Ўзбекистон | 11:29 / 26.07.2025
4040
4 дақиқада ўқилади

Бош режа ўзгартирилиши мумкин, фақат тадбиркорнинг ғояси билан эмас – Қурилиш вазирлиги

Қурилиш вазирлиги етти ой олдин қабул қилинган Тошкент бош режаси ўзгартирилиши мумкинлигини тасдиқлади. Аммо бу жараён алоҳида тадбиркорнинг хоҳишига кўра эмас, балки илмий ёндашувлар ва жамоатчилик фикри асосида амалга оширилиши маълум қилинди. 

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрининг узоқ йиллар кутилган, 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 декабр кунги қарори билан тасдиқланган эди. Қарорда бундан буён ҳар қандай қурилиш ишлари тасдиқланган бош режа асосида бўлиши белгиланган.

Орадан ярим йил ўтиб, 2025 йил 9 июл куни Спот нашри Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Азиз Халиловга таяниб пойтахт бош режаси ўзгартирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Халилов бу ҳақдаги саволга “бундай эҳтимол мавжуд” деб жавоб берган ва якуний қарор эксперт хулосалари асосида қабул қилинишини айтган.

“Ҳозир Тошкент бош режасига ўзгартиришлар киритиш мақсадида таҳлиллар олиб борилмоқда. Амалдаги ҳужжатда айрим ҳудудлар учун бино баландлигига оид эскирган ҳисоб-китоблардан фойдаланилган. Масалан, бош режада 5 қаватгача баландлик кўрсатилган, амалда эса бу ҳудудларда 16 қаватгача қурилиш қилса бўлади”, – деган вазирлик бошқарма бошлиғи.

17 июл куни Савдо-саноат палатасидаги очиқ мулоқотда қурилиш соҳасидаги тадбиркор Мурод Назаров ҳам шу ҳақда гапирди.

“Мана, худо хоҳласа, кутяпмиз: Тошкент шаҳрининг бош режаси коррекция бўляпти. Худо хоҳласа, яқинда чиқиб қолади”, деди Мурод Назаров дарахтлар кесилишига мораторийни бекор қилиш ҳақидаги шов-шувли таклифини айтишдан олдин.

Пойтахт бош режасини ўзгартириш Қурилиш вазирлигининг кун тартибида йўқ, тадбиркорларнинг бу борадаги таклифлари кўриб чиқилмайди, дея маълум қилди вазир ўринбосари Даврон Одилов Kun.uz билан 23 июл кунги суҳбатда.

“Унақа нарса (Тошкент бош режасини ўзгартириш – таҳр.) бизнинг кун тартибимизда йўқ. [Мурод Назаров] вазирлик ҳақида гапирмади. Расмийлар тўғрисида ҳам, Қурилиш вазирлиги тўғрисида ҳам гапирмади. Бош режани ўзгартириш ҳақида ҳам гапирмади. “Бош режани коррекция қилишга таклиф бермоқчимиз”, деди. Ҳали ундан ҳеч қанақа таклиф ҳам келиб тушгани йўқ, биз уни ҳали кўриб чиққанимиз йўқ, кўриб чиқмаймиз ҳам. Қурилиш вазирлигининг кун тартибида йўқ”, – деди Одилов.

Юқоридаги келтирилган фикрларга аниқлик киритиш мақсадида Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати қўшимча изоҳ берди.

“Вазир ўринбосари "бош режага ўзгартириш киритилмайди", деганда тадбиркорнинг ўзгартириш киритилиши режалаштирилган «коррекцияси» ҳақидаги фикрига жавоб берган. Тадбиркорнинг таклифи ёки тадбиркор ғояси билан бош режа ўзгартирилмайди. Балки бош режа доимий такомиллашиб борадиган жараён.

Қайд этиш лозимки, вазир ўринбосари шаҳарнинг бош режаси такомиллашуви ҳақида гапирмаган. Тадбиркор назарда тутган шахсий манфаатидаги маълум бир ўзгаришни назарда тутган”, дейилади расмий муносабатда.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, бош режани ишлаб чиқишда илмий асослар, шаҳарсозлик талаблари ва жамоатчилик фикри устувор аҳамият касб этади. 1969 йилда ташкил этилган “Тошкентбошпланлити” институти ушбу жараёнда доимий равишда илмий изланишлар олиб боради ва Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳарларининг бош режаларини такомиллаштиради.

“Тадбиркордан келиб тушган таклиф ёки буюртма асосида бош режага ўзгартириш киритилмайди. Вазир ўринбосарининг жавоби бошқарма бошлиғининг фикрини рад этмайди. Аксинча тўлдиради. Бош режа тадбиркорнинг фикри билан ўзгарадиган ҳужжат ҳисобланмайди”, дея хулоса қилинган.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид