Талабалар my.gov.uz сайти/иловаси орқали ёки давлат хизматлари марказига борган ҳолда ариза жўнатиб, ётоқхона учун навбатга ёзилиши мумкин. Бунда имтиёзли ва умумий рўйхатдаги номзодлар кетма-кет кўриб чиқилади. Хўш, жараён ўзи қандай кечяпти? Ётоқхонага жойлашиш қанчалик осон ёки қийин? Унинг тўлови қанча? Kun.uz материалида шу ҳақда сўз боради.

3 сентябр куни ОТМларда 1-курс талабалари учун дарслар бошланди. Юқори босқичлар учун ўқув йили 8 сентябрдан старт олади.

Ҳар ўқув йили бошланиши билан яшаш жойидан узоқда таҳсил олувчилар учун ётоқхона ёки ижарага турар жой топиш масаласи долзарблашиб қолади. Kun.uz бу борадаги саволлар билан Олий таълим вазирлиги бош мутахассиси Лазиз Мингишов билан суҳбатда бўлди.

Унинг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг 376-сонли қарори билан 2024 йилдан бошлаб талабалар турар жойига жойлаштириш рақамлаштирилган ва бунинг маъмурий регламенти тасдиқланган.

Ушбу маъмурий регламентга кўра, талабалар бевосита талабалар турар жойига жойлашиш учун давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ариза бериш йўли билан талабалар турар жойига жойлаштирилади.

Дастлаб имтиёзли ва умумий рўйхатдаги талабалар кетма-кет мезонлар асосида жойлаштирилади. Имтиёзли талабаларга: биринчи, иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги оила фарзандлари, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га кирадиган талабалар, бундан ташқари, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, чин етим бўлган талабалар, ундан кейин Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан республика бўйича ўтказиладиган фан олимпиадалари ғолиблари, турли танловлар: “Заковат”, талабалар театр студиялари ғолиблари бўлган талабалар, битта оилада икки ва ундан ортиқ контрактда ўқийдиган оила фарзандлари киради. Бу мезонлар кетма-кетлигида талабалар турар жойига жойлаштирилади.

Ундан кейин умумий рўйхатдаги талабалар жойлаштирилади. Буларга ҳам мезон белгиланган: бакалавриатнинг кундузги шаклида ўқийдиган талабалар тўлиқ ётоқхона билан таъминланмасдан туриб, кечки ва сиртқи таълим шаклида ўқувчиларга жой берилмайди. Бакалавр биринчи жойлашмасдан туриб, магистрга ва ундан кейинги босқичларга йўл қўйилмайди. Устуворлик берилган бўлади”