12:07 / 04.03.2021
15264

Депутатлар ахборот соҳасидаги чекловлар бўйича қонун лойиҳасини маъқуллади. Сафар Остонов эса журналист ва блогерларни табриклади

Бугун, 4 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон республикасининг айрим қонун ва ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Фото: Kun.uz / архив

Лойиҳада Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга, шунингдек, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритиш масаласи кўзда тутилмоқда.

Унга кўра, қонун барча жараёнларда маъқулланадиган бўлса, Ўзбекистонда қуйидаги амалиётлар кучга киради:

Жумладан, Жиноят кодексининг 244-моддасида:

  • ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмасликка;
  • оммавий тартибсизликка;
  • фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш.

Бу жиноят учун жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга:

  • фуқароларни қонунчилик талабларини бажармасликка ёки бузишга оммавий даъват қилганлик;
  • фуқароларни қонунчилик талабларини бажармасликка ёки бузишга ОАВ, телекоммуникациялар тармоқлари, интернет, матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилганлик учун – БҲМнинг 60 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солишни назарда тутувчи норма (201-модда 1-қисм) киритилиши.

Лойиҳа юзасидан Қонунчилик палатаси депутати Умид Жабборов чиқиш қилган ва депутатлардан қонун лойиҳасини маъқуллаб беришни сўраган.

Умид Жабборов

Kun.uz мухбири хабар беришича, қонун лойиҳаси муҳокамасида бир қатор депутатлар ҳам сўз олган. Жумладан, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилганда кўплаб журналист ва блогерлар уни қўллаб-қувватлагани ва таклифларини бергани ҳақида гапирган.

«Бу қонун лойиҳани тушунганлар маъқуллаяпти, аммо тушунмаганлар сўз, намойиш эркинлигига қаршилик деб тушуняпти. Аммо бундай эмаслигини биламиз. Ҳаммаси қонуний.

Бу каби қонунчилик дунёнинг кўпгина давлатларида бор эди, бизда эса йўқ. Бизда ҳатто нега Ўзбекистонда бундай қонунчилик йўқ, деган саволлар бўлаётганди», деган у.

Нурдинжон Исмоилов

Депутат Алишер Қодиров эса лойиҳа муҳокамасида барча фикрлар инобатга олингани ва норозилик уйғотган қатор нормалар чиқариб ташланганини қўшимча қилган.

«Ҳурматли ОАВ вакиллари, ҳозир бу ерда тортишув, муҳокамалар бўлмаётганини ҳар хил талқин қилманг. Ҳаммаси муҳокамадан ўтган, келишилган», деган у.

Алишер Қодиров

Депутат Сафар Остонов эса мазкур қонунни Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлашдаги тарихий қарор, деб атаган.

«Сўз эркинлиги бу хаёлга келганини айтиш эмас. Ахборот ва сўз катта бир қуролки, ундан ҳам яхши, ҳам ёмон мақсадда фойдаланиш мумкин. Ҳозир бутун дунёни кузатяпсизлар, ахборотдан қурол сифатида фойдаланиб, турли бузғунчиликларни қилишяпти. Шундай шароитда Ўзбекистонда ҳам ахборот, сўз эркинлиги қонунчилиги жуда муҳим эди.

Мана қаранг, 4-5 йил аввал Ўзбекистондаги аҳвол қандай эди. Ҳозиргидек эркин гапира олармидик? Ўзбекистон тарихида ҳозиргидек сўз ва матбуот эркинлиги ҳеч қачон бўлмаган. Лекин сўз эркинлигидан тўғри фойдаланиш керак. Афсуски, ҳозир сўз эркинлигини суиистеъмол қиладиганлар кўпаймоқда. Ўйлашимча, бу қонун сўз эркинлигини таъминлашда жуда муҳим бўлди.

Мен бу тарихий қонун билан Ўзбекистондаги барча журналист ва блогерларни қизғин табриклайман», деган депутат.

Шу каби фикрлардан кейин, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда ҳам маъқулланди ва сенатга юбориладиган бўлди.

Сафар Остонов

Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик, жумладан, журналист ва блогерларда норозилик ва хавотирларни уйғотган эди.

 

Top