Жаҳон | 15:51 / 24.02.2026
4392
8 дақиқада ўқилади

Украина урушининг 4 йиллиги, Францияда Трампнинг қудаси билан можаро ва Ғарбий соҳилда ёқиб юборилган масжид – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Украинадаги урушнинг 4 йиллиги

2022 йил феврал ойида Россия Украинага қарши босқинчилик урушини бошлаган эди. Бугун, 24 феврал куни ушбу урушга нақ тўрт йил тўлиб, бешинчи йилига ўтмоқда. Оддий халқ учун улкан азоб-уқубатлар ва аскарлар учун даҳшатли синовларга сабаб бўлаётган жангларнинг яқин орада тўхташ аломатлари кўринмаяпти.

Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази ўтган ойда эълон қилган ҳисоботга кўра, бу даврда ҳар икки томонда ҳалок бўлган, яраланган ёки бедарак йўқолган ҳарбийлар сони тахминан 1,8 миллион кишини ташкил қилади.

Ҳисоботга кўра, Россия 2022 йил февралдан 2025 йил декабргача 1,2 миллион йўқотишга учраган, жумладан, 325 минггача ҳарбий ҳалок бўлган.

Россия охирги марта 2023 йил январида ҳалок бўлганлар сони 6 мингдан бироз ошганини айтганди. Шундан сўнг расмий рақамлар очиқланмаган.

Марказга кўра, Украинада ҳарбий йўқотишлар 500 мингдан 600 минггача, жумладан, 140 минггача ҳалок бўлганлар бор. Украина президенти Володимир Зеленский шу ой бошида урушда 55 минг украиналик ҳарбий ҳалок бўлганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, кўплаб аскарлар бедарак йўқолган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари мониторинг миссияси маълумотига кўра, Россиянинг тўлиқ босқинидан бери Украинада ҳалок бўлган фуқаролар сони 15 мингга етади. Шу даврда 40 минг 600 дан ортиқ фуқаро яраланган. БМТ маълумотига кўра, уруш камида 763 нафар бола ҳаётига зомин бўлган.

Турли маълумотларга кўра, уруш давомида Россия Украина жами майдонининг 19,4 фоиз ҳудудини эгаллаб олган. Тўлиқ босқиндан олдин Россия Қрим ва Донбасснинг бир қисми билан бирга Украинанинг қарийб 7 фоизини назорат қиларди.

Қарийб 6 миллион киши мамлакатни тарк этган. БМТнинг Украинадаги ваколатхонаси шу ойда эълон қилган ҳисоботга кўра, уларнинг 5,3 миллиони Европада бошпана топган. Камида 300 минг киши Канадага кетган. Бундан ташқари, тахминан 3,7 миллион украиналик мамлакат ичида бошқа ҳудудларга кўчган.

Наркобаронни ушлаш операцияси тафсилотлари

Мексика расмийларининг маълум қилишича, якшанба тонгида «Эл Менчо» номи билан танилган наркобаронга қарши рейд ва кейинги зўравонликларда камида 62 киши ҳалок бўлган. Улар орасида Миллий гвардия ҳарбий полициясининг 25 ходими ва 34 нафар гумонланган жиноятчи бор. Картел тарафдорлари ўндан ортиқ штатда 85 та йўл тўсиғини барпо этиб, автомобилларга ўт қўйган.

Президент Клаудия Шейнбаум душанба эрталаб вазият барқарорлашаётганини ва йўл тўсиқлари назоратга олинганини айтди. Шунга қарамай, «Янги Авлод картели»нинг таянч ҳудуди бўлган Халискода хавфсизлик кучайтирилиб, 2 минг ҳарбий жойлаштирилди.

АҚШ «Эл Менчо» яширинган Тапалпа шаҳридаги мажмуанинг аниқ жойини топиш учун разведка маълумотлари билан ёрдам берган, бироқ Мексика расмийлари операцияни ўзлари бошқарганини таъкидлади.

Мексика мудофаа вазири Рикардо Тревилянинг айтишича, наркобароннинг севгилисига яқин шахс берган маълумот рейдни тез режалаштиришга ёрдам берган.

Рейд пайтида «Эл Менчо»нинг қуролланган одамлари хавфсизлик кучларига ўт очган ва тўқнашув ўрмондаги коттежлар мажмуасига кўчган. Ҳужум жойида гранатомётли милтиқлар, ракеталар ва миномёт снарядлари топилган. Ҳарбийларга ҳужумларни ташкил қилган «Эл Менчо»нинг ўнг қўли ва молиявий раҳбари «Эл Тули» ҳам қўлга олиш пайтидаги тўқнашувда ўлдирилган.

Мексика Бош прокуратураси 14 штатда тергов ҳаракатлари олиб бораётганини билдирди. Мамлакат бўйлаб камида 70 киши қўлга олинди.

Картел ичида эҳтимолий қайта тузилиш ёки жавоб ҳаракатлари юз бермаслиги учун раҳбарлар доимий кузатув остига олинган.

Ғарбий соҳилда масжид ёқиб кетилди

Исроиллик кўчманчилар Наблус жанубида, ишғол қилинган Ғарбий соҳилда жойлашган масжидга ўт қўйди — бу фаластинликларга қарши зўравонлик кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келди.

Наблус жануби-ғарбидаги Телл қишлоғида жойлашган Абу Бакр Сиддиқ масжидига қаратилган ҳужум душанба тонгида содир бўлди.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, ёнғин масжид дарвозалари ва ташқи қисмини қамраб олган, қишлоқ аҳолиси эса уни бинога, ичкарига тарқалишидан олдин назоратга олган.

Интернетда тарқалган видеоларда масжид деворлари ва ҳовлисига олиб борувчи йўлаклар куйгани кўринади. Шунингдек, масжид деворларига ирқчи шиорлар ёзиб кетилган.

Масжид мажмуасини бошқарувчи Исломий вақф ташкилоти кўчманчилар масжидни ёқиб юборишга уринганини тасдиқлаб, воқеа юзасидан тегишли идоралар билан иш олиб бораётганини билдирди.

Телл қишлоқ кенгаши раҳбари Нааман Рамазон ҳудуд аввал ҳам бир неча бор кўчманчилар ҳужумларига учраганини, полиция ёки ҳарбийлар томонидан эса ҳеч қандай жавоб чоралари кўрилмаганини таъкидлади.

Фаластин Диний ишлар ва вақф вазирлигининг маълум қилишича, Исроил кучлари ҳимояси остида 2025 йил давомида кўчманчи гуруҳлар 45 та масжидга ҳужум қилган.

Фаластинлик насроний жамоалар ҳам Исроилнинг кучайиб бораётган зўравонлигига дуч келмоқда: 50 мингдан ортиқ аҳоли Исроил кучлари ва кўчманчилар таҳдиди ортиб бораётган ҳудудларда яшайди.

Сўнгги икки йил ичида Ғарбий соҳилда Исроил ҳарбийлари ва кўчманчилар томонидан 1 000 дан ортиқ фаластинлик ўлдирилган, улар орасида 217 нафар вояга етмаганлар бор.

Трампнинг қудаси Францияда дипломатик муаммо чиқармоқда

АҚШнинг Франциядаги элчиси, Трампнинг қудаси — Чарлз Кушнер ўтган ҳафта француз ўта ўнг фаоли ўлдирилиши ҳақидаги изоҳлари юзасидан Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Шунга қарамай, у ТИВга бормагач — Франция ҳукумати аъзолари билан учрашишдан четлатилган, дейди Reutersʼнинг дипломатик манбалари.

Бир неча ҳафта олдин ўта ўнг фаоли Квентин Деранк қаттиқ сўл фаоллар билан жанжал чоғида калтакланиб ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу воқеа Парижда катта шов-шув бўлди.

Шундан кейин Франциядаги АҚШ элчихонаси ва АҚШ Давлат департаментининг Терроризмга қарши кураш бюроси ишни кузатаётганини билдириб, «зўравон радикал сўлчилик кучайиб бораётгани» ва буни жамоат хавфсизлигига таҳдид сифатида кўриш кераклигини таъкидлади.

Франция томони буни «ўз мамлакатини шараф билан намойиш этаётган элчи учун асосий талаблар»га зид, деб ҳисоблаган. «Ташқи ишлар вазири элчига Франция ҳукумати аъзолари олдига бевосита кириш имкони берилмаслигини сўради», дея қўшимча қилди манба.

Бу Кушнер чақирувга келмаган иккинчи ҳолат бўлди. 2025 йил августда у Францияда антисемитик ҳаракатлар юзасидан гапиргач, ТИВга чақирилган, лекин келмаган эди.

Эпштейнга алоқадор яна бир мансабдор

2025 йил февралдан сентябргача Буюк Британиянинг АҚШдаги элчиси лавозимида ишлаган 72 ёшли Питер Манделсон — давлат хизматида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш гумони билан Лондонда қўлга олинди. Бир неча соатдан сўнг 24 феврал, сешанбага ўтар кечаси у гаров эвазига озод қилинди.

Пойтахт полицияси пресс-релизларида Манделсон исми айтилмаган, аммо 72 ёшли шахс, собиқ вазирга нисбатан тергов олиб борилаётгани қайд этилган. У ҳам америкалик педофил жиноятчи Жеффри Эпштейнга алоқадор.

2025 йил сентябрда Эпштейн ишига оид ҳужжатларнинг бир қисми эълон қилиниши Манделсоннинг Вашингтондаги элчилик лавозимидан кетишига олиб келган эди. Феврал бошида эса полиция собиқ дипломатга нисбатан махфий маълумотни эҳтимолий узатиш бўйича жиноий тергов бошлади.

Янги маълумотларга кўра, 2009 йилда Манделсон америкалик молиячига ҳукумат ҳужжатини юборган. Шунингдек, 2003–2004 йилларда у Эпштейн ҳисобларидан уч марта 25 минг доллардан — жами 75 минг доллар олган. Бундан ташқари, 2009 йил сентябрда Манделсоннинг турмуш ўртоғи ҳам Эпштейндан 10 минг фунт сўраган ва олгани айтилади.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид