Иқтисодиёт | 20:54 / 26.11.2024
4436
4 дақиқада ўқилади

Давлат бюджетининг 9 ойлик ижроси. Дефицит – 36 трлн сўм

Январ–сентябр ойларида консолидациялашган бюджет тақчиллиги 36 трлн сўм, маҳаллий бюджетлар дефицити эса 20 трлн сўмни ташкил этган. Ҳудудлар кесимида энг катта дефицит Андижон вилоятида қайд этилган. Энергетика соҳасига 12 трлн сўмлик тўғридан тўғри субсидиялар берилган.

Фото: Абубакир Юнусов

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 9 ойлик бюджет ижроси бўйича маълумот берди.

Ҳисобот даврида консолидациялашган бюджет даромадлари 272,1 трлн сўмни, харажатлари эса 307,9 трлн сўмни ташкил этган. Тақчиллик – 35,8 трлн сўм ёки ЯИМнинг 2,5 фоизи.

Маълумот учун, 2024 йил учун консолидациялашган бюджет тақчиллиги 52,6 трлн сўм миқдорида тасдиқланган.

Январ-сентябр ойларида давлат бюджети даромадлари 193,6 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,1 фоизга ўсган. Даромадлар қуйидаги манбалар ҳисобидан шаклланган:

  • бевосита солиқлар – 64,1 трлн сўм;
  • билвосита солиқлар – 62,3 трлн сўм;
  • ресурс тўловлари ва мулк солиғи – 26,5 трлн сўм;
  • бошқа даромадлар – 40,7 трлн сўм.

Ҳисобот даврида давлат бюджети харажатлари 219,3 трлн сўм бўлган ва ўтган йилнинг 9 ойига нисбатан харажатлар 8,9 фоизга ошган. Бюджет харажатларининг иқтисодий тасниф бўйича ижроси қуйидагича бўлган:

  • иш ҳақи – 71 трлн сўм;
  • капитал қўйилмалар – 9,4 трлн сўм;
  • асосий воситалар харид қилиш бўйича харажатлар – 3,3 трлн сўм;
  • субсидиялар – 19,8 трлн сўм;
  • ижтимоий нафақалар – 13,6 трлн сўм;
  • трансфертлар – 23,4 трлн сўм;
  • ижтимоий ажратмалар – 17,7 трлн сўм;
  • товар ва хизматлар харид қилиш – 18 трлн сўм;
  • фоиз тўловлари – 9,6 трлн сўм.

Маҳаллий бюджетларнинг молиявий ҳолати

2024 йилнинг 9 ойида маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги салбий фарқ 19,9 трлн сўмни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида энг катта дефицит Андижон вилоятида қайд этилган. Вилоятда маҳаллий бюджет даромадлари 2,72 трлн сўм, харажатлари эса 4,84 трн сўм, дефицит 2,12 трлн сўм бўлган. Кейинги энг ёмон кўрсаткичлар Фарғона (тақчиллик – 1,96 трлн сўм) ва Наманган (тақчиллик – 1,83 трлн сўм) вилоятларида кузатилган.

Энг кам тақчиллик Навоий вилоятида шаклланган – 581 млрд сўм.

Дефицитни қоплаш учун ажратилган бюджетлараро тартибга солувчи трансфертларнинг энг катта қисми қуйидаги ҳудудларга берилган – Андижон вилояти (1,68 трн сўм), Қорақалпоғистон Республикаси (1,66 трлн сўм) ва Наманган вилояти (1,62 трлн сўм).

Субсидиялар

2024 йилнинг уч чорагида давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар миқдори 19 трлн 816 млрд сўмни ташкил қилган.

Январ-сентябр ойларида субсидия маблағларининг катта қисми қуйидаги мақсадларда ишлатилган:

  • ички бозорда табиий газни улгуржи сотиб олиш ва сотиш ўртасидаги зарарларни қоплаш – 9,5 трлн сўм;
  • иссиқлик таъминоти корхоналари зарарини қоплаш харажатлари – 2,5 трлн сўм;
  • нодавлат мактабгача таълим муассасаларига субсидиялар – 2,44 трлн сўм;
  • аҳоли томонидан уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар – 914 млрд сўм;
  • жамоат транспортида йўловчилар ташиш учун субсидиялар – 798 млрд сўм;
  • “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖнинг маблағларини шакллантириш – 614 млрд сўм;
  • геология-қидирув ишлари учун ажратилган субсидиялар – 589 млрд сўм;
  • қишлоқ хўжалиги жамғармасига субсидиялар – 467 млрд сўм;
  • электропоездларда йўловчилар ташишни субсидиялашга – 292 млрд сўм.

Аввалроқ, 2025 йилда давлат бюджети ҳисобидан ажратилиши белгиланган субсидияларнинг умумий қиймати 28,3 трлн сўмни ташкил этиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид