Ўзбекистон | 21:04 / 27.11.2024
7772
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари қанча ойлик олади?

1 октябр ҳолатига, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларининг ўртача маоши 3 млн 300 минг сўмни ташкил этган. Бу – мамлакатдаги ўртача ойлик иш ҳақидан 36 фоизга кам. Иш ҳақининг камлиги малакали шифокорларнинг хорижга чиқиб кетишида асосий омиллардан бири бўлмоқда.

Қонунчилик палатасининг 2025 йилги давлат бюджети лойиҳаси кўриб чиқилган 26 ноябр кунги мажлисида депутат Қизилгул Қосимова тиббиёт ходимларининг ойликларини ошириш масаласини кўтарди.

Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, ҳукумат тиббиёт соҳаси бўйича “кимга ва нима учун юқори ойлик тўлаш” масаласида бош қотирмоқда, аммо бу борада аниқ режа ҳали ишлаб чиқилмаган.

Хўш, айни пайтда вазият қандай?

Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари қанча ойлик олади?

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 1 октябр ҳолатига, соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларининг ўртача маоши 3 млн 300 минг сўмни ташкил этган. Бу – мамлакатдаги ўртача ойлик иш ҳақи (5 млн 151 минг сўм)дан 36 фоизга кам.

Тўғри, бошқа тармоқларда бўлгани каби тиббиёт соҳаси вакилларининг ҳам иш ҳақи охирги йилларда сезиларли ошди. Масалан, 2020-2024 йилларнинг мос даври оралиғида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўртача маошлар 84 фоизга (1 млн 793 минг сўмдан 3 млн 330 минг сўмга) кўпайган. Аммо бошқа соҳаларга нисбатан бу кўрсаткич жуда ҳам паст. Таққослаш учун, ушбу даврда банк ва суғурта фаолиятида банд бўлган ходимларнинг ойлик маоши 2,5 баробарга (5 млн 814 минг сўмдан 14 млн 488 минг сўмга), ахборот ва алоқа соҳаси вакилларининг маоши эса қарийб 3 баробарга (4 млн 306 минг сўмдан 12 млн 799 минг сўмга) кўтарилган.

2024 йилда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимига 33,4 трлн сўм (шундан 26,2 трлн сўми иш ҳақи ва ижтимоий солиқлар учун) ёки ялпи ички маҳсулотнинг 2,6 фоизи миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган. 2025 йилда эса тиббиёт соҳасига ажратилаётган умумий маблағ 41,3 трлн сўмгача оширилади (шундан 30,1 трлн сўми иш ҳақи ва ижтимоий солиқлар учун), аммо ЯИМга нисбатан бу миқдор 2,5 фоизгача камаяди.

Қиёслаш учун, жорий йилда қўшни Қозоғистонда соғлиқни сақлаш соҳасига 3,4 трлн тенге (қарийб 6,8 млрд доллар) ёки ЯИМга нисбатан 2,8 фоиз, Россияда эса 6,7 трлн рубл ёки ЯИМга нисбатан 3,7 фоиз миқдорида пул ажратилиши кўзда тутилган.

Ушбу мамлакатларда тиббиёт соҳаси ходимларининг ойлиги Ўзбекистонга нисбатан бир неча баробарга баланд.

Малакали шифокорлар хорижга чиқиб кетяпти

Хавфсизлик ва соғлиқни сақлаш бўйича мамлакатлардаги ҳолатни ўрганувчи International SOS'нинг 2023 йилнинг декабр ойида эълон қилган охирги ҳисоботида Ўзбекистон тиббиёт йўналишида юқори даражали хавф остидаги мамлакатлар қаторидан жой олган. Бундай ёмон кўрсаткич қайд этилишига сабаблардан бири сифатида маошларнинг камлигини кўрсатиш мумкин.

Меҳнатга яраша ҳақ тўланмаслик ортидан малакали ўзбек шифокорларининг бир гуруҳи хорижга чиқиб кетган. Хорижда ишлаётган ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг сони 5-10 минг нафарни ташкил этиши мумкин. Бу рақамлар кейинги йилларда ортиши кутилмоқда. Хусусан, жорий йилда Буюк Британия ва Германия каби мамлакатлар юқори маош эвазига Ўзбекистондан тиббиёт ходимларини ишга жалб қилиш бўйича таклиф билан чиқишди.

Айни пайтда ушбу мамлакатларга кетиш илинжида тил ўрганаётган малакали мутахассисларни кўплаб учратиш мумкин. Улар қийин иш шароитлари, замонавий тиббий жиҳозларнинг етишмаслиги ва малака ошириш имкониятларининг чекланганини айтишади. Хорижий меҳнат бозорларида эса бу жиҳатлар анча яхши.

Ривожланган мамлакатларда шифокорнинг иш ҳақи қанча?

Алоҳида таъкидлаш лозимки, шифокорлик дунё бўйлаб энг нуфузли ва масъулиятли касблардан бири ҳисобланади. Шунга мос равишда кўплаб давлатларда тиббиёт ходимларига юқори маош таклиф этилади.

Шу билан бирга, шифокорларнинг маоши мамлакатнинг иқтисодий ҳолати, соғлиқни сақлаш тизимининг ривожлангани, малака талаблари ва бошқа кўплаб омилларга боғлиқ.

Солиқларни ҳисобга олмаганда, ривожланган давлатларда малакали умумий амалиёт шифокорининг йиллик маоши қуйидагича:

  • АҚШ: 180 – 230 минг доллар;
  • Люксембург: 140 – 200 минг доллар;
  • Швейцария: 200 – 250 минг доллар;
  • Германия: 100 – 150 минг доллар;
  • Австралия: 100 – 200 минг доллар;
  • Норвегия: 100 – 180 минг доллар;
  • Нидерландия: 120 – 150 минг доллар;
  • Канада: 100 – 200 минг доллар;
  • Дания: 90 – 160 минг доллар;
  • Исландия: 100 – 150 минг доллар.

Очиқ маълумотлар асосида
Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид