Ўзбекистон | 13:44 / 23.09.2024
51788
8 дақиқада ўқилади

Қайнота, курсдош ва бошқа яқинлар: 150 миллиардлик зарар ҳисобланган жиноятда Азиз Воитов нималарда айбланяпти?

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга нисбатан қўйилаётган айбловларнинг бир қисми унинг “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқаруви раиси сифатида ишлаган даврига ҳам боғлиқлиги маълум бўлди. Талон-торож қилинган кредит маблағлари, бюджет пуллари ҳамда давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 200 млрд сўмдан ошиқ. Айблов хулосасида Воитов бу ишларни асосан курсдоши, қайнотаси ва бошқа яқинлари орқали қилгани келтирилган. 

Фото: Kun.uz

Kun.uz собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна икки кишининг айблов хулосаси билан танишди. Унда келтирилишича, Воитовга қўйилаётган айбловларнинг бир қисми унинг “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқаруви раиси сифатида ишлаган даврига боғлиқ.      

Азиз Воитов 2017 йил 13 декабрдан 2020 йил 11 мартга қадар “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқаруви раиси, 2020 йил 8 июлдан “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Кузатув кенгаши раиси, 2022 йил 29 августдан 2023 йил 25 сентябрга қадар қишлоқ хўжалиги вазири сифатида фаолият юритган. Айблов хулосасига кўра, у ушбу лавозимларда ишлаб келиб, ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва мансаб сохтакорлигида ифодаланган жиноятларга қўл урган.

Жумладан, айблов хулосасида келтирилишича, Воитов 2016 йил 23 июнда курсдоши А.Ўрунбоевнинг номига “Lanell group” МЧЖни ташкил этиб, уни жамиятга номинал раҳбар сифатида тайинлаган ҳамда аслида жамият фаолиятини қайнотаси А.Каримов ва турмуш ўртоғи Г.Воитова билан биргаликда норасмий равишда бошқариб келган. У жамият фаолиятининг асосий йўналишини амалда ўзи белгилаб, ТИФ “Миллийбанк” Академик филиалидан жами 21,7 млрд сўм кредитни муаммосиз олишга эришган. Мазкур кредит олиниши учун бизнес режада калава ипларни бўяш ва ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш орқали кредитни сўндириш кўрсатилган бўлса-да, Азиз Воитов турли йўллар билан кредит маблағларини қасддан тўламай келган. Бу орқали 21 млрд 779,4 млн сўм кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Воитов “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келиб, жиноий шериклари билан тил бириктирган ҳолда гарчи салбий кредит тарихига эга бўлса-да, “Lanell Group” МЧЖга айланма маблағини тўлдириш учун гаров таъминотисиз “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Олмазор филиалидан 600 минг евро кредит олган. Бироқ 2019-2022 йиллар давомида кредит тўлов муддатини 2027 йил сентябр ойига қадар 7 маротаба ноқонуний йўллар билан узайтириб, 600 минг евро кредит маблағларини талон-торож қилган.

2018 йилда Ҳукумат топшириғи билан банк маблағи ҳисобидан Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида кўп қаватли турар жой биноси, шунингдек, Нурафшон шаҳрида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Тошкент вилоят минтақавий филиали ходимлари учун 7 қаватли турар жой биноси қурилиши белгиланган. Воитов ва унинг танишлари ушбу ишдан ҳам фойдаланиб қолишган: пудратчи тендер ўтказилган ҳолда аниқланиб, қурилиш ишларини амалга ошириш лозим бўлса-да, Азиз Воитов қонун талабларига зид равишда бино қурилишини “Beltepa master stroy” МЧЖга бериш тўғрисида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Тошкент вилоят минтақавий филиали бошлиғи ноқонуний топшириқ берган. Воитов танишлари билан режа тузиб, “Beltepa master stroy” МЧЖга “айланма маблағларини тўлдириш” ва “қурилиш моллари сотиб олиш” учун кредит ажратиш, келгусида кредит эвазига қуриб битказиладиган бинони қиммат нархларда банк балансига топшириш ҳақида келишиб олишган.

Воитов ва танишлари 2018-2019 йилларда “Beltepa master stroy” МЧЖга жами 48,5 млрд сўм миқдорда кредит ажратиб, бунинг эвазига 7 қаватли турар жой биносини қурган. Бу “иш” орқали Воитов ва унинг “жамоаси” банкнинг 32 млрд 394,7 млн сўм миқдоридаги маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.  

