Ўзбекистон | 19:43 / 20.10.2023
6048
2 дақиқада ўқилади

Биржа савдоларида бензин сотиш бўйича чеклов ўрнатилмаган – Рақобат қўмитаси

Рақобат қўмитаси бензин тақчиллигига олиб келадиган омиллар борлигини рад этди. 17 октябрдан таклифнинг оширилиши ҳисобига август ойида бензин хариди учун ўрнатилган 5 тонналик лимит 10 тоннага оширилган.  

Фото: iStock

Рақобат қўмитаси томонидан товар-хомашё биржасида АИ-80 бензинининг кунлик савдосига ҳар бир иштирокчи учун максимал 10 тонна лимит белгилангани хабар қилинганди.

Қўмита ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди. Қайд этилишича, биржа орқали ёқилғи сотишга ҳеч қандай чекловлар киритилмаган.

“Биржа савдоларида, бензиннинг 80 фоизи 1 тн лотларда қолган қисмида вагон нормасида (60 ва 55 тн) сотилмоқда ва бугунги кунда биржа савдоларида АИ-80 бензинини сотиб олиш бўйича чеклов ўрнатилмаган.

Бензинга талабнинг мавсумийлигини ҳамда нархларнинг юқори даражада тез ўзгарувчанлигини ҳисобга олган ҳолда қўмитага амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ нархларни барқарорлаштириш мақсадида, бир савдода маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдорини белгилаш ваколати берилган ва ушбу чора маҳсулотга талабнинг ошиши даврида бир неча йилдан буён бозор мувозанатини барқарорлаштириш учун давлат томонидан қўллаб келинадиган номонетар восита ҳисобланади”, дейилади қўмита хабарда.

Қўшимча қилинишича, август ойида бензин нархларининг ошиши натижасида маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдори 5 тн этиб белгиланган. Мазкур чоралар ҳамда таклифнинг оширилиши сентябр ойи охирида ҳамда октябрнинг биринчи ярмида биржа савдоларида бензин нархларининг 10 фоизгача пасайишига ва бирмунча барқарорлашишига олиб келган.

“Шуларни инобатга олган ҳолда, шунингдек, жаҳон бозорларидаги юзага келган салбий тенденциялардан (нефт нархларининг ошиши, бензин экспортига ўрнатилган чекловлар) келиб чиқиб, импорт нархларининг ички бозорга таъсирини юмшатиш мақсадида 17 октябрдан маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдори 10 тоннагача оширилди”, дея таъкидланган баёнотда.

Мавзуга оид