Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янги эскроу тизими. Бу уй-жой нархини янада қимматлаштирадими?
Қурилиш секторида фирибгарлик ҳолатларининг авж олиб кетиши фонида Ўзбекистонда ҳам эскроу тизимига ўтилди. Бу амалиёт истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги катта бўшлиқни тўлдириши керак. Ўз навбатида уй-жой нархининг янада тез ошиб кетиши билан боғлиқ хавотирлар ҳам йўқ эмас. Бу қанчалик асосли?
2025 йил 1 июлдан бошлаб, улуш киритиш асосидаги қурилишларда қурувчи ва харидор ўртасидаги олди-бердининг шакли ва мазмуни ўзгарди. Бунда, ҳали битмаган уйдан квартира сотиб олмоқчи бўлганлар қурувчининг ўзига эмас, банкка тўлов қилади. Қурувчилар ва банклар ўзаро келишув асосида банкда эскроу ҳисобварағини очади, улушдорлар тўлаган пуллар шу ҳисобварақда йиғилади. Уй битмагунча қурувчи компаниялар бу пуллардан фойдаланолмайди. Бу тартиб 31 декабргача ихтиёрий бўлади ва агар керакли қонунлар вақтида қабул қилинса, 2026 йил 1 январдан мажбурий кучга киради.
Эскроу тизими нега жорий этилди?
Кўп ҳолларда уйларни топшириш муддати кечикиб, аҳоли тўлаган пуллар «музлаб» тургани, шартномалар асосан қурувчи манфаатига хизмат қилаётгани охирги йилларнинг энг оғриқли муаммоларидан биридир. Бунда тўгридан тўғри битимлар деярли суғурталанмаяпти. Мижозлар қурилиш корхонасининг «чин сўзига» ишониб, катта миқдордаги маблағларни уларнинг қўлига топшириб қўйяпти. Яъни бу борада истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта бўшлиқ бор эди. Айнан фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлардан мижозларни ҳимоя қилиш усули бор – эскроу тизимидир. Бу дунё амалиётида синовдан ўтган яхши тажриба.
Масалан, 2019 йил ёзидан бошлаб Россия қурилиш соҳасида ҳам ушбу тизимга ўтилди. Қурилиш корхоналари улуш киритиш асосидаги шартномалардан эскроу ҳисобрақами асосидаги молиялаштиришга ўтди. Чунки Россияда ҳам қурувчи билан тўғридан-тўғри шартнома имзолаб, кейинчалик, компаниянинг ўз мажбуриятини бажармаслиги оқибатида минглаб одамлар пулига куйиб қолаётган ҳолатлар фалокатли даражада кўпайиб бораётганди. Эскроу тизими жорий этилгач, бу ҳолатларга деярли барҳам берилди.
Уй нархлари ошиб кетадими?
Эскроу тизими билан боғлиқ энг катта хавотир – уй-жой нархининг янада тез ошиб кетиши билан боғлиқ. Хусусан, 17 июль куни ташкил этилган қурилиш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотда Қурувчилар ассоциацияси раиси Мансур Ниёзмуҳамедов эскроу ҳисоблари оммавий жорий этилганидан кейин қурувчилар айланма маблағ етишмовчилиги муаммосига дуч келиши мумкинлигини кун тартибига олиб чиқди. Юқори талаб сақланиб қоладиган шароитда бу бозорда таклиф ҳажмининг камайишига ва натижада уй-жой нархининг ошишига олиб келиши мумкин.
У қурувчиларга банклардаги эскроу ҳисобларида сақланаётган улушдорларнинг маблағлари ҳисобидан фоизсиз ёки паст фоизли ставка билан маблағ беришни таклиф қилди. Ниёзмуҳамедовга кўра, қурувчиларда лойиҳавий молиялаштириш қиймати борасида хавотирлар бор.
Шунингдек, Ассоциация раисининг таъкидлашича, ҳудудларда қурувчиларнинг рентабеллиги паст бўлаётгани сабабли улар айланма маблағларни тўлдириш ёки лойиҳавий молиялаштириш учун банклардан маблағ олишда қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Банклар гаров таъминоти йўқлиги ёки паст рентабеллик туфайли кредит беришдан бош тортиш эҳтимоли бор. Бу эса қурилиш ишлари тўхтаб қолиши ва иш ўринлари қисқаришига олиб келади.
Ўз навбатида Қурилиш вазирлиги нарх ошишини инкор этяпти. “Эскроу-ҳисобварақлардаги жамланган маблағлар кўпайиши натижасида девелопер ташкилотларига лойиҳавий молиялаштириш доирасида амалдаги ставкаларга нисбатан анча пастроқ ставкада маблағлар ажратилади. Бу эса эскроу тизими жорий этилгач янги уй-жойларнинг нархи кескин ошиб кетади деган маълумотларни инкор этади”, — дейилганди вазирлик хабарида.
Шунингдек, Қурилиш вазирлиги бўлим бошлиғи Даврон Мелиев ҳам нарх 1-2 фоизгагина фарқ қилиши мумкинлигини айтиб ўтганди.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш мумкинки, Ўзбекистонда харидорлар қуриб битказилмаган лойиҳа ва ноинсоф қурувчилар устидан ҳимояга эга бўлишлари лозим эди. Чунки ушбу сектордаги фирибгарлик ва алдовлар охирги йилларда ниҳоятда кўпайиб кетди. Янги тизимнинг пайдо бўлиши дастлабки босқичда қурувчилар даромадларининг маълум даражада пасайиши, уй-жой қурилиши умумий ҳажмининг бироз қисқаришига сабаб бўлиши мумкин. Аммо кейинчалик бозорда фақат ишончли фирмалар қолади ва ўрта муддатли истиқболда барқарор ва ишончли кўчмас мулк бозорини яратишга ёрдам бериши керак.
Мавзуга оид
11:42 / 03.01.2026
Кўп хонадонли уй-жойлар майдони босқичма-босқич оширилади
16:45 / 02.01.2026
Ҳар йили камида 140 минг хонадонли уй-жой барпо этилади
20:59 / 29.12.2025
Охирги етти йилда 38 минг хонадонли кўп қаватли уйлар ноқонуний қурилган
15:15 / 24.12.2025