Ўзбекистон | 11:35 / 21.01.2023
36549
7 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореядаги 1997 йилги инқироздан Ўзбекистон оладиган дарслар

Ўзбекистон “Осиё йўлбарси” бўлиш амбицияси борлигини 90-йиллардаёқ билдирганди. Ва бу йўлда Жанубий Кореянинг шиддатли ривожланиш тажрибасини қўллаш истаги борлигини яширмаган эди. Бироқ ўзбек ҳукумати бу тажрибанинг ижобий жиҳатларини қўйиб, салбийларидан – хатолардан “фойдаланди”, деган фикрни олға суради ўз мақоласида Kun.uz колумнисти Шаҳзод Йўлдошбоев.

1960-1990 йиллар давомида Жанубий Кореяда юз берган ривожланиш жараёни иқтисодиёт дарсликларида “мўъжиза” деб таърифланади... Сабаби маълум: икки Кореянинг ўзаро урушидан кейинги 30 йил давр мобайнида Жанубий Корея энг камбағал давлатлар сафидан энг ривожланганлар қаторига кириб олди.

Қуйидаги жадвалда кўк ранг билан аҳоли жон бошига ички ялпи маҳсулотнинг Жанубий Кореядаги ўсиш динамикаси кўрсатилган, қизил билан – дунё бўйича.

1960 йилда Жанубий Кореянинг ўртача фуқароси дунёнинг ўртача фуқаросидан 8 марта камбағал бўлган бўлса, 2020 йилга келиб ундан 3 баробар бой бўлиб олди. 2021 йил кўрсатгичларига кўра, Жанубий Корея, аҳолиси нисбатан кам бўлишига қарамай, дунёнинг энг йирик ўн иқтисодиёти қаторига киради.

Бундай оламшумул натижаларга ҳарбий диктатор Пак Чон Хининг агрессив индустриал сиёсати сабаб бўлган дейиш одатга айланган: Пак Чон Хи нуфузли оилалар томонидан бошқариладиган Samsung, LG, Hyundai, Daewoo каби катта конгломератлар тизимини ривожлантирган. Бу монопол компаниялар ҳукуматнинг яққол фаворитлари (эркатойлари) бўлган ва барча мавжуд преференциялардан фойдаланган. Мамалакатдаги барча тижорий банклар давлат тасарруфига ўтказилгани боис, мазкур конгломератлар инфляция кўрсаткичларидан-да паст ставкада кредитлар олишарди, бошқа компаниялардан кўра икки баробар кам даромад солиғи тўлашарди... Шу билан бирга, банкрот бўлишдан деярли кафолатланган “хавфсизлик ёстиғига” эга эдилар.

60-йиллар бошида мазкур сиёсат мамлакат эскпортини ривожлантиришга хизмат қилишидан умид қилинди. Ва Пак Чон Хи ҳукумати бунга эришди ҳам. Аммо 80-йилларга келиб, ҳукумат ўз қўллари билан яратган чуқурга тушаётгани аён бўлиб қолди.

1979 йилда ўлдирилган Пак Чон Хининг ворисларига монополистларни қўллаб-қувватлашдан бошқа йўл қолмаган эди, чунки у пайтга келиб, бутун иқтисодиётнинг 70 фоизи монополистларнинг қўлида эди ва улардан бирининг инқирозга учраши улкан кўламдаги занжир реакциясини келтириб чиқариши аён эди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, монополистлар иқтисодий гигантлар миқёсигача каттариб кетганига қарамасдан, уларнинг самарадорлиги майда компаниялардан паст эди. Масалан, 1997 йилда Samsung каби компанияларнинг самарадорлиги оддий компанияларга нисбатан-да паст эди. Бундан ташқари, конгломератларнинг капитали маҳсулдорлиги йилига 9 фоиз пасайиб борди.

Ресурсларнинг бу каби самарасиз ишлатилиши сабаби – монополистларда давлат банкларидан чекланмаган маблағлар ва ҳукумат субсидияларини олиш имконияти мавжудлиги: нега керак бугун ресурслардан рационал фойдаланиш, агар эртага янгисини осонгина олиш имкони бўлса? Бу мантиқ давлат ҳамёнидан маблағ олиш имкони бўлган барча компанияларга хос.

Табиийки, бепул нарса бир кун келиб тугайди. 1997 йилга келиб конгломератлар томонидан қарзга олинган ва ўзига тегишли бўлган капитали орасидаги нисбат 400 фоизга етди... Бу АҚШ компанияларидаги мазкур кўрсаткичдан 3 баробар юқори эди.

Рекорд даражадаги савдо дефицити ҳам тахминан шу пайтга тўғри келди ва, натижа ўлароқ, миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан девалвацияси ҳам. Кўплаб фирмалар долларда олган қарзларини қайтармай қўйди ва мамлакат молиявий инқироз зулмати ичра қолди. Ишсизлик 4 баробар кўпайди ва кореяликларнинг ўнтадан биттаси ишсиз қолди.

Бунинг устига, 1997 йилнинг учинчи кварталида аҳолининг реал даромадлари 14,2 фоизга тушиб кетди, энг камбағал қатлам учун йўқотишлар эса 23,7 фоизни ташкил қилди.

Бошқача қилиб айтганда, беш йил давомида эришилган иқтисодий ўсиш ярим йил ичида йўққа чиқди ва Жанубий Корея Халқаро валюта фонди ва Ғарб ҳамкорларидан молиявий ёрдам сўрашга мажбур бўлди.

Инқироздан сўнг Жанубий Корея ҳукумати молиявий тизимни ислоҳ қилди, мустақил Марказий банк тузди, асосийси – субсидиялар ҳажмини қисқартирди, банкротликка юз тутаётган компанияларга бериладиган кафолатланган ёрдамни бекор қилиш бўйича қаттиқ позицияни эгаллади. Мазкур чоралар ва ташқи молиявий ёрдам Жанубий Кореяга иқтисодий шокдан ўнгланиб олишга ёрдам берди.

1997 йилда Жанубий Кореяда юз берган молиявий инқирозга олиб борган хатолар бугунги Ўзбекистонда “кенг кўламда” такрорланяпти. Масалан, банк секторимизнинг 82 фоизи давлат назорати остида ва бу банклар компанияларга кредитларни молиявий мантиққа мувофиқ эмас, балки ҳукумат “мантиғи” бўйича беряпти. Фаворит (эркатой) компанияларнинг иқтисодиётдаги ўрни ўсиб боряпти. Бизда, 80-йиллардаги Жанубий Кореядаги каби, монополистлар томонидан яратилган иш ўринлари ҳақида кўп эшитамиз ва бу гўёки уларнинг мавжудлигини оқлайди.

Бироқ Жанубий Кореядан фарқли бизнинг иқтисодий стратегиямиз экспортни ривожлантиришга эмас ҳатто, балки импорт ўрнини босишга қаратилган, бу эса ундан-да хавфли. Тарихдан олинадиган дарслар бу каби ишлар яхшилик билан тугамаслигига яққол ишора қилади.

Жанубий Корея конгломератлари устида турувчи оилалар шу пайтгача қонунлардан устун туради, кўп ҳолатларда коррупция, мансабдорларни сотиб олиш, давлат маблағларини талон-торож қилганлик ва бошқа жиноятлар учун енгил жазо – қисқа муддатли қамоқ билан чекланилади. Давлат ўз қўллари билан каттакон монстрларни яратди ва кейин уларнинг қурбонига айланди. Янги Ўзбекистон эса айнан шу йўлдан боряпти, дейиш учун барча асосларимиз бор. Бошимиз ғурра бўлмасдан аввалроқ ўзгаларнинг хатоларидан тўғри хулоса чиқаришга бизга нима халақит қиляпти?

Айтилиши лозим бўлган сўнгсўз

Қуйидагиларни алоҳида таъкидлаш керак:

Ўзбекистон ҳукумати Жанубий Корея эришган ютуқларга ҳавас билан қараши, уларни такрорлашга уриниб келаётгани кўриниб турибди. Гарчи нотўғри иқтисодий йўл билан, автократик режим муҳитида бўлса-да, Жанубий Корея эришган натижа – катта экспорт ҳажмига эришгани ўзбек ҳукумати учун, афтидан, орзу ва интилинадиган маёқ. Ва бу йўлда монопол монстрларни яратиш ҳам ёмон тасарруф эмасдек кўриляпти. Бироқ...

Ҳозирда Ўзбекистонда юзага келган ҳуқуқий-иқтисодий вазият, тўғрироқ қилиб айтадиган бўлсак – ҳуқуқлар таъминланмаган иқтисодий вазият ўша – биз нотўғри деб атаётган ва Жанубий Кореяни инқирозга олиб келган вазиятдан анча ёмонроқ. Ва тасаввуримизга зўр берганимизда ҳам, иқтисодиётни экспортга йўналтириш ўрнига импорт ўрнини босишдек хато йўлда эканимизни эътибордан четда қолдирганимиз ҳолда ҳам, Ўзбекистон бундай вазиятда экспортни сезиларли оширишидан умид йўқ. Чунки ҳатто шу нотўғри, инқирозга олиб борувчи йўлни уддалаш учун ҳам... маълум қоидалар ишлаши керак, тадбиркорларда қонунлар, судларга нисбатан ишонч бўлиши керак...

Ҳозирча эса, ишораларга қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон “йўлидан оғмасдан” кейинчалик жиловлаб олиш мушкул бўлган яримкриминал кланларнинг таъсири катталашиб бораётган мамлакатга айланмоқда...

Шаҳзод Йўлдошбоев,
Georgetown университети талабаси, АҚШ

Kun.uz колумнистларни ҳамкорликка чорлаб қолади. Долзарб мавзулардаги муаллифлик мақолаларини @Muhammadshakur Telegram-манзилига юборишингиз мумкин.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид