Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андижонда таълим мансабдорлари қимор ўйнаётганда ушланган
Ўртада ўйин қарталари ва говга тикилган пуллар сочилиб ётган даврада Улуғнор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири, унинг ўринбосари ҳамда бир нечта мактаб директорлари бўлган. Ўйин авжига чиққан бир пайтда хонага ИИБ ходими кириб келиб, таълимдаги қиморбозларни ички ишлар бўлимига олиб кетган. Суд уларга жарима жазоси тайинлади. Судланганларнинг учтаси ишдан олинди, “РайОНО” мудири ва бир мактаб директори лавозимини сақлаб қолган.
Фото: AI
7-хонадаги байрам
2026 йил 14 январ. Балиқчи туманидаги чойхонанинг 7-хонаси. Бу ерга Ватан ҳимоячилари куни байрамини нишонлаш учун Улуғнор тумани таълим мансабдорлари йиғилди. Улар сафида “РайОНО” мудири ва мактаб директорлари бор эди.
Суд қарорида келтирилишича, ўша куни жами 6 киши – Улуғнор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири, унинг ўринбосари, ҳудуддаги 9-, 5-, 19-, 25-умумтаълим мактабларининг директорлари қимор ўйнаган. Улар қонунга хилоф равишда ўртага 5 минг сўмдан пул тикиб, қиморда иштирок этган.
Ҳолат ИИБ ходимлари томонидан аниқланиб, даврада бўлган 205 минг сўм ҳамда иштирокчиларнинг ёнида бўлган 617 минг сўм пул маблағлари, шунингдек, ўйин қартаси холислар иштирокида ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
“Қимор ўйнамадик”
Суд мажлисида судланувчиларнинг бирортаси айбига иқрорлик билдирмаган. Уларнинг бари қимор ўйнамагани ҳақида гапириб, ўша куни тушунтириш хатини имзолаб берганига турли сабаблар келтиришган.
Масалан, “РайОНО” мудири ўринбосари аслида қимор ўйнамаганини, уларни ички ишлар бўлимига олиб боришиб, қимор ўйнаганликлари бўйича ҳужжат расмийлаштирганини, 205 минг сўм пул овқат учун тўпланган маблағ бўлганини билдирган. Шунингдек, у қўрқиб кетиб, стресс ҳолатига тушиб қолгани учун тушунтириш хатини имзолаб берганини айтган.
Директордан бири ИИБ ходимлари жарима билан қутулишларини айтгани учун уларга ишониб, ўз манфаатини ўйлаган ҳолда тушунтириш хатини имзолаганини айтса, бошқаси ўша куни кўзойнаги бўлмаганини учун ўқимасдан имзолаб берганини маълум қилган.
“Энг катта акуласини ушладик деди”
Ўша куни даврада бўлганлар орасида лавозим жиҳатдан “энг каттаси” Улуғнор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири бўлган. У ҳам судда айбига иқрор бўлмасдан, директорларникига ўхшаш кўрсатма берган.
“2026 йил 14 январ куни Улуғнор туманида ҳарбий парад қилдик. Сўнг соат 20:00 лар атрофида менга қўнғироқ қилиб, байрам дастурхони қилишганини, келиб меҳмон бўлиб кетишни айтишди. Мен рози бўлиб, Балиқчи туманидаги чойхонага бордим. 7-хонага кирганимда 2 ёки 3 киши қарта ўйнаб ўтирганини кўрдим. Қанақа ўйин ўйнашаётганига қизиқмадим ва билмадим. Хонага кирганимда ҳамма мен билан ўрнидан туриб кўришди. Сўнг ош пишишини кутиб ўтирдим.
Шу вақтда ўзини ИИБ ходими деб таништирган шахс келиб, бизни видеотасвирга туширди. Кейин пулларни, телефонларни ва ўйин қарталарини олиб, бизни Балиқчи туман ИИБга олиб боришди ҳамда қимор ўйнаганимиз бўйича ҳужжат расмийлаштиришди”, деган мудир судда.
У қарта ўйнамаганини, 205 минг пул даврадан олинмаганини, бу пуллар овқат пули учун тўпланган бўлиб, тўшак тагида турганини қўшимча қилган.
“Мен дастлаб тушунтириш хати олаётганида қарта ўйнамаганимни айтдим. Шунда бизни ушлаган ИИБ ходими менга қарта ўйнаганман деб қўяверишимни, ўйнамаганман десам хабар бермаганим учун оғирроқ жазо олишимни, ўйнадим деб айтсам бир баравар (БҲМнинг бир баравари – таҳририят) жарима чиқишини айтди. Шунинг учун тушунтириш хатининг биринчи бетини ўқиб, қолган қисмини ўқимасдан имзолаб бердим. ИИБ ходимларидан бири менга нисбатан энг катта акуласини ушлаганини айтди”, деган у.
Судланувчиларнинг ҳаммаси суддан адолатли қарор чиқаришни сўраган.
Таълим мансабдорларининг қимор ўйнаётганини аниқлаган тезкор ходим ички ишлар биносида баённома расмийлаштирилиб, тушунтириш хати олинганини айтган.
“Баённома овоз чиқариб ўқиб эшиттирилди: ҳеч кимдан ҳеч қандай эътироз бўлмади. Тушунтириш хати ҳам ўзларининг сўзларидан ёзиб олинди. Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахсларнинг барчаси олий маълумотли раҳбарлар. Агар қимор ўйнамаган бўлишганида, уларни мен эмас, ўнта ходим бўлса ҳам эплаб бўлмасди. Қимор ўйнаганликлари сабабли мендан ёрдам қилишимни сўрашди ҳамда норозилик билдирмай, ички ишлар биносига ўз ихтиёрлари билан бориб, ҳужжатларга имзо қўйиб беришди. Бу ҳолатларнинг барчаси видеотасвирларда бор”, деган тезкор ходим судда.
Суд ҳуқуқбузарларнинг айби фотосуратлар, видеотасвирлар ва тўпланган бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган деб ҳисоблаган. Судланувчиларнинг барчаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддаси 1-қисми, яъни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш ҳуқуқбузарлиги бўйича айбли деб топилган. Уларнинг ҳар бири 1 млн 236 минг сўмдан жаримага тортилган.
Учтаси “вақтинча ишсиз”
Маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича суд қарори 2026 йил 30 январ куни эълон қилинган. Суд ҳужжатида судланувчиларнинг учтаси “вақтинча ишсиз” сифатида кўрсатилган. Бу улар лавозимидан озод этилганини англатади.
Жумладан, бўлим мудири ўринбосари ҳамда 9- ва 19-умумтаълим мактаблари директорлари вақтинча ишсизлик мақомида қайд этилган. Судланганлардан фақатгина бўлим мудири ҳамда 25-умумтаълим мактаби директори ўз лавозимини сақлаб қолган. Шунингдек, ўша вақтда 5-умумтаълим мактаби директори бўлган судланувчи айни шу мактабга директор ўринбосари лавозимига туширилган.
Бу илк ҳолат эмас
Таълим мансабдорлари ўртасида қартабозлик ҳолатлари аввал ҳам кузатилган.
Масалан, Намангандаги ҳолатда мактаб директори ўз хизмат хонасини қиморхонага айлантирган бўлса, Навоийда қоровулхонадан фойдаланишган, Самарқандда ҳам шуларга ўхшаш ҳолат кузатилганди. Ушбу мактаб директорларининг барчаси ўша вақтда ишдан олинган.
Мавзуга оид
12:53 / 24.02.2026
Андижон вилоятида инфратузилма лойиҳалари молиялаштирилиши кучайтирилади
09:42 / 14.02.2026
2025 йилда сабзавот етиштиришда Андижон вилояти етакчи бўлди
09:19 / 14.02.2026
Андижонда 1 млн долларлик “мефедрон” нарколабораторияси фош этилди
10:11 / 13.02.2026