Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вазир ўринбосари Тошкентнинг бош режаси ўзгаришини рад этди. Лекин акс баёнотлар ва лойиҳалар кўп
Пойтахт бош режасини ўзгартириш Қурилиш вазирлигининг кун тартибида йўқ, тадбиркор Мурод Назаровнинг бу борадаги таклифи кўриб чиқилмайди, дея маълум қилди вазир ўринбосари Даврон Одилов Kun.uz билан суҳбатда. Бу – аввалроқ янграган баёнотлар, хусусан вазирлик бошқарма бошлиғининг гапларини рад этади. Тошкентда бош режага зид эканига қарамай, илгари сурилаётган лойиҳалар рўйхати узайиб бормоқда.
Тошкент шаҳри бош режасига ўзгартириш киритиш масаласи Қурилиш вазирлигининг кун тартибида йўқ. Бу ҳақда Kun.uz мухбирининг саволига жавобан вазир ўринбосари Даврон Одилов маълум қилди.
Бу билан у аввалига вазирлик бошқарма бошлиғи, кейин қурилиш соҳасидаги тадбиркор Мурод Назаров айтган гапларни инкор қилди.
“Унақа нарса (Тошкент бош режасини ўзгартириш – таҳр.) бизнинг кун тартибимизда йўқ. [Мурод Назаров] вазирлик ҳақида гапирмади. Расмийлар тўғрисида ҳам, Қурилиш вазирлиги тўғрисида ҳам гапирмади. Бош режани ўзгартириш ҳақида ҳам гапирмади. “Бош режани коррекция қилишга таклиф бермоқчимиз”, деди. Ҳали ундан ҳеч қанақа таклиф ҳам келиб тушгани йўқ, биз уни ҳали кўриб чиққанимиз йўқ, кўриб чиқмаймиз ҳам. Қурилиш вазирлигининг кун тартибида йўқ”, – деди Одилов Kun.uz мухбири билан 23 июл кунги суҳбатида.
Тошкент шаҳрининг узоқ йиллар кутилган, 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 декабр кунги қарори билан тасдиқланган эди. Қарорда бундан буён ҳар қандай қурилиш ишлари тасдиқланган бош режа асосида бўлиши белгиланган.
Орадан ярим ўтиб, 2025 йил 9 июл куни Spot нашри Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Азиз Халиловга таяниб пойтахт бош режаси ўзгартирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Халилов бу ҳақдаги саволга “бундай эҳтимол мавжуд” деб жавоб берган ва якуний қарор эксперт хулосалари асосида қабул қилинишини айтган.
“Ҳозир Тошкент бош режасига ўзгартиришлар киритиш мақсадида таҳлиллар олиб борилмоқда. Амалдаги ҳужжатда айрим ҳудудлар учун бино баландлигига оид эскирган ҳисоб-китоблардан фойдаланилган. Масалан, бош режада 5 қаватгача баландлик кўрсатилган, амалда эса бу ҳудудларда 16 қаватгача қурилиш қилса бўлади”, – деган вазирлик бошқарма бошлиғи.
17 июл куни Савдо-саноат палатасидаги очиқ мулоқотда қурилиш соҳасидаги тадбиркор Мурод Назаров ҳам шу ҳақда гапирди.
“Мана, худо хоҳласа, кутяпмиз: Тошкент шаҳрининг бош режаси коррекция бўляпти. Худо хоҳласа, яқинда чиқиб қолади”, деди Мурод Назаров дарахтлар кесилишига мораторийни бекор қилиш ҳақидаги шов-шувли таклифини айтишдан олдин.
У эртасига Kun.uz'га берган интервюсида ҳам шуни такрорлаб, масъуллар бош режага “тузатишлар киритиш” устида иш олиб бораётганини айтди.
“Охирги корректировка киритилишини биз қурувчилар ҳам, ҳамма кутиб ўтирибди. Чунки эълон қилинганидан кейин майда-чуйда қаердадир инобатга олинмаган жойлар чиқиб келди ва бу кўпроқ аҳоли ва тадбиркорлар тарафидан асосли эътирозларга сабаб бўлди. Қурилиш вазирлиги ва барча ташкилотларга минг раҳмат, бу нарсага оқиллик билан ёндашиб, ҳақиқатан ҳам майда-чуйда нарсаларда камчилик борлигини кўрган ҳолда, ўша нарсалар корректировка бўляпти”, – деди Мурод Назаров.
Бош режага зид бўлишига қарамай, илгари сурилаётган йирик қурилиш лойиҳаларидан ҳозиргача бир нечтаси маълум. Улар шаҳарнинг марказий нуқталарида жойлашган ва бош режада рухсат этилганидан каррасига баланд қилиб лойиҳалаштирилган:
▪️Ислом Каримов кўчасидаги “Фотон” заводи ўрнида 53 қаватли (Nest One'дан ҳам баландроқ) мажмуа; ташаббускор – “Фотон” АЖ, лойиҳа қиймати – 175 млн доллар:

▪️Бешёғоч бозори ўрнида 30 қаватгача бўлган бинолар мажмуаси; ташаббускор – Тошкент шаҳар ҳокимлиги, лойиҳа қиймати – 461 млн доллар:

▪️Тарас Шевченко кўчасидаги собиқ Геология қўмитасининг биноси ўрнида 30 қаватгача бўлган бинолар мажмуаси; ташаббускор – “Xamkar Inshaat” МЧЖ, лойиҳа қиймати – 180 млн доллар:

▪️Сеул кўчасида Ritz Carlton бренди остида камида 30 қаватли меҳмонхона; ташаббускор – “PD Estates” МЧЖ ХК; лойиҳа қиймати – 200 млн доллар;
▪️Бунёдкор кўчасида, “Катта Қозиробод маҳалласи ҳудудида ҳар бири камида 30 қаватли эгизак бинолар; ташаббускор – TSC-HK-Investment (Хитой), лойиҳа қиймати – 340 млн доллар;
▪️Шота Руставели кўчасидаги Grand Mir меҳмонхонаси ўрнида 30 қаватгача бўлган бинолар мажмуаси:
Бу лойиҳалар бўйича тақдимотлар – Тошкентнинг кўплаб маҳаллаларида энергетика инфратузилмаси ёз жазирамаси билан боғлиқ юкламани кўтара олмаётгани сабаб электр таъминотида узилишлар кузатилаётгани фонида рўй бермоқда.