«Энг кўп касалланаётганлар – тиббиёт ходимлари». Қирғизистон коронавирус билан қандай курашяпти?
Kun.uz мухбири Қирғизистонда коронавирус кенг тарқалишига қарши қандай кураш олиб борилаётгани, бу борада ҳукуматлар томонидан кўрилаётган чоралар, пандемия шароитидаги журналистика ҳақида қирғизистонлик журналист Даврон Ҳотамов билан суҳбатлашди.
– Қирғизистонда Марказий Осиё давлатлари орасида учинчи бўлиб коронавирус аниқланди. Ҳозир вазият қандай? Касаллик жиловландими? Марказий Осиёда фақатгина иккита давлатда, жумладан, Қирғизистонда фавқулодда ҳолат эълон қилинди, бу самара беряптими?
– Қирғизистонда коронавирус қайд этилган ҳудудларда фавқулодда ҳолат ва фавқулодда вазият режими жорий қилинди. Aйтайлик, Талас вилоятида умуман коронавирус аниқланган эмас. Энг кўп Ўш ва Бишкек вилоятида аниқланган. Қолган вилоятларнинг баъзиларида кўп, баъзиларида эса кам.
24-25 март кунлари коронавирус юқишининг чўққиси бўлади, деб кутилганди, лекин бундай бўлмади. Бунинг ўрнига тенглашиш, яъни даволанаётганлар билан шифо топганларнинг кўрсаткичи тенглашаётгани статистикаларда кўрсатилди.
Ачинарли жиҳати – энг кўп касалланаётганлар шифокорлар экани. Яъни 1 май ҳолатига (интервью шу куни ёзиб олинган – таҳр.) 756 киши юқтириб келган бўлса, уларнинг 198 нафари – тиббиёт ходимларидир.
Уларнинг ичида шифокорлар, ҳамширалар ва беморлар билан бевосита алоқада бўлган тиббий персонал вакиллари бор. Бунга тиббий ниқобларнинг, ҳимоя воситаларининг камлиги, уларнинг сифатсизлиги сабаб бўлаётгани айтиляпти.
Шифокорлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ҳам ҳимоя воситалари етарли эмаслиги, шунинг учун улар орасида коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари кўп бўлаётганини айтиб чиқишди. Лекин бу баёнотларнинг орқасидан кечирим сўраб чиқиш ҳолатларини ҳам кўрдик. Лекин вазият кўрсатиб турибдики, мана шу шифокорларнинг ишлаш тартибида, ўзини касалликдан ҳимоялашида қандайдир камчиликлар бор ва балки шунинг учун жуда кўп тиббиёт ходимларининг коронавирусни юқтириб олиши кузатилаяпти.
– Қирғизистондаги карантин чекловларини халқ қандай қабул қиляпти? Амал қилишяптими?
– Коронавирус қайд этилгунга қадар «бизга бу касаллик келмайди, биз ундан ҳолимиз», деган тушунча бор эди ва энг асосий муаммо – савдо қандай бўлади, товарлар қандай келади ёки эртага нимани сотамиз ва сотиб оламиз ёки қимматлашиб кетадими, деган саволлар ҳам ўйлантирди. Бу касаллик чет элга бориб келганларда аниқлангани сабабли ҳам баъзи бир инсонларда тушунмовчиликлар бўлди. Инсонлар ваҳимага тушгандек, яъни коронавирус билан ваҳимани ҳисобга оладиган бўлсангиз, ваҳима кучлироқ бўлаётган эди ўша пайт.
Аввалига қимматчилик муаммоси аҳолини қийнаган бўлса, кейинроқ ҳар хил гап-сўзлар оқибатида ун талашувлари, уйларига маҳсулотларни олиб келиш ваҳимаси ва ундан кейин ҳеч ким уйидан чиқиши керакмаслиги, комендантлик соати эълон қилингани, одамларнинг ишга боролмаётгани ва ҳозирги кунда тўплаган маблағларининг ҳам тугагани ва бу чекловлар юмшатилиши кераклиги аҳоли томонидан айтиляпти.
