Тошкентда автобуслар сони кўпайтирилмоқда. Лекин улар орасида харид қилиниши тақиқланганлари ҳам бор
15 декабр куни йўналишларга 900 дан ортиқ автобуслар чиқарилди. 16 декабрда уларнинг сони 1000 тага етказилиши кўзда тутилган. Пойтахт кўчаларига чиқарилган автобуслар орасида 2018 йилдан сотиб олиниши тақиқланганлари ҳам бор.
13 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти тизимидаги 18-автобус саройида бўлиб, жамоат транспорти муаммоларини кескин танқид қилган, масъулларга бир қанча кўрсатмалар берганди. Жумладан, март ойига қадар мингта катта сиғимли автобуслар олиб келиниши кераклиги айтилганди.
Шундан сўнг, президент топшириғи билан тизимдаги муаммоларни бартараф этиш, аҳолига қулай транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш бўйича идоралараро тезкор штаб тузилди.
Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармасининг 15 декабрдаги хабарига кўра, 14 декабр куни тезкор штаб йиғилиши ўтказилган, унда мавжуд йўналишлар инвентаризацияси ўтказилиб, йўналишлар бўйлаб йўловчилар оқими шаклланиши, ҳаракатланувчи таркибларнинг техник ҳолати ва ҳайдовчиларнинг мавжудлиги ўрганилган.
«Тасдиқланган йўналиш ҳужжатларига мувофиқ, автобусларнинг ҳаракатланиш интервалларини қисқартириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида техник носоз ҳолатда бўлган автобусларни яроқли ҳолга келтириш чоралари кўрилди», – дейилади бош бошқарма хабарида.
14 декабр куни қўшимча 20 дона MAN A22 русумли юқори сиғимли автобуслар, 15 декабр куни эса яна 100 дона Isuzu (SAZ HC40) автобуслари олиб келинган.
Ҳолбуки президентнинг 2017 йил 1 декабрда қабул қилинган ПФ-5270-сон фармони билан 2018 йил 1 мартдан ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олиш тақиқланиши белгилаб қўйилганди. Маълумотларга кўра, Isuzu ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган.
Шунингдек, худди шу куни 190-сонли автобус йўналишида Isuzu русумли автобуслар ўрнига 10 дона MAN RR3 русумли сайёҳлик автобуслар қатнови йўлга қўйилган. 190-сонли автобус йўналишидаги автобуслар эса ҳаракат таркиби кам бўлган йўналишларга вақтинчалик бириктирилган. Айнан қайси йўналишларга бириктирилгани эса очиқланмаган.
Бундан ташқари, 15 декабрдан бошлаб 181-сонли йўналишга 8 та, 120-сонли йўналишга 3 та ва Э-1 тезкор йўналишга 5 та Yutong русумли «Ўзавтотранссервис» МЧЖ автобуслари жалб этилгани ҳам маълум қилинди.
Жами ҳисобланганда, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан 944 та автобус йўналишга чиқарилгани айтилмоқда. Пойтахт транспорт бош бошқармасига кўра, 16 декабр куни автобуслар сонини 1000 тага етказиш режалаштирилган.
ИИВ маълумотига кўра эса жами йўналишга жалб қилинган автобуслар сони 945 тага етказилган. Автопаркларга Ички ишлар вазирлиги тасарруфида бўлган 30 та Isuzu русумли йўловчи ташувчи автобуслар ажратилган. 15 декабр куни қўшимча 75 та автобус таъмирланиб, йўналишларга чиқарилган.
Вазирликнинг таъкидлашича, бу жараёнда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга тегишли 8 та автобус саройлари ва йўналишларга Ички ишлар вазирлигидан 212 нафар ходим жалб этилиб, вазирлик қарамоғига шаҳарнинг 7, 8 ва 18-сонли автобус саройлари бириктирилган.