Ўзбекистон | 10:54 / 17.11.2022
18988
6 дақиқада ўқилади

Докторантурадаги алғов-далғов: имтиҳон натижалари бекор қилиниши ортида моддий манфаат ётибди(ми?)

Фото: Shutterstock

Жорий йил 15 ноябрига қадар докторантура босқичи учун инглиз тилидан ўтказилган имтиҳон натижалари бекор қилинди. Унга Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2022 йил 15 ноябрдаги 01-10/6536-сонли хати асос қилиб кўрсатилмоқда.

Президентнинг 2021 йил 19 майдаги қарорига мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига танловларда миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этиш тартибини жорий этиш белгиланган эди.

Натижада докторантура учун фақатгина тил сертификати бор бўлган талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилинди. 15 сентябрдан 15 октябргача докторантура босқичи учун талабгорларнинг ҳужжат топшириши белгиланган бўлиб, кўрсатилган муддатда квоталар тўлмади. Мисол учун Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетининг Ўзбек адабиёти йўналишига таянч докторантурага 12 ўрин учун 3 нафар талабгорнинг ҳужжатлари қабул қилинган.

Шу сабаб қабул муддати 22 октябргача узайтирилди ва сертификат олишга улгурмаган талабгорлар ҳам танловда иштирок этишлари мумкинлиги айтилди. Шундан сўнг ҳужжат топширувчилар сони кескин ошди. Ўзбек тили ва адабиёти университетининг айнан шу йўналишига топширилган ҳужжатлар сони 36 тага етди.

2 ноябр куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъатининг навбатдаги йиғилишида олий таълимдан кейинги таълим шаклига ҳужжат топшириш учун тил сертификати масаласи кўриб чиқилиб, бу йилги докторантура (PhD, DSc) ихтисосликлари учун талабгорлар чет тили сертификати йил охиригача олиш шарти билан қабул қилиниши белгиланганди.

Шундан сўнг миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат олиш тартиби Президент администрациясининг жорий йил 4 ноябрдаги (№02-ПА 1/1-1672) топшириғига мувофиқ, олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликлари учун танловларда иштирок этувчи талабгорларга биринчи ўқув йили давомида жорий этилиши эълон қилинди.

Бир нечта олийгоҳда чет тилидан имтиҳонлар ўтказиб бўлинган бир вақтда “юқоридагилар” энг паст даражада бўлса ҳам, сертификат олиниши керак, деган қарорга келишди чоғи, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан барча ОТМ ва тадқиқот институтларининг чет тилидан ўтказилган имтиҳон натижалари бекор қилинди.

15 ноябр куни ижтимоий тармоқларда докторантура учун ўтказилган чет тили имтиҳонлари вақтинча тўхталиши ва бўлиб ўтганларининг натижалари бекор қилиниши бўйича хабарлар тарқалди.

Telegram’дан скриншот.
Telegram’дан скриншот.

Шу куннинг ўзида хабарлар ўз тасдиғини топди.

Telegram’дан скриншот

Барча олий таълим муассасаларида инглиз тилидан ўтказилган тест натижалари бекор қилинди. Жумладан, Гулистон давлат университети қуйидаги расмий хабарни эълон қилди:

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 01-10/6536-сонли хатига асосан жорий йилдан бошлаб олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига танловларда миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этиши белгиланган. Унга кўра, олий таълимдан кейинги таълимга кириш истагида бўлган талабгорлар учун (миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга талабгорлар бундан мустасно) Давлат тест маркази томонидан алоҳида хорижий тилни билиш даражасини аниқлаш малака имтиҳонлари ташкил этилади. Шу муносабат билан, 2023 йил учун Гулистон давлат университетининг олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликлари бўйича чет тили фанидан 2022 йилнинг 15 ноябрь санасида ўтказилган имтиҳон бекор қилинади.

Telegram’дан скриншот

Вазирлик томонидан чиқарилган хатга кўра, докторантура йўналиши талабгорлари учун тил билиш даражасини кўрсатувчи сертификат олиш мажбурий бўлиб, унинг қандай даражада экани аҳамиятга эга эмас.

Талаб қилинган даражадаги сертификатни ўқишга кирганидан сўнг йил якунига қадар олиш мажбурияти юкланади.

Тегишли вазирлик ва идоралар томонидан чет тилини билиш даражасини аниқлаш малака имтиҳони учун ЯИДХП (my.gov.uz) орқали белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва докторантурага ҳужжат топширган талабгорлар тўғрисидаги маълумот ДТМга тақдим этилган тақдирда, улар учун алоҳида чет тилини билиш даражасини аниқлаш малака имтиҳонлари ташкил этилишини маълум қиламиз, дейилади хатда.

ДТМ томонидан чет тилини билиш даражасини аниқлаш малака имтиҳонлари жорий йил якунига қадар ҳар ойда икки маротаба ташкил этилиши режалаштирилган.

Айрим мантиққа тўғри келмайдиган ҳолатлар учрамоқда. Ихтисосликдан кўра хорижий тилнинг устувор ўринга қўйилиши қанчалик тўғри? Ундан олинган имтиҳон бекор қилиниб, қайта-қайта топширишга мажбур қилиш-чи?

Бу йилги докторантурага қабул низоми учинчи марта ўзгартирилди. Ҳар сафар тизимда янгилик бўлганида саволлар келиб чиқаверади. Айтайлик, араб тили мутахассиси бўлган ва докторлик ишини араб тили қўлёзмаларидан ёқламоқчи бўлган талабгор бошқа бир хорижий тил сертификати олиш учун вақт кетказиб нима қилади? Ахир унда биринчи манба билан тўғридан тўғри ишлаш имкони бор.

Сертификат олиш мажбурияти биринчи курс докторантига қўйилса, у бир йил давомида ўз мутахассислиги бўйича зиммасига юклатилган вазифаларни бажарадими ёки тил ўрганадими? Агар барча даражадаги сертификатлар қабул учун кифоя қилса, тил билиш даражасининг аҳамияти бўлмаса, сертификат сўрашдан нима фойда? А1 даражадаги талабгор билан С1 даражадаги сертификат олганларга бир хил балл бериладими?

Магистратура ва докторантурага кириш имтиҳонларига қатнашиш учун даражасидан қатъи назар тил сертификати олиш мантиқсизликдек кўринади. Аммо ДТМ томонидан ўтказиладиган тил даражасини аниқлаш имтиҳони тўлов (ҳар бир талабгор учун 405 минг сўм) асосида амалга оширилишини инобатга олсак, бу мантиқсизлик ортида моддий манфаат турганга ўхшайди.

Мутасаддилардан очиқ қолаётган саволларга жўяли жавоб кутиб қоламиз.

Чарос Маннонова

Мавзуга оид