Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бюджет ҳисобидан янги йил базмига тақиқ ва Андижонда қулаган бозор растаси – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Давлат ташкилотларига бюджет маблағлари ҳисобидан янги йил корпоративлари ўтказиш тақиқланди
Ҳукумат қарорига кўра, вазирликлар, идоралар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан кам бўлмаган хўжалик бирлашмаларига бюджет ва ундан ташқари маблағлар ҳисобидан Янги йил байрами муносабати билан корпоратив тадбирлар ўтказиш ҳамда байрам дастурхонини ёзиш ман этилади.
Бу тақиқ айнан бюджет маблағлари ва ундан ташқари маблағларни сарфламасликка қаратилган бўлиб, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ўз ойлик маошлари ҳамда рағбат пуллари ҳисобига ишдан ташқари вақтларда янги йил байрами тадбирларини ташкил этиши мумкин бўлади.
Давлатга қарашли бўлмаган тижорат ташкилотлари, хусусий фирмалар ва компаниялар учун мазкур чекловлар татбиқ этилмайди.
Ўзбекистонда танқис дори ва тиббий жиҳозларни тезкор олиб кириш тартиби белгиланади
Соғлиқни сақлаш тизимида вақтинчалик танқислик юзага келганда, айрим дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан — мажбурий сертификатлаш шарти билан — амалиётда қўллаш ва импорт қилишга рухсат бериш механизми жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Тартиб қарори махсус ишчи гуруҳ томонидан қабул қилиниши белгиланган.
Низом лойиҳасига кўра, “вақтинчалик танқислик” — аҳоли ва тиббиёт ташкилотлари эҳтиёжини қондириш учун дори воситалари ёки тиббий жиҳозлар етарли миқдорда мавжуд эмаслиги (ёки чекланган миқдорда бўлиши) сифатида талқин этилади.
Танқислик ҳолатида таъминлаш бўйича қарор Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги доимий ишчи гуруҳ томонидан қабул қилиниши кўзда тутилган.
Андижонда бозор растаси қулади ва бир киши жароҳатланди
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти, Хўжаобод туманидаги кийим-кечак бозорида раста қулаб тушгани акс этган видео тарқалди. Тарқалган хабарларда расталар жуда эски ҳолатда бўлгани, маъмурият шароит яратиб бермаётгани ва у бир кишининг устига қулаб тушгани айтилади.
Хўжаобод тумани ҳокимлиги маълум қилишича, воқеа юзасидан масъуллардан иборат тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилган. Ҳодиса 21 декабр куни соат 11:00 атрофида туман буюм бозори ҳудудида содир бўлган.
Хабарда тадбиркорнинг дўкон олдига қўлбола усулда қуриб олган растаси талабга жавоб бермагани, унинг юқори қисмига керагидан ортиқ оғир (қишки) кийимлар илингани оқибатида қулаб тушгани таъкидланган.
Тошкентда автобус ҳайдовчиси ўз эҳтиётсизлиги оқибатида ҳалок бўлди
Тошкент шаҳри, Сергели туманида автобус ҳайдовчиси билан бахтсиз ҳодиса содир бўлди. 20 декабр куни соат 16:56 атрофида 55-йўналишда ҳаракатланадиган Yutong автобуси ҳайдовчиси И.А (1970 йилда туғилган, стажи 35 йил) автобусни Сергели тумани Хонобод кўчаси бўйлаб бошқариб, темирйўл кесишмасида поезд ўтаётгани сабабли тўхтатиб турган.
Шу вақтда унинг орқасида тўхтаб турган 126-йўналишдаги Yutong автобус ҳайдовчиси Э.Р (1988 йилда туғилган, стажи 17 йил) автобусни қўл тормозига қўймасдан пастга тушиб унинг олдига ўтган. Шу пайтда автобус ўз инерцияси билан юриб кетиб, ҳайдовчини сиқиб қўйган. Оқибатида у воқеа жойида вафот этган.
1 январдан тадбиркор аёллар учун янги молиявий инструментлар жорий этилади
Қонунчиликка кўра, 2026 йил 1 январдан HAMROH тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча механизмлар амалга киритилади.
Жумладан, тижорат банклари таъсисчилари таркибида аёллар улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган ва (ёки) раҳбари аёл киши ҳисобланган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг камида 10 та иш ўрни яратишни назарда тутувчи лойиҳаларига кредит ажратади. Кредит ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасидан 10 фоиз пункт юқори ставкагача, миқдори эса БҲМ 25 минг бараваригача белгиланади.
Мавзуга оид
14:32 / 20.12.2025
Ғазодаги бошпанага ҳужум қилган Исроил, Россия танкерини сафдан чиқарган Украина ва ИШИД объектларига зарба берган АҚШ – кун дайжести
20:59 / 19.12.2025
2026 йилги солиқ ставкалари ва ҳудудларда электр таъминотидаги узилишлар – маҳаллий дайжест
21:52 / 17.12.2025
Тошкентда янги «сити»лар ва XCM молиявий пирамидасининг қулаши – маҳаллий дайжест
21:26 / 16.12.2025