Азиз Воитов банк Кузатув кенгаши раиси лавозимида эканидан фойдаланиб, ўзи томонидан талон-торож қилинган банк маблағлари келгусида ошкор бўлиб қолмаслиги, шунингдек, “Beltepa master stroy” МЧЖга ажратилган кредит ҳамда банк ходимлари учун қурилган турар жой биноси банк балансига 64,5 млрд сўмга қабул қилинганидан гўёки банк зарар кўрмагандек кўрсатишни режалаштирган. У бунинг учун банк балансига олинган 7 қаватли турар жой комплексининг 2-7-қаватларида жойлашган жами 72 та турар жой хонадонни банк тизимидаги ходимларга бошланғич тўловларсиз, 15 йил муддатда бўлиб тўлаш имтиёзи асосида сотиш ҳақида Банк кредит қўмитасининг ҳамда банк Кузатув кенгашининг қарорини чиқарган. Бу орқали 72 та хонадон 15 йил муддатга бўлиб тўлаш имтиёзи билан жами 38 млрд сўмга сотилишига, шунингдек, турар жой комплексининг сотилмасдан қолган, баланс қиймати 26,5 млрд сўм бўлган ертўла ва 1-қават нотурар бино иншоотлари Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилоят худудий бошқармасига топширилишига эришган. Бунинг оқибатида банк манфаатларига 18 млрд 637,8 млн сўм зарар етказилишига сабабчи бўлган.

Айблов хулосасида Азиз Воитов қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган даврида иккита бинони яроқсиз ҳолга келтириш орқали давлат манфаатларига 133,6 млрд сўм миқдорида зарар етказилишига сабабчи бўлгани қайд этилган. Булардан бири вазирлик тузилмаси кўчиб ўтиши белгиланган Тошкент шаҳри Миробод тумани Шаҳрисабз кўчаси 36-уйда жойлашган 230,4 млрд сўмга баҳоланган маъмурий бино ҳамда иккинчиси Тошкент давлат Аграр университетининг таъмирталаб бўлгани сабабли охирги ўн йиллар давомида фойдаланилмай келинган 3 та ётоқхонаси. Собиқ вазирнинг топшириғи билан бу биноларда ноқонуний тарзда демонтаж ишлари олиб борилиб, бинолар яроқсиз аҳволга келтирилган.

Бундан ташқари, айблов хулосасида Воитов вазирлик даврида “Сhipland” МЧЖ манфаатларига 2 млрд 388,7 млн сўмлик зарар етказган, жами 4,8  млрд сўм бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани айтилади.

Собиқ вазир терговдаги кўрсатмасида қўйилаётган айбловларга қисман иқрор эканини билдирган.

Lanell Group” МЧЖга 22 млрд сўм ва 600 минг евро кредит олинганини кейинчалик билганман, ушбу жамиятга кредит ажратилишига умуман аралашмаганман. “Lanell group”, “Ostex ttz”, “Rainbow-teks” МЧЖларга алоқам йўқ. Бу завод менга тегишли эмас. А.Ўринбоев шу кунга қадар завод менга тегишли эканини айтиб, туҳмат қилмоқда.

“Beltepa master stroy” МЧЖ ҳақида олдин маълумотга эга бўлмаганман. Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Тошкент вилоят минтақавий филиали ходимлари учун турар жой ва банк маъмурий биносини қуриш бўйича топшириқ бўлганди. Шундан сўнг банк ходимлари учун турар жой биноси ва банк маъмурий биноси қурилганлигини, ходимлар учун турар жой қурувчиси “Beltepa master stroy” МЧЖ қандай танланганидан хабарим йўқ. Қурувчини мен топмаганман. “Beltepa master stroy” МЧЖ таъсисчиси қайнотам А.Каримов бўлганини тергов бошланганидан сўнг билдим. Банк ходимлари учун турар жой кредит ҳисобига қурилганини билардим, аммо кредит ажратиш жараёнлари, таъминотларидан хабарим йўқ эди. Уй қуриб бўлинганидан сўнг ходимларга сотилганидан хабардорман“, деган Азиз Воитов.

Шунингдек, у кўрсатмасида қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган даврида “Ўздонмаҳсулот” АКга қарашли бинони бош вазир ўринбосари Ж.Хўжаевнинг рухсати билан демонтаж қилганини, унга ишонганидан чуқур афсусдалигини маълум қилган.

Аввалроқ собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна 49 кишига нисбатан суд иши бошлангани хабар қилинганди. Ушбу суд ишида журналистларга фото ва видеога олиш тақиқланди. Антикоррупция агентлиги мазкур ишда суд мажлислари очиқ тарзда ўтказилиши мақсадга мувофиқлигини билдирди. Аммо собиқ вазир ва бошқаларга нисбатан суд иши барибир ёпиқ тарзда кўриладиган бўлди.

Мавзуга оид