Ўзбекистон | 23:06 / 05.09.2025
3688
5 дақиқада ўқилади

Китоб ўқиш орқали озодликка ва Жиззахда туғуруқхонадан ўғирланган чақалоқ – маҳаллий дайжест

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ҚҚС нол ставкага тушириладиган бўлди. Сенатор мобил алоқа операторлари абонентлар маблағини уларнинг розилигисиз ечиб олаётганини айтди. Китоб ўқиган маҳкумнинг қамоқ муддати қисқартирилиши мумкин. Навоий вилоятида мактаб битирувчиларининг қарийб ярми талаба бўлди. Жиззахдаги туғуруқхонада эгизак чақалоқлардан бири ўғирлаб кетилди. Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ҚҚС нол ставкага туширилади

Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Қайд қилинишича, қишлоқ хўжалигида ҳамон яширин иқтисодиёт улуши юқори, озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда қўшилган қиймат солиғи 12 фоизни ташкил этмоқда.

Давлат раҳбари бу борада деҳқон ва фермерларга қулайлик яратиш, солиқ юкини енгиллаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.

Таъкидланишича, 2026 йил 1 январдан бошлаб, қишлоқ хўжалиги корхоналари деҳқон ва фермерларга ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини (ғалла ва пахтадан ташқари) сотишда қўшилган қиймат солиғи нол ставкада бўлади.

Мобил алоқа операторлари абонентлар маблағини уларнинг розилигисиз ечиб олмоқда

Сўнгги пайтда мобил алоқа операторлари томонидан абонентларнинг розилигисиз, хабардорлигисиз пулли SMS ва хизматларга уларни автоматик тарзда улаш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов маълум қилди.

«Ҳуқуқий бўшлиқлар ёки бошқа сабаблар оқибатида абонентлар кўраётган зарар учун ким жавоб бериши керак? Бизнингча, бу муаммога ечим топиш лозим. Акс ҳолда, гўё арзимасдек кўринган, аммо фуқароларнинг миллиардлаб маблағини уларнинг ихтиёрисиз кўрсатиладиган хизматлар учун сўрамай олиб қўявериш катта муаммога айланиб, қонунбузарликларга янада кенг йўл очади. Бундай муаммолар аҳолининг кайфиятига салбий таъсир қилиши билан ҳам долзарбдир», деди сенатор.

Бурҳонов сўзининг якунида бу ҳолатни тартибга солиш мақсадида ҳуқуқий меъёрий ҳужжат ишлаб чиқиш учун қўмита ёрдамга тайёр эканини айтди.

Китоб ўқиган маҳкумнинг қамоқ муддати қисқартирилади

Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун маъқулланди.

Унга кўра, Жиноят кодекси шахс тузалиш йўлига ўтгани муносабати билан жазони ўташ муддатини қисқартиришни назарда тутувчи 741-модда билан тўлдирилади.

Бунда маҳкум Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тасдиқланган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиса ва ушбу китобларни ўқигани факти тасдиқланса, жазони ўташ муддати ҳар бир ўқилган китоб учун уч кунга, бироқ бир йилда кўпи билан 30 кунгача Комиссиянинг хулосасига асосан суд томонидан қисқартирилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Навоий вилоятида мактаб битирувчиларининг қарийб ярми талаба бўлди

2025 йилда Ўзбекистонда 438 869 нафар ўқувчи мактабни битирган. Уларнинг 327 673 нафари тест синовларида иштирок этган. Шундан 113 176 нафари, яъни 25,8 фоизи талабага айланган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 3,5 фоизга ошган.

Ҳудудлар кесимида Навоий вилояти етакчилик қилган: тест синовларида қатнашган битирувчиларнинг қарийб ярми, яъни 48,4 фоизи ўқишга кирган. Кейинги ўринларни 38,2 фоиз билан Бухоро вилояти ҳамда 32,4 фоиз билан Жиззах вилояти эгаллагани маълум бўлди.

Талаба бўлдингизми? Ётоқхонага қандай жойлашиш мумкин, кимнинг навбати биринчи келади?

3 сентябр куни олийгоҳларда 1-курс талабалари учун дарслар бошланди. Юқори босқичлар учун ўқув йили 8 сентябрдан бошланади.

Ҳар ўқув йили бошланиши билан яшаш жойидан узоқда таълим олувчилар учун ётоқхона ёки ижарага турар жой топиш масаласи долзарблашиб қолади.

Талабалар my.gov.uz сайти/иловаси орқали ёки давлат хизматлари марказига борган ҳолда ариза жўнатиб, ётоқхона учун навбатга ёзилиши мумкин. Бунда имтиёзли ва умумий рўйхатдаги номзодлар кетма-кет кўриб чиқилади. Хўш, жараён ўзи қандай кечяпти? Ётоқхонага жойлашиш қанчалик осон ёки қийин? Унинг тўлови қанча? Kun.uz материалида шу ҳақда сўз боради.

Жиззахдаги туғуруқхонада эгизак чақалоқлардан бири ўғирлаб кетилди

Бу ишни қилган аёл юзига ниқоб таққан ҳолда туғуруқхона палатасига кирган ва шифокор сўраётганини айтиб, туғилганига 3 кун бўлган эгизак чақалоқлардан бирини кўтариб чиқиб кетган. Бола бир кундан сўнг топилган ва онасига қайтарилган. Болани ўғирлаб кетган аёл суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилинди. Ҳайратланарли жиноят иши тафсилотлари Kun.uz мақоласида.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид