Ўзбекистон | 22:25 / 13.09.2025
14158
10 дақиқада ўқилади

Ошадиган пенсия ёши, қирғин келтирган авария ва “дов”да болалар ҳақи — ҳафта дайжести

Мактабларда 12 йиллик таълимга ўтиладиган бўлди, Сариосиёнинг “виждонли” аёл “замҳокими” тумандошларини пахта теримига мажбурлаши ортидан 20 млн жаримага тортилди, яқин истиқболда эркаклар пенсия ёши 63 га, аёлларники эса 58 га кўтариладиган кўринади. Самарқанддаги давлат боғчалари таъминоти хавф остида қолгани айтилмоқда.    

Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш режалаштириляпти

Пенсия жамғармаси ижрочи директори Муродбек Отажоновга кўра, эркаклар учун пенсия ёши ҳозирги 60 ёшдан 63 ёшга, аёллар учун эса 55 ёшдан 58 ёшга оширилиши режалаштириляпти. Бу жараён босқичма-босқич амалга оширилиб, ҳар йили 6 ойдан қўшиб борилиши мумкин. Пенсия жамғармаси директори мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги ортиб бораётганини қайд этди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда бу кўрсаткич 75 йилни ташкил этяпти.

Отажоновнинг қўшимча қилишича, пенсия ёшини ошириш бўйича якуний қарор ҳали қабул қилингани йўқ. Пенсия жамғармаси аҳолининг пенсия тизимини ислоҳ қилишга оид таклифларини йиғиш учун махсус платформа ишга туширишни режалаштиряпти. Таклифлар бир ой давомида қабул қилинади. Сўнг уларни ўрганиб чиқиб, қайта муҳокамадан ўтказиш, зарур ўзгартиришлар киритиш ва пенсия ислоҳоти лойиҳасини жамоатчиликка расман тақдим этиш кўзда тутилган.

Мактабларда 12 йиллик таълим: бу қандай бўлади?

Ўзбекистонда 12 йиллик умумий таълим жорий этилади. Айтишларича, 12 йиллик таълим қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:

- 1 йил мактабга тайёрлов;

- 4 йил бошланғич таълим;

- 5 йил базавий умумий ўрта таълим (5-9-синфлар);

- 2 йил умумий ўрта таълим (мактаблар, академик лицейлар, ҳарбий мактаблар ёки техникумларда).

Бу янгилик давлат раҳбари ҳузурида таълим соҳаси бўйича ўтказилган селектор йиғилиши олдидан эълон қилинди.

Ушбу селекторда яна қатор янгиликлар ҳам айтилди. Жумладан, энди мактабларда маслаҳатчи лавозими жорий этилади. Таъкидланишича, маслаҳатчилар ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишига қараб, тил, касб, муҳандислик, ижод, санъат ва спорт тўгаракларини ташкил қилади. Унинг маоши мактаб директори ўринбосари лавозим маошига тенглаштирилади, менежерлик сертификатига эга бўлган мактаб маслаҳатчиларига ҳар ой 30 фоиз миқдорида қўшимча устамалар тўланади.

Боғча тарбиячилари ишлаб туриб ҳам бакалавр даражасини олиши мумкин бўлади. Бунинг учун ўрта педагогика олийгоҳларида махсус маълумотга эга тарбиячиларга мўлжалланган бакалавриатнинг алоҳида шакли жорий этилади: тарбиячи “1+5” шаклида ҳафтада 1 кун ўқиб, 5 кун ишлайди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, хусусий боғча билан давлат боғчаси учун таълим-тарбия сифати бўйича ягона ёндашув йўқ. Шу муносабат билан келгуси йилда ҳар бир вилоятда боғча тарбиячилари педагогик маҳоратини оширишга методик кўмаклашувчи таянч “Янги авлод” боғчалари барпо қилинади.

