Ўзбекистон | 20:58 / 26.08.2025
7058
2 дақиқада ўқилади

Автомобил олди-сотдисида “Trade-up” дастури жорий этилади

Ўзбекистонда минилган машинани дистрибютор ёки дилерга топшириб, нархидаги фарқни қоплаган ҳолда ўрнига бошқа бир минилган машинани харид қилиш (“Trade-up”) дастури жорий этилади. Бу – бир неча йил олдин йўлга қўйилган, минилган машинани янги машинага алмаштириш (“Trade-in”) дастурига муқобил вариант бўлади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда фойдаланишда бўлган автомобилни фойдаланишда бўлган бошқа автомобилга алмаштириш – “Trade-up” дастури йўлга қўйилади. 22 август куни бу борада ҳукумат қарори қабул қилинди.

Бунга қадар, фойдаланишда бўлган автомобилни устига пул тўлаб, янгисига алмаштириш – “Trade-in” дастури жорий этилганди.

Ҳар икки ҳолатда ҳам жисмоний ёки юридик шахс дистрибютор ёки дилер ташкилотига минилган автомобилни сотаётганда, олди-сотди битимини нотариал расмийлаштириш талаб этилмайди. Шу билан бирга, эр (хотин)нинг нотариал тартибда тасдиқланган розилик хати керак бўлади.

Қонунчиликда бу тушунчаларга қуйидагича изоҳ берилди:

  • “Trade-in” – илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасини янги автомототранспорт воситасига нархларидаги фарқни тўлаган (нархларидаги фарқни олган) ҳолда алмаштириш;
  • “Trade-up” – илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасини илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасига нархларидаги фарқни тўлаган (нархларидаги фарқни олган) ҳолда алмаштириш.

Шунингдек, қонунчиликда дистрибюторлар ва дилерлар тушунчаси ажратилди:

  • дистрибютор ташкилоти – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида янги автомототранспорт воситаларини реализация қилиш бўйича ишлаб чиқарувчи билан тегишли дистрибюторлик келишувига эга юридик шахс;
  • дилер ташкилоти – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида янги автомототранспорт воситаларини реализация қилиш бўйича дистрибютор ташкилоти ёки ишлаб чиқарувчи билан тегишли дилерлик келишувига эга юридик шахс.

Аввалроқ енгил автомобилларни сотувчи расмий дилерлар рўйхати эълон қилинганди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид