Конституцияни ўзгартириш бўйича келиб тушган илк таклифлар маълум қилинди
Давлат билан муносабатлардаги барча ноаниқликларни фуқаро фойдасига талқин қилиш, ҳар кимнинг интернетдан фойдаланиш ҳуқуқини эътироф этиш, энг кам ойлик фуқаронинг оиласига ҳам етадиган бўлиши, монополияларга йўл қўйилмаслиги ва бошқа нормаларни Конституцияга киритиш бўйича таклифлар келиб тушган.
Ўзбекистонда тубдан янги конституция қабул қилиш ёки конституцияни янги таҳрирда қабул қилиш эмас, Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш режа қилинмоқда. Бу ҳақда Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов комиссиянинг 26 май куни бўлиб ўтган илк йиғилишида айтиб ўтди.
“Конституциявий ислоҳотларда 3 та масала бўлади. Биринчиси, тубдан янги конституцияни қабул қилиш, бу жаҳон амалиётида бор. Иккинчиси – мана шу конституцияни янги таҳрирда қабул қилиш, бундай ёндашув ҳам бор. Ва учинчиси – амалдаги конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан иборат.
Бизга палаталар кенгашига мана шу амалдаги Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилган”, – деди Акмал Саидов.
Йиғилишда комиссияга келиб тушган илк таклифлар ҳақида маълумот берилди.
Комиссия аъзоси, ҳуқуқшунос Мирафзал Мирақуловнинг сўзларига кўра, келиб тушган таклифлар асосан халқпарвар давлат қуриш, экология, таълим, соғлиқни сақлаш, хусусий мулк ҳимояси кабиларга оид.
Унинг аниқлик киритишича, илк таклифлар бош қомуснинг 13-, 15-, 29-, 37-, 40-, 41-, 53-, 78– ва 80-моддаларига тааллуқли. Хусусан:
- фуқаронинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларни фуқаро фойдасига талқин қилиш;
- Конституция олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан тўғри амал қилиши;
- ҳар кимнинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари ва интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги;
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (ҳозирда ойига 822 минг сўм) инсоннинг нафақат ўзи, балки оиласининг ҳам ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлиши;
- ижтимоий эҳтиёжманд қатламларни ишга жойлаштириш бўйича давлат кафолатларини белгилаш;
- давлатнинг ишсизлик ва камбағалликни тугатиш учун барча имкониятлардан фойдаланиш мажбурияти;
- ҳар бир инсоннинг соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эгалиги;
- давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги;
- коррупцияга қарши кураш бўйича парламент назоратини ўрнатиш, бу борада қаттиқ қоидаларни ёзиб қўйиш ва бошқалар.
Маълумот учун, Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштириш жараёнида фуқаролардан Meningkonstitutsiyam.uz портали, Telegram-бот ва колл-марказ орқали таклифлар йиғилади. Фуқаролар таклиф билдириш учун маҳалла идорасига ҳам бориши ёки парламент қуйи палатасига почта ёрдамида хат йўллаши ҳам мумкинлиги айтилди.
Мавзуга оид
17:18 / 14.11.2024
Электромобил бозорини қисиш учун охирги бир йилда нималар қилинди?
20:33 / 13.11.2024
«Ўзбекистон темирйўллари» 1 декабрдан юк ташиш тарифларининг вагон қисмини 30 фоизга оширади
08:08 / 07.11.2024
Монополияга қарши орган розилигисиз давлат иштирокидаги корхона ташкил этилган 4 та ҳолат аниқланди
14:06 / 26.10.2024