Касбий таълим агентлиги очилади. Президент ҳокимларга келаси йил 9-синф битирувчиларининг камида 50 фоизини техникумларга қамраб олиш топшириғини берди. Касбга ўргатишда Хитой тажрибасини жорий этиш учун ҳар бир вилоятда 2 тадан “Ўзбекистон–Хитой устахонаси” очилади. Тил ўргатиш учун юздан ортиқ хитойликлар таклиф этилади.

Бу ишларни олиб бориш учун Касбий таълим агентлиги ташкил қилинадиган бўлди.

Дарвоқе, селекторда олий таълим вазирининг барча ўринбосарлари бирваракайига ишдан олингани бўлди. Манбаларимиз бу “тозалаш”нинг сабаби яқинда айрим олий таълим муассасаларининг лицензиялари билан боғлиқ муаммо ортидан бўлганини айтмоқда.

ФИФА президенти Ўзбекистонда бўлди

Якунланган ҳафтада ФИФА президенти Жанни Инфантино Ўзбекистонга келди. У ташрифи чоғида президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, унга давлат раҳбарининг исм-шарифи ёзуви туширилган махсус тўп совға қилди. Ўз навбатида ФИФА раҳбари “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.

Ўша куни Тошкентда ўтган CAFA Nations Cup – 2025 турнири финалида  Ўзбекистон ва Эрон тўқнаш келди. Ўзбекистон миллий жамоаси қарийб бутун ўйин давомида рақибдан бир футболчи кўп бўлиб ўйнади, аммо ғалаба голини сўнгги дақиқада урди ва шу билан турнир ғолибига айланди.

Ўйиндан кейин президент Шавкат Мирзиёев ва ФИФА раҳбари Жанни Инфантино совриндор футболчиларга медалларни ва кубокни топширди.

“Пахта – 2025”: мажбурий меҳнатга “старт”!

Пахта теримида мажбурий меҳнат барҳам топгани ҳақида юксак минбарларда баралла айтилаётган бир пайтда Сурхондарёда туман ҳокими ўринбосари одамларни худди эски даврлардаги каби теримига мажбурлаш билан овора.

“Аёлмисан-йўқми, ноинсоф?” Виждонсиз! Келсанг кел, мана бу ёққа тез-тез, ишлагинг келмаса, йўқол, кет!” дейди Сариосиё туман ҳокимининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари Дилфуза Тошматова маҳалла фаолларининг Telegram гуруҳига юборган видеоли хабарида.

Амалдор хоним ташқарида 21-аср эканини унутган кўринади чоғи – босим ва дағдағалари акс этган видео интернетда тарқалиб кетгач, тегишли идоралар унинг танобини тортиб қўйди.

Дилфуза Тошматова Бандлик ва меҳнат бўйича давлат ҳуқуқ инспекторининг қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси тартибида 20 млн 600 минг сўмлик жаримага тортилди.

Kun.uz ўз манбалари орқали кузатиб турган онлайн платформадан кўринишича амалдор ҳозирча жаримани тўламаган. 

Бўстоннинг порахўр “замҳокимлари”

Антикоррупция агентлиги рейтингларида энг кўп коррупциялашган ҳудуд сифатида юқори ўринларда юрадиган Андижон вилояти ҳали-бери бу “рейтинглардаги ўрнини” бергиси келмаётган кўринади

Ўтган ҳафтада вилоятнинг Бўстон тумани ҳокимининг бирйўла икки ўринбосари пора билан ушлангани маълум бўлди. Ҳокимнинг инвестиция ва қишлоқ хўжалигига масъул ўринбосарлари ўзаро тил бириктириб, 65 млн сўм пора олганликда айбланиб, қамоққа олинди. Улар фермер хўжалигининг 500 минг долларлик экспорт режасини фиктив операциялар билан ёпиб бермоқчи бўлишган.

Ўтган йили ҳам Бўстон ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган шахс 10 минг доллар билан қўлга тушганди.

Ангрен фожиаси ва ҳисобсиз қурбонлар

7 сентябр куни Ангрен шаҳрида қирғинга тенг йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. А-373 «Тошкент–Ўш» халқаро автомобил йўлининг 93-километрида цемент ташувчи Shacman русумли юк автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида ҳаракат йўналишидаги темирйўл кесишмасида тўхтаб турган икки юк автомобили ва бешта енгил автомашина билан тўқнашган. Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ёнғин юзага келган.

Вафот этганлар ва жабрланганлар ҳақида аниқ ахборот берилгани йўқ: Ички ишлар вазирлиги ҳодиса оқибатида 7 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этганини маълум қилди. Аммо Фарғона вилояти ҳокимининг Вазирлар Маҳкамаси фармойиши ижросини таъминлашга оид фармойишида Ангрендаги ҳодисада 11 киши вафот этгани ҳақида қайд мавжуд. Аммо бу ҳақида на Ички ишлар вазирлиги, на Прокуратура расмий маълумот бергани йўқ. Ҳокимнинг фармойиши ҳам кўп ўтмай e-qaror базасидан ўчириб юборилган.

Kun.uz манбалари эса аслида вафот этганлар сони 13 кишига етганини айтди. Ички ишлар вазирлиги расмийлари бу рақамни тасдиқламади.

Ҳозирда вазиятни тўлиқ ўрганиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда оғир оқибатларга олиб келган шарт-шароитларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди.

Чилонзорда минорали кран қулади

Чилонзор туманидаги турар жой мажмуаси қурилиш майдонида минорали кран қулаб тушди. Ҳолат 8 сентябр куни содир бўлган. Ҳодиса оқибатида 1 киши ҳалок бўлган. Шунингдек, тан жароҳати олганлар ҳам бор. 

Маълум бўлишича, кран қулаган ҳудудда “Omega-agro stroy” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари олиб борилаётган бўлган. Аммо кран ёрдамчи пудратчи сифатида ишлаган бошқа фирмага тегишли бўлган.

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига кўра, монтаж ишлари олиб борилаётганда краннинг таянч оёқларини асосга ўрнатиб ушлаб турувчи қисми мустаҳкам қотирилмаган. Шу сабабли краннинг кейинги қисмини қўйиш учун ҳаракатланиш даврида кран бир томонга оғиб кетган ва унинг асосга қотирилмаган 2 та оёғи кўтарилиб кетиши оқибатида ерга қулаган.  

Ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 257-моддаси тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тирсакобод маҳалласида яшовчиларнинг айтишича ушбу қурилиш объектида олдин ҳам бахтсиз ҳодисалар юз берган.

Самарқанд боғчаларига музлатилган ва ҳидланган гўшт етказилгани айтилмоқда

Болалар ҳақидан қўрқмайдиган айрим учарлар энди уларнинг соғлигини ҳам таҳликага қўя бошлади. Самарқанд вилоятидаги боғчаларда янги аутсорсинг компанияси иш бошлаши биланоқ шикоятлар кўпайди. Биринчи кунданоқ кўплаб муассасаларга музлатилган гўшт ва керагидан анча кам сут етказилган. Айрим боғчалар гўшт ва бошқа сифатсиз маҳсулотларни қайтаришга мажбур бўлган. Мутахассис музлатилган гўшт етказиш меъёрларига тўғри келмаслигини айтмоқда.

Бунга нирозилик билдирган мудираларга таъминотчи томонидан “керак бўлса бошқа нарсани ҳам едирасиз”, деган таҳдидли жавоб қайтарилган.

СЭС мутахассислари болаларга музлатилган гўшт бериш мумкин эмаслигини айтмоқда.

Бутун бошли вилоятда болалар ҳаёти билан ўйнашилаётган бир пайтда на боғча вазирлиги, на прокуратура ва на вилоят ҳокимлиги лом-мим дегани йўқ – гўёки ҳамма томошабин. Вазият қай даражада қўрқинчли эканини Kun.uz эълон қилган суриштирувни тўлиқ кўриб тушуниб олсангиз бўлади.

Муаллиф – Дилшод Абдуқодиров
Бошловчи – Бобур Акмалов
Монтаж устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид