Самарқанд вилоят ССБга Captiva харид қилинаётгани ҳақида хабар тарқалди. Бошқарма англашилмовчилик бўлганини айтмоқда
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига Captiva 5 харид қилиш бўйича имзоланган хат сурати тарқалди. Бошқарма бундай автомобил сотиб олинмаслигини маълум қилди.
Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 2021 йил 4 ноябр санаси билан имзоланган хатда хорижий меҳмонларга қулай шароит яратиш мақсадида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Captiva-5 автомобилини харид қилиш назарда тутилган.
Айни вақтда Captiva 5T Premier нархи 309 млн 900 минг сўмни ва Captiva 5 LT нархи 281 млн 500 минг сўмни ташкил этади.
Бироқ, апрел ойидаги ҳукумат қарорига асосан, давлат бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари учун сотиб олинадиган автомобилларнинг энг юқори нархи БҲМнинг 700 баравари деб белгиланган. Бу – ҳозирги вақтда 189 млн сўмни ташкил этади. Шунга кўра, соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Captiva 5’нинг исталган турини харид қилиш ҳукумат қарорига зид ҳисобланади.
Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолат бўйича англашилмовчилик юз берган, яъни бошқармада Captiva 5 харид қилиш нияти бўлмаган. У бензин ташувчи автомобил ва музлаткичли автомобилни назарда тутган ҳолда ходимларига бошқарма эҳтиёжи учун каттароқ автомобил олиш кераклигини билдирганини, бироқ ходимлар нотўғри тушуниб, Captiva 5 харид қилиш бўйича хат расмийлаштиришгани ва уни ўринбосари имзолаб юборганини қўшимча қилди.
«Бошқарма томонидан ҳеч қандай Captiva 5 сотиб олингани йўқ. Бунга эҳтиёжимиз ҳам йўқ. Айни вақтда хизмат учун «Tracker» автомобилидан фойдаланиб келамиз.
Ушбу хат хизмат сафаридалигимда имзолаб юборилган. Воқеадан хабар топишим билан дарҳол хатни бекор қилдирдим.
Хатнинг расмийлаштирилиши ҳам нотўғри бўлган. Бошқарма бирор автомобил харид қилмоқчи бўлса, бунинг учун бошқарма бошлиғи эмас, соғлиқни сақлаш вазири ёки вилоят ҳокимининг рухсати олинади», дейди Давронбек Жуманиёзов.
Aввалроқ, Навоий вилояти ҳокимлиги 369 млн сўмга Malibu сотиб олаётгани, бу – қонунчиликка зидлиги, Олий таълим вазирлиги Malibu-2 сотиб олаётгани, Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги раҳбари ишни Malibu-2 хариди билан бошлагани хабарлар берилганди.
Мавзуга оид
09:18 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани Самарқандда жинсий зўравонлик қурбони бўлган қиз билан учрашди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
18:21 / 29.10.2024