Ўзбекистон | 10:55 / 17.06.2021
12574
2 дақиқада ўқилади

1 июлдан мансабдорларнинг автомобил сотиб олиш ва меҳмон кутиш харажатлари очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилади

«Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони имзоланди.

Унга мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қўшимча вазифалар юклатилди. Хусусан, агентлик тузилмасида Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилади.

Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бузаётган айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради.

Шунингдек, 2021 йил 1 июлдан бошлаб расмий веб-сайт ва очиқ маълумотлар порталида қуйидаги маълумотлар жойлаштирилади:

  • мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);
  • солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар олган субъектларнинг молиявий кўрсаткичлари ва якуний бенефициарлари;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари.
Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид