғри, ҳозирги вақтда ҳоким маҳаллий кенгаш депутати ва сенатор. Ҳоким бўйича алоҳида моддаларимиз бор. Битта нарсаки, ҳокимнинг сенатор сифатида мақоми бор, лекин ҳоким сифатидаги мақоми ҳам бор. Ҳозир ишлаяпти-ку. Буни инкор қилолмаймиз. Масалан, ҳоким сифатида ваколатини бажариб, сенатор сифатида бажармаяпти демаяпмиз-ку.

Баҳром Қўчқоров

Қонунда унинг сенатор ва ҳоким сифатидаги ваколатлари белгиланган. Депутат сифатида унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор. Шунинг учун ҳоким нуқтаи назаридан функция бажаради. Ҳар доим ҳам функциясини сенатор сифатида бажармайди-ку. Мана шу нуқтаи назардан биринчи қисмида Сенат аъзоси сифатида кўриб чиқиляпти.

Кейинги қисмида ҳоким сифатида бўлган ҳоким мақоми бор. Ҳоким мақомига “Маҳаллий давлат органлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган қоида татбиқ қилинади ва у қисмда тартибга солинмаган масалалар ҳоким сифатида мана бу қонунда тартибга солинади.

Бошқа давлатлар тажрибасини оладиган бўлсак, ҳукуматдан бошлаб вакиллик органлари ва сайланадиган органлар, маҳаллий ҳокимликлар ҳокимлари – сиёсий давлат хизматчиси категориясида кўриб чиқилади. Давлат фуқаролик хизмати тушунчаси шундайки, у профессионал хизматчи. Яъни ишга кирди, карьера ўсиши бўлади, меритократия, танлов, аттестация – доимий равишда буларга қўлланилиб келинган масалалар.

Лекин бу ерда халқаро тажрибани оладиган бўлсак, булар сиёсий. Яъни сайланган, депутатлар орасидан сайланган, сенатор сифатида сайланган. Мана шу нуқтаи назардан қараладиган бўлса, аслида бу сиёсий давлат хизматчиси. Шунга ҳам қарамасдан, мана шу қонунда уларга нисбатан айрим нормалар татбиқ қилиниши белгиланяпти.

Ҳокимга нисбатан ҳаммасини қамраб олиш қийин бўлади. Ҳокимнинг лавозими аслида фуқаролик хизмати эмас. Ҳокимият аппаратидагилар ҳаммаси фуқаролик хизматчилари. Ҳокимни тайинлаш, ишдан олиш тартиби бошқача. Буни мазкур қонун билан тартибга солиб бўлмайди. Ҳокимни доим аттестациядан ўтказадиган бўлсак, у оддий фуқаролик хизматчиси бўлиб қолади. Шунинг учун ҳуқуқ амалиётидан келиб чиқиб, бу ерда ана шу нарсалар белгиланган”, дея Баҳром Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Адлия вазири ўринбосарига кўра, қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаси жамоатчиликда бу борада кўплаб саволлар борлиги, айни пайтда лойиҳада барча масалаларга жавоб топилмаганини таъкидлади.

“Тўғри, айрим масалалар бўйича муҳокама қилишимиз керак. Сизнинг саволингиз ҳам ўринли бўлиши, савол туғдириши мумкин. Биз буни аниқ ёзиб беришимиз керак. Шунинг учун ҳам бу халқ муҳокамасига чиқарилган. Президентимиз топшириқлари ҳам шундай бўлган. Қўллаш бўйича саволлар жуда кўп.  

Халқда қанча кўп савол бўлса, биз уни шунча кўп ҳисобга оламиз. Эртага амалиётда қўлланилиши керак, савол чиқмаслиги керак. Биз давлат хизматчисининг фуқаро сифатидаги ҳуқуқ эркинликларини ҳам, давлат хизматчиси сифатидаги мақоми мувозанатини сақлаб беришимиз керак.

Агар мувозанатни ушламасак, униси ёки буниси ўтиб кетиб қолса, унга ёки давлатга зарар бўлади. Мана шу давлат манфаатини, давлат хизматчисининг манфаатини қонунда баланс қилиб ушлаб туришимиз керак”, дейди у.

Аввалроқ Баҳром Қўчқоров “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида бош вазир, ҳукумат аъзолари, депутатлар ва бошқа юқори мансабли давлат хизматчиларига нисбатан нима учун истиснолар белгиланганига тўхталиб ўтган эди.

Мавзуга оид