Ўзбекистон | 20:20 / 05.09.2018
3814
2 дақиқада ўқилади

Крипто-биржалар фаолияти фақат чет эл юридик шахслари томонидан лицензия асосида амалга оширилади

Ўзбекистонда крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги 3926-сонли Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, крипто-биржалар ва крипто-активлар айланмаси бўйича фаолиятга қимматли қоғозлар, биржа ва биржалар фаолиятига оид қонунчилик татбиқ этилмайди.

Крипто-биржалар фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялар Ўзбекистон ҳудудида шўъба ёки бошқа турдаги ташкилотларини очиш асосида фақат чет эл юридик шахсларига берилади. Бунда уларнинг крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ валюта операцияларига нисбатан валютани тартибга солишга доир қонунчиликнинг меъёрларига татбиқ этилмайди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ операциялари солиққа тортиш объект ҳисобланмайди, улардан олинган даромад эса солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиққа тортиш базасига киритилмайди. Шу билан бирга, крипто-биржалар кўрсатган хизматлари учун мукофот, шу жумладан крипто-активлар олиш ҳамда уларнинг мижозлардан ундириладиган миқдорини белгилаш, шунингдек крипто-активларни миллий ва чет эл валюталари орқали тасарруф этиш ҳамда бошқа крипто-активларга алмаштириш учун Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари билан биржа келишувларини ташкил қилиш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланди.

Қарор ижроси назорати Ўзбекистон Республикаси Президент маъмурияти раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Д.Р.Ли ва Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклатилди.

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид