Ўзбекистон | 21:17 / 15.12.2022
56712
3 дақиқада ўқилади

Шоҳрух Ғиёсов — митинглар ҳақидаги қонун, Бобожоновнинг “ёпиқлиги” ва Норбоеванинг уйидаги ўғрилик ҳақида

Kun.uz мухбири ИИВнинг навбатдаги матбуот анжуманида митинг ва намойишларга доир қонун кечикаётгани, вазир Пўлат Бобожонов журналистлар билан учрашмаслиги, Сенат раиси Танзила Норбоеванинг уйидаги ўғриликда гумонланган аёлга қийноқ қўлланган бўлиши мумкинлиги ҳақида сўради.

Саволларга вазирнинг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов жавоб берди.

Тақдири номаълум қолаётган “Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида”ги қонун ҳақида

— 2019 йилда бу қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Кейин қонун тўлдириш ва қайта ишлаш учун ечиб олинди. Ҳозирги вақтда бу ҳужжат қайта кўриб чиқилмоқда ва тез кунларда жамоатчилик муҳокамасига қайтадан тақдим қилинади. Жамоатчилик таклиф ва эътирозлари олингач, у парламентга киритилади.

Йиғилишлар, митинглар ва кўча юришларини ўтказиш тартиби масаласига тўхталдингиз. Умумий қилиб айтганда, бу қонун давлат ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонуний нормаларнинг йиғиндисини ифодалаган.

Пўлат Бобожонов жамоатчилик ва журналистларнинг кўплаб танқидларига қарамай, уларнинг саволларига жавоб бермаётгани ҳақида

— Вазир иштирокида матбуот анжумани ўтказиш ҳақида биз ахборот берган эдик. Вазиримиз жамоатчиликнинг таклиф ва эътирозларини инобатга олган ҳолда бу масалани кўриб чиқмоқда. Бу тадбир ҳақида биз бир ҳафта аввал сизларга маълум қиламиз.

Танзила Норбоеванинг хизмат уйидан пул ўғирлаганликда гумонланган аёлнинг тергов изоляторида қийноққа солинган бўлиши мумкинлиги ҳақида

— Шу йилнинг 18 ноябр куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман бўлимига “Дўрмон йўли” кўчасидаги хонадонда жиноят содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган. Бу ҳақда суриштирув тадбирлари ўтказилиб, 25 ноябр куни Мирзо Улуғбек туман тергов бўлими томонидан ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Бунда экспертиза хулосаси ва гувоҳлар кўрсатмаларига асосан 2 нафар гумонланувчи шахслар 2 декабр куни процессуал тартибда, яъни суднинг ажримига асосан 10 кун муддатга эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Эҳтиёт чораси муддати тугаши билан – 12 декабр куни гумонланувчиларга айблов эълон қилиш учун етарли далиллар бўлмагани учун улар озод этилди.

Ҳозирги вақтда жиноят содир этган шахсларни аниқлаш мақсадида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Бу жараёнда гумонланувчига қийноқ қўллангани ҳақида хабар келиб тушган. Биламиз, ҳеч ким қийноққа солиниши ёки қадр-қимматини камситувчи тазйиққа дучор қилиниши мумкин эмас. Бу масала вазирликнинг қатъий назоратида турибди.

Айтилган ҳолат бўйича гумонланувчилардан бирининг тергов жараёнида процессуал ҳуқуқлари бузилгани ва қадр-қиммати камситилгани бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ички ишлар вазирлигининг шахсий хавфсизлик хизмати томонидан хизмат текшируви тайинланган. Агар ҳолат ўз тасдиғини топадиган бўлса, айбдор ходимларга нисбатан муросасиз ва қаттиқ жазо чоралари кўрилади ва бу жамоатчиликка эълон қилинади.

Мавзуга оид