Иқтисодиёт | 17:03 / 11.02.2020
119660
5 дақиқада ўқилади

Коронавирус Ўзбекистон бозорларига қандай таъсир қилди?

Хитойда тарқалган коронавирус Ўзбекистонда ҳам турли ваҳималарга сабаб бўлаётгани рост. Вирус ҳақидаги хабарлардан аввал килоси 18-22 минг сўм бўлган банан нархи 10 минг сўмга тушиб қолгани бу вирус Ўзбекистондаги бозорларга ҳам бевосита таъсир қилаётгани ҳақида хулосалар пайдо қилади.

Вирус ҳақидаги хабарлар фонида бозорларда Хитойдан келаётган кийим-кечаклар нархи ошгани ҳақида гап-сўзлар ҳам тарқалди. Хўш, бутун дунёни қўрқитиб қўйган вирус бозорларимизга чиндан таъсир қилдими? Бу саволга жавоб излаш учун Самарқанддаги бозорларни айландик.

Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» савдо мажмуасида савдо қилаётган бир гуруҳ тадбиркорлар Хитойда тарқалаётган коронавирус ваҳимаси бозордаги кийим-кечаклар нархига таъсир қилмаганини билдиришди. Уларнинг айтишича, ҳозир кийим-кечаклар учун энг суст мавсум, одамлар қишки кийимларни янги йилгача олиб бўлган, баҳорги кийимлар мавсуми эса ҳали бошланмади. Бозордаги савдони қизитадиган тўйлар ҳам асосан кузда ўтказилади. Кийим-кечак савдоси авжида бўлмаган вақтда нархни ошириш савдога салбий таъсир кўрсатади.

Айнан шу бозор ёнида Самарқанд шаҳридаги энг йирик улгуржи мева-сабзавот бозори ҳам жойлашган. У ердаги банан савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорларнинг сўзларига кўра, ваҳимали гап-сўзлар ортидан банан савдоси сусайган. Сотувчилар туриб қолган бананлар айниб қолмасин учун тезроқ сотиб юбориш мақсадида банан нархини 7-8 минг сўмгача туширишган.

Бугун бозорда бананни икки хил нархда олиш мумкин: янги келганлари 15-17 минг сўм, аввалроқ келганлари 10 минг сўмдан. Хитойдан келтирилган мандаринларнинг нархида эса ўзгариш бўлмаган: сифатлиси 16-17 минг сўм, ранги ўзгаргани 8,5 минг сўмдан сотилмоқда. Яъни, вирус ҳақидаги гаплар мандарин нархига унчалик таъсир қилмаган.

Ургут савдо комплекси нафақат Самарқанд вилояти, балки қўшни вилоятлар аҳолиси ҳам кийим-кечак ва бошқа буюмлар харид қиладиган катта бозор ҳисобланади. Бу ерда савдо қилаётган тадбиркорларнинг айтишича, Ўзбекистон томони парвозларни тўхтатганидан кейин Хитойдан келадиган маҳсулотлар нархи 10-15 фоиз ошган. Агар яқин орада Хитойдан маҳсулот олиб келиш қайта йўлга қўйилмаса, нархлар яна кўтарилиши мумкин.

Самарқанд вилоятида қуруқ мева экспорти билан шуғулланадиган тадбиркорлар ҳам кўп. Вилоят ҳудудидаги боғларда етиштирилаётган маҳсулотнинг бир қисми экспортга сархил ҳолида чиқарилса, яна бир қисми қуритилган ҳолда қайта ишланади. Улар орасида энг кўп экспорт қилинаётгани турли навдаги майизлардир.

Самарқандлик тадбиркорлар Хитойга ҳам катта миқдорда қора майиз экспорт қилади. Деҳқонларнинг айтишича, сўнгги кунларда вилоятдаги бозорларда қора майиз нархи 30 фоизгача пастлаган.

Хитойга майиз экспорт қиладиган тадбиркорлардан бири, ургутлик Хуршид Тўраевнинг маълум қилишича, бугун Хитойга майиз экспорти тўхтаб қолишининг коронавирусга алоқаси йўқ, бу Хитойдаги янги йил байрами билан боғлиқ.

Ҳар йили 21 январь-21 февраль оралиғида Хитой тақвими бўйича бу мамлакатда янги йил тантаналари ўтказилади. Байрам муносабати билан хитойликлар 7-15 кунгача дам олишади. Шу сабабли бир ой давомида бу давлатга маҳсулот олиб кириш ва олиб чиқиш тўхтатилади.

«Хитойда шарқ тақвими бўйича янги йил тантаналари ўтказилиши муносабати билан ҳар йил шу пайтда маҳсулот олиб кириш ва чиқариш тўхтайди. Олдинги йилларда захира қилиш мақсадида бозорлардан майиз сотиб олишни давом эттирар эдик. Бу йил ундай қилмаяпмиз, чунки қуруқ мева экспорти мавсуми тугаяпти. Бунинг устига, байрам таътиллари тугагандан сўнг хитойлик мижозлар майиз оладими ёки йўқ, бу ҳам номаълум.

Бундай ҳолатда майиз захира қилиб пулимизни банд қилишни хоҳламаймиз. Хитойда бўлаётган воқеалар фаолиятимизга жиддий таъсир кўрсатмайди. Биз қуруқ мевани дунёнинг яна кўплаб давлатларига экспорт қиламиз. Хитойдаги воқеалар ваҳимаси қуруқ мевалар орасида қора майиз нархига сезиларли таъсир кўрсатди. Қолганларига унча жиддий таъсир кўрсатгани йўқ», дейди у.

Қуруқ мева экспорти билан шуғулланадиган яна бир тадбиркор, қўшработлик Мусулмон Юнусов ҳам юқоридаги гапларни тасдиқлади.

Хитойга маҳсулот жўнатадиган ёки оладиган тадбиркорлар яна бир гапни айтишмоқда: Хитойда бундан кейин ҳам маҳсулот олиб келиш ёки чиқаришга рухсат берилмаса, ҳолат ўзгариши ва бу давлат билан экспорт-импорт алоқаларини ўрнатган тадбиркорлар қийналиб қолиши мумкин. Шунингдек, ўшанда буюм бозоридаги Хитойдан келаётган маҳсулотлар нархи ошиб кетиши, қуруқ мевалар нархи эса янада арзонлаб кетиши мумкин.

Ғайрат Йўлдош

Мавзуга оид