“Нарх-наво пасайиши учун савдодаги тўсиқлар олиб ташланиши керак” — Беҳзод Ҳошимов
Ўзбекистонда озиқ-овқат нархи пасайиши учун савдодаги тўсиқлар, яъни божлар ва бюрократияни олиб ташлаш керак, дейди иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов. “Гўштга бож йўқ-ку, дейишингиз мумкин, лекин иқтисодиёт шундайки, битта товарга қўйилган бож бошқа товарнинг нархи қимматлашига олиб келади”, дея тушунтиради у.
АҚШнинг Висконсин университети бизнес-мактаби докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz'га берган интервьюсида соҳаларни ривожлантиришга берилаётган имтиёзлар ва уларнинг иқтисодиётга таъсири, маҳаллий бюджетларнинг бир қисми фуқаролар таклифлари асосида тақсимланиши ва хусусийлаштириш жараёнлари ҳақида атрофлича сўз юритди.
Тўлиқ интервьюни юқоридаги видеода томоша қилинг. Қуйида эса суҳбатнинг биринчи қисми матн шаклида тақдим этилади. Унда турли тармоқларни ривожлантириш учун имтиёзлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ҳақида сўз боради.
Имтиёзларнинг кўплиги бозордаги мувозанатни бузади, дейди суҳбатдошимиз.
“Бирор соҳага имтиёз бериш – қаерга пул тикишни бозордан кўра мен яхшироқ биламан дейишга тенг”
— Иқтисодиётнинг у ёки бу соҳасига имтиёз ва преференциялар берилишининг иқтисодий оқибатлари қандай бўлиши мумкин? Чорвачилик ёки паррандачилик каби тармоқларга имтиёзлар берилиши бу соҳаларнинг келгусида ривожланиб кетишига сабаб бўла оладими?
— Қонуният тариқасида, истиснолар ва имтиёзлар яхши нарса эмас. Лекин баъзан мантиққа асосланган ҳолда имтиёзлар тақдим этилиши ҳам мумкин.
Баъзи бир хил алоҳида имтиёзларнинг кўлами кичкина бўлгани учун умумий иқтисодиётга таъсир ўтказмаса-да, кўлами катта имтиёзларнинг салбий таъсири бор. Ўзи, имтиёзлар берилишининг сабаби – ўша соҳага етарлича пул кириб бормаяпти, деб ҳисоблаш. Имтиёзлар ўша соҳага кўпроқ маблағларни жалб қилиш учун тақдим қилинади. Бунинг фалсафий илдизи шундаки, бирор соҳага имтиёз бериш – қаерга пул тикишни бозордан кўра мен яхшироқ биламан дейишга тенг.
Бир соҳага имтиёзларнинг берилиши бошқа соҳалардан инвестиция ва маблағларни, инсон капиталини камайтириш ҳисобига амалга оширилади. Биз қайсидир соҳага имтиёз берсак, инвесторлар шу соҳага пул тикишни бошласа, улар бошқа соҳаларга ажратиши мумкин бўлган пулни ушбу соҳага ажрата бошлашади, яъни сунъий тарзда бозор мувозанати бузилади.
Хўш, қандай ҳолларда имтиёз бериш мумкин? Бу ўринда бозорда йўқ бўлган нарсаларни айтиш мумкин. Кўплаб иқтисодий хатти-ҳаракатларимизнинг ташқи таъсирлари бор; масалан, мен бир маҳсулотни ишлаб чиқарсам, экологияга салбий таъсир кўрсатаман, ана шу салбий жиҳат – ташқи таъсир.
Бу ташқи таъсирнинг жамиятга етказаётган зарари менинг бухгалтерлик ҳисоб-китобларимда акс этмайди. Мен 100 сўмга олиб, 50 сўм харажат қилиб, 200 сўмдан сотяпман ва 50 сўм фойда кўряпман, деб ҳисоб-китоб қиламан, ваҳоланки мен 50 сўм фойда қилаётган бўлсам-да, шу 50 сўмни деб жамиятга 100 сўмлик зарар келтираётган бўлишим мумкин. Мана шу нарса – ташқи таъсирлардир.
Ташқи таъсирлар ижобий бўлиши ҳам мумкин. Масалан, таълим. Тадбиркор даромад кўриш мақсадида таълим муассасаси очади, лекин бу орқали жамиятга билвосита фойда ҳам келтиради. Яъни таълим муассасаси очган тадбиркор 50 сўм топаётган бўлса, жамият унинг фаолиятидан 100 сўм топаётган бўлиши мумкин.
Ёки бошқа бир мисол: кимдир боғ қиляпти. Бу боғ унга 0 сўм, жамият учун эса 100 сўм фойда келтиряпти.
Демак, ҳукуматлар имтиёз қўллайдиган соҳалар ижобий ташқи таъсирларга эга бўлиши муҳим.
Шу билан бирга, салбий ташқи таъсирларга эга соҳаларга манфий имтиёзлар қўллаш ҳам мумкин. Масалан, экологияга зарар етказадиган фаолият турлари учун солиқларни баланд қилиб қўйиш. Бу ҳам бозордаги мувозанатга аралашиш бўлади, лекин биз рағбатларни тўғри қўйишимиз керак.
Сиз айнан чорвачилик ва паррандачиликни айтдингиз. Улар бозорда мавжуд тадбиркорлик фаолияти бўлгани учун мен уларнинг ташқи таъсирларини кўрмаяпман. Яъни идеалда чорвачиликнинг жуда ҳам оммалашиб кетиши яхшими ёки ёмонми, деган саволга жавоб, менимча, ёмонга яқин. Чунки чорвачиликнинг ҳам экологик таъсирлари бор. Ҳар бир килограмм гўштни етиштириш учун неча минг литр сув кетади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, имтиёзлар керакми-йўқми деган саволга қисқа жавоб – вазиятга қараб. Бунда бирор соҳага имтиёз беришдан олдин бу соҳанинг ташқи таъсирларига қараш керак.
Умуман олганда эса қонуният тариқасида имтиёзлар бериш ёмон, деган бўлардим.
“Имтиёзларнинг ҳисобланган зарари ҳақиқий зарардан кам бўлади”
— Яқинда Солиқ қўмитаси раисининг ўринбосарига турли солиқ имтиёзлари қанчалик самара бергани баҳоланадими, деб савол берганимизда: “Йўқ, баҳоланмайди, лекин таклиф бўлса, бу қийин иш эмас” деган жавоб олгандик. Балки биздаги муаммо ҳам имтиёзлар тақдим қилиниб, унинг якуний самараси билан ҳеч ким қизиқмаётганидадир?
— Муаммо шундаки, имтиёзларнинг натижасини бухгалтерлик жиҳатдан ҳисоблаб чиқса бўлади, лекин иқтисодий оқибатларни ҳисоблаб бўлмайди. Иқтисодий жиҳати деганда мен “opportunity cost”ни назарда тутяпман.
Буни тушунтириш учун, айтайлик, бир деҳқонга маълум миқдорда ер берасиз ва унга ўша ерда буғдой экасан, дейсиз. Деҳқон ўша ерда буғдой экади ва йилнинг охирида 1 сўм зарар кўради. Сиз эса айтасиз: “Ҳа, деҳқонни буғдой экишни мажбурлашнинг салбий томони – у 1 сўм зарар кўрди”. Лекин 1 сўм зарар – бухгалтерлик зарари. Иқтисодий зарари эса ўша деҳқон буғдой ўрнида бошқа нарса экканида нима бўларди, ана шунда. Агар деҳқон буғдой эмас, масалан, картошка экканида 100 сўм фойда қилиши мумкин эди, ҳозир 1 сўм зарар қилди.
Бундан шу нарса келиб чиқадики, деҳқонни буғдой экишга мажбурлаш қарорининг иқтисодий зарари 1 сўм эмас, балки 101 сўмни ташкил этади.
Ҳозир сиз имтиёзларнинг самараси ҳақида сўрадингиз. Лекин улар бунинг фойда ва зарарини ҳисоблаб чиқишса ҳам, ҳеч кимда имтиёзлар бўлмаганида нима бўлиши ҳақидаги тасаввурлар йўқ. Қайсидир соҳага имтиёз беришингиз ўша соҳага инвесторларни жалб қилади, агар имтиёз бермаганингизда шу соҳага сарфланган пуллар қайси соҳанинг ривожланишига сабаб бўлган бўларди, ана шуни ҳисоблаб бўлмайди.
Олдингизда икки йўл чиқса, сиз чапга кетсангиз, ўнгга кетганингизда нималарга эришишингиз мумкинлиги ҳақида умуман тасаввурга эга бўлолмаганингиздек, имтиёзлар берилмаганида қандай натижаларга эришилиши мумкинлиги ҳақида ҳам аниқ тасаввур қилиш мушкул. Имтиёзлардаги энг катта муаммо шундаки, биз бўлиши мумкин нарса ва бўлган нарса ўртасидаги фарқни топа олмаймиз. Натижада ҳар доим зарарларни етарли даражадан анча камроқ ҳисоблаймиз.
Эртага бирор ташкилот фалон имтиёзнинг зарари 2 сўм бўлди, деса, бу – бухгалтерлик зарари бўлади. Асл зарар кўламини эса билолмаймиз, бунинг учун эксперимент қилиб кўриш керак бўлади. Эксперимент ўтказиш эса бу алоҳида мавзу.
“Имтиёзларнинг сиёсий ҳисоб-китоби ҳам муҳим”
— Имтиёзлар бутун дунёда бор, масалан АҚШда ҳам. Ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда тақдим қилинаётган имтиёзлар ўртасида қанақа фарқлар бор?
— АҚШ ёки бошқа ривожланган мамлакатларда ҳам имтиёзлар бор, аммо уларда ҳукуматнинг ваколатлари анча чекланган. АҚШни олайлик. Америкада давлатнинг тижорий корхоналари ёки давлат банклари деярли мавжуд эмас. Иқтисодиётда инструментлар нуқтайи назаридан ҳукуматнинг аралашуви анча камроқ. Қолаверса, сиёсий босим юқори.
Америкада кўплаб имтиёзлар қишлоқ хўжалиги соҳасига берилади. Баъзи штатларида соя ёки маккажўхори каби экинларни етиштиришга етарлича имтиёзлар бор. Бу имтиёзлар яхшими ёки ёмонми дейилса, албатта, ёмон, аммо масаланинг сиёсий жиҳати бор: сайловларда биринчи кокус Айова штатида бўлиб ўтади, бу фермерлар штати бўлгани учун сайланмоқчи бўлган сиёсатчилар: “Биз маккажўхорига субсидияларни олиб ташламоқчимиз”, деса, турган гапки, сайловдан ўта олмайди.
Қишлоқ хўжалиги соҳаларига субсидия бериш ёмонлигини АҚШ президенти ҳам, аксарият конгрессменлар ҳам билади, лекин бу субсидиялардан воз кечишнинг сиёсий харажатлари ниҳоятда баланд, шунинг учун ҳеч ким бунга журъат этмайди, чунки сайловда ютқазиши мумкин.
Демак, АҚШдаги имтиёзлар ҳақида гапирганда, бу имтиёзларнинг аксари сиёсий босим остида берилишини кўзда тутиш керак.
Имтиёзларнинг берилиш тарихига назар соладиган бўлсак ҳам, тор доирадаги гуруҳларнинг ҳукумат ва сиёсатчиларни “гаровга олиши” натижасида тақдим қилинган. ХIX асрда пўлат ишлаб чиқарувчилар четдан келадиган пўлатга бож қўйишни ҳукуматдан талаб қилган. XX асрнинг ўрталаригача эса чет элда ишлаб чиқарилган автомобилларни Америка бозорига олиб кириш учун божлар бўлган. Ва ҳоказо.
Дунё ривожланган сари, сиёсатчилар ўзларини мана шундай манфаатдор гуруҳлар босимидан ҳимоя қиладиган воситаларни ўйлаб топа бошлашди. Улардан энг муҳими – Жаҳон Савдо Ташкилоти.
ЖСТнинг асосий ғояси – сиёсатчиларни тор доирадаги гуруҳлар босимидан ҳимоя қилиш. Ҳозир айтайлик қайсидир пўлат ишлаб чиқарувчи бож жорий қилиш учун конгрессменларга босим ўтказса, улар айтади: “Ўртоқлар, биз сизлар хоҳлаган божни қўйиб берамиз, лекин бунинг эртасига бизни ЖСТда судга беришади. Кейин бу божларни олиб ташлашга тўғри келади”.
