Ўзбекистон | 19:34 / 12.06.2024
3815
5 дақиқада ўқилади

Ҳайит куни Тошкентда юк машиналари ҳаракати вақтинча тўхтатилади

Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, 16 июн – Қурбон ҳайити куни соат 00:00 дан 10:00 га қадар пойтахтда юк машиналари ҳаракати (шаҳарга кириш, чиқиш ва шаҳар ичида ҳаракатланиш) тўлиқ тўхтатилади. Шунингдек, ИИББ шу куни соат 00:00 дан 07:00 гача автотранспорт воситалари учун ёпиладиган кўчалар рўйхатини ҳам эълон қилди.

Фото: Kun.uz

Ҳайит намозини юқори савияда ва тартибли ўтказиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 16 июн куни соат 00:00 дан 10:00 га қадар Тошкент шаҳрига барча турдаги юк транспорт воситаларининг ҳаракати тўлиқ чекланади

Чеклов юк машиналарининг шаҳарга кириши, чиқиши ва шаҳар ичида ҳаракатланишига тааллуқли бўлади. Бу ҳақда хабар берган пойтахт ИИББ юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликлар учун узр сўради.

Шунингдек, бошқарма ахборотига кўра, 16 июн куни шаҳардаги 121 та масжидда ҳайит намози ўқилади ва шу муносабат билан қатор кўчаларда автотранспорт воситалари ҳаракати соат 00:00дан 7:00 гача тўлиқ чекланади.

Автотранспорт воситалари ҳаракати тўлиқ чекланадиган кўчалар рўйхати

Мирзо Улуғбек тумани:

“Тўра бува” масжиди олдидаги Буюк Ипак йўли кўчаси – Шўртепа кўчасидан, Буюк Ипак йўли – Султония кўчасигача.

Бектемир тумани:

“Хўтон” масжиди олдидаги Бектемир шоҳ кўчаси – Ҳусайн Бойқаро кўчасидан Бектемир йўли кўчасигача.

Олмазор тумани:

“Исломобод” масжиди олдидаги КХАЙ кўчаси – КХАЙ– Сағбон кўчалари чорраҳасидан, Нурафшон – Сағбон кўчалари чорраҳасигача.

“Ҳазрати имом” масжиди олдидаги Қорасарой кўчаси – Қорасарой – Нурафшон кўчалари чорраҳасидан, Қорасарой – Абдулла Қодирий кўчалари чорраҳасигача.

Шайхонтоҳур тумани:

“Шайх Зайниддин” масжиди олдидаги Кўкча Дарвоза – Нурафшон кўчалари чорраҳасидан Кўкча Дарвоза – Бешқайрағоч кўчалари чорраҳасигача.

“Хўжа Аламбардор” масжиди олдидаги Бунёдкор – Камолон кўчалари чорраҳасидан Камолон – Устазода 2-тор кўчалари чорраҳасигача.

“Кох ота” масжиди олдидаги Себзор кўчаси – Нурафшон – Себзор кўчалари чорраҳасидан Нурафшон – Лабзак кўчалари чорраҳасигача.

Чилонзор тумани:

“Убай ибн Каъб” масжиди олдидаги Ал-Хоразмий кўчаси – Ал Хоразмий – Хирмонтепа кўчалари чорраҳасидан Ал Хоразмий – Катта қани чоррахасигача.

“Катта Қозиробод” масжиди олдидаги Чилонзор кўчаси – Чилонзор – Чўпонота кўчалари чорраҳасидан Чилонзор – Нурхон кўчалари чорраҳасигача.

“Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди олдидаги Сўгалли ота кўчаси – Ал-Хоразмий – Сўгалли ота кўчалари кесишмасидан Хонабод 2-берк кўчасидан – Сўгалли ота кўчасигача.

“Новза” масжиди олдидаги Бунёдкор-Муқумий кўчалари кесишган кўприк остидан Олий Мажлис биноси қаршисигача бўлган йўлда ҳаракат чекланади.

Учтепа тумани:

“Абдуллох ибн Маъсуд” масжиди олдидаги Лутфий кўчаси – Лутфий – Хирмонтепа кўчалари чорраҳасидан Лутфий – Катта қаъни кўчалари чорраҳасигача.

"Ҳазрати Али” масжиди Назарбек-Махорат кўчалари чоррахасидан Назарбек-Замахшарий 1-тор кўчалари чорраҳасигача.

Юнусобод тумани:

“Минор” масжиди олдидаги КХАЙ кўчаси – КХАЙ ва Кўргазма кўчалари чорраҳасидан КХАЙ –Ш.Рашидов кўчалари чорраҳасигача.

“Мирзо Юсуф” масжиди олдидаги Боғишамол кўчаси – Боғишамол кўчасидан Шивли кўчасигача.

Яккасарой тумани:

“Усмон бин Маъзун” масжиди олдидаги КХАЙ кўчаси – КХАЙ – Қушбеги чорраҳасидан КХАЙ – Файзли Тошкент кўчалари чорраҳасигача.

Яшнобод тумани:

“Ислом ота” масжиди олдидаги Фарғона йўли кўчаси – Фарғона йўли – Фитрат кўчалари чорраҳасидан Фарғона йўли – Толимаржон кўчалари чорраҳасигача.

“Али ибн Абу Толиб” масжиди олдидаги Чўлпон кўчаси – Имом Бухорий – Чўлпон кўчалари чорраҳасидан, Чўлпон – Салоҳият кўчалари чорраҳасигача.

Миробод тумани:

“Қўйлиқ ота” масжиди олдидаги ТХАЙ кўчаси – Қўйлиқ бозори кўприк остидан ТХАЙ ва Мунис кўчалари чорраҳасигача чекланади.

Таъкидланишича, масжидлар жойлашган бошқа кўчаларда ҳам автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади.

“Фуқароларимиздан юзага келадиган ноқулайликлар учун узр сўраган ҳолда, вақтинча айланма йўллардан фойдаланишларини тавсия этамиз”, – дейилади Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборотида.

Аввалроқ Тошкент метрополитени ҳайит куни одатдагидан 2 соатга эртароқ – соат 03:00дан иш бошлаб, 10:00га қадар йўловчиларга бепул хизмат кўрсатиши ҳақида хабар берилганди.

Пойтахтдаги жоме масжидларида Қурбон ҳайити намози эрталаб соат 05:10 да ўқилади.

Мавзуга оид