Ўзбекистон | 17:09 / 23.11.2022
14744
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Airbus ва ATR'дан 17 та самолёт сотиб олади

Ўзбекистон делегациясининг Парижга қилган расмий ташрифи доирасида авиатранспортлар билан боғлиқ 815,3 млн евролик шартнома имзоланди. Унга кўра, Франциядан жами 17 та самолёт ва 2 та вертолёт харид қилинади.

22 ноябр куни Франция Ташқи ишлар вазирлиги биносида ўтган учрашувда Airbus ҳамда Uzbekistan Airways АЖ ўртасида савдо келишувига эришилган. Газета.uz’нинг маълум қилишича, келишувни Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда Airbus International компаниясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Жак Гарриге имзолаган.

Airbus ва Uzbekistan Airways ўртасида тузилган шартномага кўра, жами 694,3 млн еврога 8 та Airbus А-320 NEO ва 4 та Airbus А-321 NEO самолётлари, шунингдек, 21 млн еврога 2 та Airbus H145 вертолётлари сотиб олинади.

Шу билан бирга, Airbus Ўзбекистонда ўз вертолётларига хизмат кўрсатиш марказини очиш бўйича ҳам режалари борлигини маълум қилган. Таъкидланишича, бу бўйича лойиҳанинг қиймати 14,1 миллион еврога баҳоланган.

Бундан ташқари, франуз-италян ATR (Avions de Transport Régional)  концерни билан Ўзбекистоннинг маҳаллий йўналишларда парвоз қилишга ихтисослашган Silk Avia авиакомпанияси учун 100 млн евро эвазига тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчидан учта ва лизинг берувчидан иккита — жами 5 та самолёт харид қилиш бўйича шартнома имзоланди, деб хабар беради Uzbekistan Airports.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 26 октябрдаги қарорида 2022 йилда 3 та ATR 72-600 русумли самолётларни сотиб олиш ва 2024 йил сўнгигача яна 9 та ATR самолётини харид қилиш ва лизингга олиш кўзда тутилган.

«Биз авиакомпаниямиз яқин келажакда ATR самолётларида парвоз қилишни бошлашидан жуда мамнунмиз. Янги арзон авиакомпания сифатида биз қайси самолёт биз учун энг яхши ечим бўлишини чуқур таҳлил қилдик. АТР 72-600 дунёдаги энг машҳур қисқа масофага учувчи самолётлардан биридир. А320 га қараганда тўрт баробар кам ёқилғи сарфлайдиган тежамкор ва арзон самолёт йўловчиларга ҳамёнбоп нархларда ишончлилик ва қулайликни таклиф қилиш имконини беради», — деган «Uzbekistan Airports» бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Шартнома доирасида Silk Avia Канаданинг Pratt & Whitney компанияси томонидан ишлаб чиқарилган янги авлоддаги PW127XT двигателлари билан жиҳозланган самолётларни харид қилмоқда. Бу техник хизмат кўрсатиш харажатларини 20 фоизга, ёқилғи сарфини 3 фоизга қисқартиради.

Таъкидлаб ўтиш жойиз, айни пайтда Uzbekistan Airways авиакомпанияси ихтиёрида Airbus компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 10 та A320, 3 та A320 NEO ва 3 та A321NEO самолётлари бор.

Мавзуга оид