24 декабр куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 880-сонли қарори билан, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси тасдиқланди.
Режада маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида пойтахтдаги аҳоли пунктлари консервация, реконструкция ва реновация зоналарига ажратилган.
Эндиликда ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш тасдиқланган бош режа асосида, белгиланган тартибда ушбу ҳудуднинг мастер-режаси, батафсил режалаштириш лойиҳаси ёки қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тасдиқлаган ҳолда амалга оширилади.
Бош режани ишлаб чиқишдан асосий мақсадлар қуйидагилар:
- қурилишга рухсат бериш жараёнларини тартибга солиш;
- шаҳарнинг муҳандислик хамда йўл-транспорт инфратузилмасини, умумий стратегиясини режалаштириш;
- шаҳарнинг яшил ва санитар ҳимояланадиган ҳудудлари хамда маданий меросини муҳофаза қилиш;
- иқтисодий-ижтимоий ривожланиш йўналишларини белгилаш; аҳолининг бугунги ва истиқболдаги талабларини қаноатлантириш.
Бош режа шаҳарнинг мавжуд меъморий-фазовий ва режавий маълумотларини ўз ичига олган рақамли «Геоахборот тизими» (GIS) платформасида шакллантирилган ҳолда ишлаб чиқилган. Шунингдек, демографик тенденциялар бўйича тадқиқотлар ўтказилган.
«Миграция ва табиий ўсиш маълумотларига асосланиб, инфратузилма ва турар жой лойиҳалари, шу жумладан, транспорт ва муҳандислик тармоқларини ортиқча юкланишдан ҳимоя қилиш режалаштирилди», – дейилади ҳукумат қарорида.
Бош режага кўра, пойтахт Тошкентнинг маъмурий чегаралари доирасидаги ҳозирги умумий майдони 43 минг 873 гектарни ташкил этади. Аҳоли сони 3 миллион бўлиб, 2045 йилгача 7,4 миллион кишигача етиши мумкин.
Соддалаштирилган кўринишдаги Бош режа Тошкент шаҳри ҳудудларини куйидаги зоналарга ажратиб беради:
Консервация зоналари – шаҳарнинг экологик ва санитария ҳолатини шунингдек, маданий-маърифий ва ижтимоий шароитларни яхшилашга қаратилган холла, яшил ҳудудлар, сув ва йўл бўйи ҳимоя ҳудудлари хамда маданий мерос майдонлари муҳофаза қилинади ва ушбу ҳудудларда қўшимча турар ва нотурар бино хамда иншоотлар қурилиши тақиқланади.







