Сенат сайти ҳакерлар ҳужумига учради
Ҳакерлар Киберхавфсизлик марказига “салом йўллашган”. Ҳужум натижасида сайтдаги маълумотлар ўчиб кетгани ёки йўқлиги маълум эмас.
2 ноябр куни Олий Мажлис Сенатининг расмий сайти киберҳужумга учради. Натижада сайтга кириш бир муддат имконсиз бўлиб қолди.
Бу вақтда сайтда “Киберхавфсизлик марказига саломлар” ҳамда “сизнинг тизимингиз [ҳакерлар гуруҳининг логотипи] томонидан бузиб кирилди” деган ёзув кўриниб турди.
Сенатнинг Telegram'даги расмий каналида ҳакерлар ҳужуми туфайли сайтнинг иш қобилияти бузилгани, айни пайтда сайт фаолиятини қайта тиклаш чоралари кўрилаётгани маълум қилинди.
Ҳозирда Senat.uz сайтига кирмоқчи бўлсангиз, у сизни субдоменга йўналтиради. У ерда Сенатнинг янгича дизайндаги, аммо маълумотлари анча эски сайтини кўришингиз мумкин.
“Сайтимиз ҳақиқатда киберҳужумга учрагани рост. Ҳозир АКТ бўлимимиз муаммони бартараф этиш устида ишлаяпти. Сайтни қайта тиклаш чоралари кўрилмоқда. Ҳозирча ҳакерлар ҳужуми натижасида сайтдаги қанча маълумот ўчиб кетган ёки кетмагани номаълум. Афтидан, сайт шунчаки блоклаб қўйилганга ўхшаяпти.
Ўзи Сенат сайтини янгиламоқчи эдик. Сайтнинг янги талқини тайёрланганди. Киберҳужум ортидан АКТ мутахассислари тест режимидаги сайтни вақтинча ишга тушириб қўйишди. Бу ердаги маълумотлар анча эски, янгиланмаган. Тез орада сайтнинг янги талқини ишга туширилади ва у деярли ҳозирги кўринишда бўлади. Эски сайтдаги маълумотлар ҳажми тахминан 20 гигабайтни ташкил этади. Улар янги платформаган кўчириб ўтказилиши керак”, дейди Сенат раисининг матбуот котиби Ҳожиакбар Тўлаганов.
Аввалроқ, июн ойида Олий аттестация комиссияси сайти ҳакерлар ҳужумига учраганди. Ҳужум BWT ҳакерлар гуруҳи томонидан амалга оширилгани маълум бўлганди.
2021 йилнинг январида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва вилоятдаги бир қатор туман ва шаҳар ҳокимликларининг расмий сайтлари ҳакерлар томонидан бузиб қўйилганди.
Мавзуга оид
15:48 / 20.11.2024
Сенат қўмиталарига раислар сайланди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
12:27 / 19.11.2024