Дарҳақиқат, ЖСТдаги судларда энг кўп ютқазган мамлакат – АҚШ. Буш ҳам, Обама ҳам божлар қўярди, кейин қайсидир мамлакат АҚШни судга берар ва Америка ютқазарди.
Олдинлари конгрессменларга Карнеги ёки Форд томонидан босимлар қилинса, божни оширишга мажбур эдилар. Кейинчалик сиёсатчилар ўзларини ҳимоялаш учун Жаҳон Савдо Ташкилоти каби инструментларни жорий қилишди.
Имтиёзлар ҳақида гапирганимизда, уларнинг тури, кўлами ва сиёсий ҳисоб-китоби муҳим. Демократик мамлакатларда бу нарсалар мураккаброқ.
Нарх қимматлигининг учта омили
— Бир неча турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари учун имтиёзлар берилганига қарамай, бу маҳсулотлар арзонлашмаяпти. Буни қандай изоҳлаш мумкин?
— Нархнинг ошиши имтиёзларга қанчалик боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини айта олмаймиз, чунки имтиёзлар бўлмаганида нарх қандай бўларди деган саволга жавобимиз йўқ. Лекин шуниси маълумки, нархнинг ошишига қарши қайсидир соҳаларга имтиёзлар бериш кўпинча яхши ғоя эмас, чунки бу бозордаги мувозанатни бузади. Қандай қилиб?
Гап шундаки, нархнинг ошиши бозордаги иштирокчиларга маҳсулотни кўпроқ ишлаб чиқариш, истеъмолчиларга эса камроқ истеъмол қилиш сигналини беради. Бозордаги нарх реалликни акс эттиради: озиқ-овқатга нарх қимматлашяптими, бу – тадбиркорлар учун сигнал, яъни кўпроқ ишлаб чиқариш ёки олиб кириш керак дегани. Бироқ, Ўзбекистоннинг географик жойлашуви сабаб транспорт харажатлари қиммат, айниқса озиқ-овқат маҳсулотлари учун. Иккинчидан, бизда жуда катта коррупцион ва бюрократик машина бор.
Жаҳон банкининг мамлакатлар маҳсулотларни экспорт ва импорт қилишига қанча вақт кетади деган тадқиқотида, Ўзбекистон учун Беларусга нисбатан солиштирсангиз ҳам ўнлаб баробар қимматроқ ва узоқроқ вақт талаб этилади. Масалан, маълум бир товарни импорт қилишга Полшада 1 соат талаб этилса, бизда 160 соат керак бўлиши мумкин. Бу ҳам нархда ўз аксини топади.
Учинчидан, импорт божлари. Бизда нафақат тайёр маҳсулотларга, балки хомашё маҳсулотларига ҳам юқори божлар бор.
Божлар юқорилиги, транспортировка қимматлиги ва бюрократия – булар нархни қимматлаштиради.
Сингапурга ўхшаган очиқ бозорга эга ва транспорт харажатлари арзон мамлакатларда нарх ошишига нисбатан давлатда қанақадир инструментлар йўқ, чунки бозор шундоқ ҳам очиқ.
Ўзбекистонда нарх ошишига қарши нима қилишимиз мумкин, деган саволга жавобан айтардимки, ўзимиз қўйган тўсиқларни олиб ташлайлик, нарх пасаяди. Тўсиқларни олиб ташлаш озиқ-овқат нархига нисбатан босимни анча камайтиради.
Сиз айтишингиз мумкин, гўштга бож йўқ-ку, деб. Лекин иқтисодиётда кўп товарлар бир-бирига боғлиқ. Битта товарга бож қўйишингиз бошқа товарнинг нархи қимматлашига олиб келиши ҳам мумкин. Яъни бошқа нарсаларга қўйилган божлар сиз арзонлаштирмоқчи бўлган маҳсулотнинг нархига таъсир қилиши мумкин.
Достон Аҳроров ва Мадина Очилова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
11:28 / 20.11.2024
Ҳукумат инвестиция комплекси иқтисодиёт учун муҳим бўлган 300 дан зиёд йирик лойиҳани ишга туширади
17:02 / 16.11.2024
Юқори барқарорлик рейтингига эга тадбиркорлик субъектлари рағбатлантирилади
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
20:57 / 08.11.2024