Ўзбекистон | 17:41 / 30.10.2023
28168
2 дақиқада ўқилади

Давлат телеканалида ўқитувчилар мактаб ҳовлисини “гуллатиб” қўймаганликда айбланди

“Ўзбекистон 24” телеканали давлат раҳбарининг Бешкентдаги мактабга режадан ташқари кириб борганини ёритар экан, мактаб ҳовлисини “гуллатиб-яшнатиб қўймагани” учун ўқитувчиларни айбдор қилиб кўрсатди, бунга асос сифатида охирги йилларда педагогларнинг ойликлари оширилганини пеш қилди. Ободонлаштириш – ўқитувчининг функционал вазифасига кирмайди, уни бунга мажбурлаш эса қонунга зид.

Мактаб ҳовлисидаги ҳолат / “Ўзбекистон 24” эфиридан кадрлар

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига 24 октябр кунги ташрифида Қарши тумани маркази – Бешкент шаҳридаги 12-мактабга режадан ташқари кириб борган эди. “Ўзбекистон 24” телеканали бу мактабдаги ҳолатни танқидий руҳда ёритди.

Телеканал лавҳасида мактаб ўтган йили капитал таъмирлангани (шу телеканалнинг бошқа бир лавҳасида икки йил олдин таъмирлангани айтилган), лекин ҳалигача янги парта, стол-стул каби жиҳозлар етиб келмагани, капитал таъмирдан чиққан мактаб биносида ҳатто тарнов ўрнатилмагани, стадион қурилиши ўлда-жўлда қолиб кетгани айтилади.

“Мактаб остонасига қадам қўйган кишининг хафсаласи пир бўлади. Шаҳарчадаги мактаб ҳовлиси қуриб-қақшаб ётган чўлни эслатади. Бирорта янги экилган кўчат ёки дов-дарахт кўзга ташланмайди. Ахир ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан озод қилинди, маоши ошди, жамиятдаги мавқейи юксалди. Ҳеч бўлмаса, шунча имкониятга жавобан, ўзи ишлаётган мактаб ҳовлисини гуллатиб-яшнатиб қўйиши мумкин-ку!

Балки бу ердаги педагоглар хафсаласизлиги, бефарқлиги билан ўқувчи ёшларга ўрнак бўлмоқчидир?” – дейилади кўрсатувда.

Мажбурий меҳнат – қонунга зид

Мактаблар ҳудудини ободонлаштириш – ўқитувчининг функционал вазифасига кирмайди. Ўқитувчини ўз вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиш эса мажбурий меҳнат ҳисобланади ва бу президентнинг бир қатор қарорлари ва қонунлар билан тақиқланган.

Шу йил март ойида педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган.

Сентябрда Сенат томонидан маъқулланган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунда ҳам педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш, уни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланиши ёзилган.

Шу сабабли, давлатнинг асосий янгиликлар телеканалида билдирилган юқоридаги фикрлар жамоатчилик танқидларига сабаб бўлмоқда.

Мавзуга оид