Одамлар иложсизликдан кўникаётган бўлса ҳам, муаммолар бор. Лекин бошидаги, яъни касаллик расман қайд этилган пайтдаги ваҳимадан кўра одамларда кўникиш ва тезроқ мана шу дарддан, вазиятдан қутулиш илинжи бор.
– Четдан қараганда Қирғизистон анча қаттиқ карантин чоралари ва чекловларни жорий этди. Шунинг самараси бўлса керак. Одамлар буни тан оляптими?
– Aлбатта, ҳамма тезроқ ҳал бўлишини истайди. Биласиз, Қирғизистон Хитой билан чегарадош. Ўртадаги қатнов даражаси юқори.
Энди энг қизиғи, бир масалани айтиб ўтиш керакки, Қирғизистонда журналистларнинг иши чекланган эди, яъни фақатгина расмий икки телеканал иш олиб боришига рухсат берилган. Қолган журналистларга рухсат йўқ эди.
Фақатгина уйда ўтирдик. Онлайн брифинглар, матбуот анжуманлари ўтди ва биз бир томонлама маълумотлар билан чекланяпмиз. Тўғриси, нима бўлаётганини билмаймиз. Ижтимоий тармоқда тарқалаётган хабарлар ва онлайн брифинглардан бошқа маълумот йўқ бизда.
Журналистлар ҳамжамияти президентга, парламентга, ҳукуматга қайта- қайта мурожаат билан чиқишди. Бу мумкин эмаслиги, Конституцияга зидлиги, фавқулодда ҳолатда ҳам журналистларни чеклаш ва бир томонлама ахборотнинг ўзи етарли эмаслигини айтиш билан мана энди 2 ёки 3 кун бўлдики, маълум бир журналистларга ишлашига рухсат бериляпти. Унда ҳам чеклаган ҳолда. Биз ҳали бунга эришганимиз йўқ.
Aслида қандай бўляпти ҳаёт? Одамлар қандай шароитда яшамоқда? Биз буни билмаймиз. Фақатгина ойналардан қараб кузатишга мажбурмиз.
– Аҳоли ўртасида кунлик ёки мавсумий меҳнат қилиб кун кўрадиганлар бор. Карантин пайтида уларнинг ҳимояси таъминландими? Ҳеч бўлмаса, озиқ-овқат етказиб бериш, нафақалар бериш йўлга қўйилдими?
– Қирғизистон Жаҳон банки ва шунга ўхшаш ташкилотлардан ёрдам пуллари олгани ҳақида маълумотлар бор. Aйримлари қарз, яъни кредит сифатида, баъзи бирлари эса шунчаки ёрдам сифатида, хусусан Ўзбекистондан ҳам инсонпарварлик ёрдами келди. Шифокорлар учун ҳимоя кийимлари ва бошқа озиқ-овқатлар етиб келди ва аҳолига ҳам тарқатилгани тўғрисида маълумотлар бор.
Лекин мен кўпроқ гувоҳи бўлганим – аҳолининг ичидан хайрия қилиш илинжида имкони бор инсонлардан озиқ-овқат маҳсулотларини тўплаб, нодавлат ташкилотлар томонидан одамларга беғараз ёрдам кўрсатиляпти. Аммо махсус, айтайлик, AҚШ каби ёки Қозоғистон каби давлатлар томонидан қанчадир миқдорда маблағ ажратилгани ёки ёрдам кўрсатилгани йўқ. Менда бундай хабар ҳам йўқ.
Озиқ-овқат маҳсулотлари қийналган инсонларга етказиб берилмоқда. Бу кўпроқ саховатпеша инсонлар томонидан амалга оширилмоқда. Бироқ инсонлар қийналиб қолишган тақдирда ҳукуматнинг маълум бир рақамига мурожаат қилишлари учун бирор рақам эълон қилингани ҳақида эшитганим йўқ. Балки бордир, лекин мен эшитмадим.
Яқинда парламент ҳукуматдан депутатлар ҳам, бошқа бир қатор ташкилотлар ҳам четдан келаётган ёрдам пулларининг ҳисоботини беришни талаб қилишди. Қанча пул борлиги ва нималарга сарфланаётганини билиб олишмоқчи. Лекин ҳозирча ҳисобот берилмади. Лекин талаб қилинмоқда.
– Карантин чекловлари жорий этилиб, чегаралар ёпилгандан кейин бошқа мамлакатда қолиб кетган қирғизистонликларнинг тақдири қандай бўлди? Улар чартер рейслар билан мамлакатга олиб келиняптими ёки қачон юртга қайтарилишини кутишяптими?
– Туркияда бир гуруҳ қирғизистонликлар бор эди. Россияда ҳам қолиб кетган қирғизистонликлар бор. Шунингдек, Францияда ҳам кам сонли бўлса-да, қирғизистонликлар бор. Рейслар ташкил қилинди ва олиб келинди ва яна режалаштириляпти, яна қайтадиганлар бор.
– Пандемиядан кейин Қирғизистон иқтисодиётида қандай ўзгаришлар бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз?
– Ҳозир масалан, шахсан ўзимда ҳам ёки кўпчиликнинг назарида ҳам бу ҳолат карантин вақти тугаса, яъни бизда 10 майгача деб кўрсатилган, шу вақтдан кейин бу нарсалар тамом тугайди, биз эски бир ҳолатга қайтамиз, деган тушунча бор қандайдир. Лекин афсуски бундай эмас. Ҳали бу ҳолат қачонгача давом этади, йиллаб давом этадими, ана шунда дунё қандай ўзгаради.
Қирғизистонда, Марказий Осиёда нималар содир бўлишини билиш учун солиштириладиган бирор асос йўқ. Aввал ҳам бундай пандемиялар тарқалгани ҳақида эшитганмиз, буни журналист сифатида айтадиган бўлсам, чуқурроқ ўрганган эмасмиз. Чунки уларнинг бизга таъсири бўлмаган. Шахсий фикримча, ҳар бир давлат халқининг ишончини қозона олиши керак. Халқ президент айтаётган фикрларга ишониши ва уни қўллаб-қувватлаши керак.
Ҳукумат нима қилаётганини биладими, бу чораларни билиб туриб киргазяптими, деган фикр ва қарама-қаршиликлар муаммоларни келтириб чиқаради. Шунинг учун айтмоқчиманки, ҳукумат нима иш қилаётганини тушунадиган даражада сиёсий онги, сиёсий эрки бўлиши зарур ва бундай ҳолатларга тайёргарликни олдиндан режалаштириши керак.
Бундан ташқари, Қирғизистон ҳам кўп маҳсулотлар ишлаб чиқармайди. Ташқаридан сотиб олади. Бугунги кунда ҳеч қандай маҳсулот етишмовчилиги кузатилгани йўқ. Лекин нарх-навонинг қимматлаганини кўришимиз мумкин. Кунлик даромад топадиган инсонларда эса пул қолмаяпти. Ўз-ўзидан эса муаммолар келиб чиқишини бошлайди. Aгар бу узоқроқ давом этадиган бўлса, ҳозирдан кўра анча қийинлашиб қолади.
Ҳукуматнинг олдидаги вазифа ҳам, аҳолининг яшаши ҳам қийинлашади. Шу билан биргаликда, Қирғизистонда ялпи ички маҳсулотдан ҳам кўпроқ муҳожирлар томонидан келаётган пул миқдори катта эди. Яъни четдан келаётган, мигрантлар жўнатаётган пул асосида катта даромадга эга бўлар эди. Ҳар бир давлат ўзини боқа оладиган даражага эга бўлиши керак. Балки онлайн савдога ҳам ўтиш даври келди.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
13:51 / 23.11.2024
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024
Қирғизистон ўз фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилди
18:39 / 20.11.2024