Иқтисодиёт | 09:41 / 24.03.2026
8275
5 дақиқада ўқилади

«Paynet Xolis» касса аппарат ўрнини босадими? Солиқ талаблари бўйича чалкашликлар юзага келмоқда

Тошкентда фаолият юритувчи тадбиркор Kun.uz’га солиқ органлари талаблари юзасидан чалкашликка дуч келганини маълум қилди. Унга аввал терминалдан воз кечиб, «Paynet Xolis» орқали ишлаш тавсия этилган бўлса, кейинчалик бу тизим ҳали тест режимида экани айтилиб, яна касса аппарат талаб қилинган. Ҳолат юзасидан Солиқ қўмитаси муносабат билдирди.

Тошкент шаҳрида гул олди-сотдиси билан шуғулланувчи тадбиркор Kun.uz’га мурожаат қилиб, солиқ органлари талаблари бўйича тушунмовчилик юзага келганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, дастлаб солиқ органи ходимлари унда мавжуд бўлган касса аппарати ишлатилмаётганига эътибор қаратган. Шу билан бирга январ ойидан бошлаб «Paynet Xolis» тизимидан фойдаланиш тавсия этилган.

«Ҳамма ЯТТларга «Paynet Xolis»ни мажбурий улашди. «Энди касса аппаратни ишлатмайсиз, барча чекларни шу орқали чиқарасиз», дейишди. Нақд пул билан тўланса, нақд кўрсатасиз, карта бўлса, QR-код орқали тўлаш керак», дейишди. Лекин тизим ҳали тўлиқ ишламаяпти, баъзан QR-код ҳам ишламай қолади», - дейди тадбиркор.

Кейинчалик у солиқ органлари тавсиясига асосан терминал тизимидан ҳам чиқиб кетган. Бироқ яқинда ўтказилган профилактик текширувда ундан яна терминал ва чек масаласи сўралган.

«Энди эса бу тест режимидаги масала, касса аппарат мажбурий, QR-кодли чек бўлиши керак, дейишяпти. Қайси бири тўғри — тушунмаяпман», - дейди у.

Солиқ маслаҳатчиси нима дейди?

Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджоновнинг изоҳига кўра, қонунчиликда «Paynet Xolis»дан фойдаланиш мажбурий эмас, бироқ фискал чек бериш мажбурий ҳисобланади.

Унинг таъкидлашича, «Paynet Xolis» аслида касса аппаратнинг муқобили сифатида ишлаши мумкин: тизим орқали тушум киритилади, QR-код шаклланади, бу фискал чек сифатида тан олинади.

«Paynet Xolis» ўрнатилган бўлса, бу касса аппаратга умуман чек урмаслик мумкин дегани эмас. Аслида шу платформанинг ўзида фискал чек шакллантирилиши керак. Яъни у касса аппарат вазифасини бажаради», - дейди мутахассис.

Агар тадбиркор ушбу тизимдан фойдаланмаса ёки чек бермаса, эътирозлар шундан келиб чиқиши мумкин.

«Paynet Xolis»дан фойдаланиш тадбиркорни касса аппаратдан фойдаланиш мажбуриятидан озод қилмайди» – Солиқ қўмитаси

Солиқ қўмитасининг Kun.uzʼга маълум қилишича, бугунги кунда савдо операцияларини нафақат анъанавий касса аппаратлари, балки рақамли платформалар орқали ҳам амалга ошириш мумкин. Яъни:

 • тўловларни нақд ва нақдсиз қабул қилиш

 • QR-код орқали тўлов олиш

 • электрон чек шакллантириш – барчаси қонунчилик доирасида рухсат этилган.

Шу билан бирга 2026 йил 1 январдан бошлаб (247 сонли президент қарорига асосан) тадбиркорларда махсус QR-код бўлиши мажбурий бўлди. QR-код бўлмаса, бу касса аппарати ёки терминал ишлатмасликка тенглаштирилади.

Шунингдек, қонунчиликка кўра:

 • электрон чек — қоғоз чек билан тенг

 • тўловни QR-код орқали қабул қилишни рад этиш — жаримага сабаб бўлади

Энг муҳим жиҳат – «Paynet Xolis»дан фойдаланиш тадбиркорни касса аппаратдан фойдаланиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Яъни тадбиркор ё касса аппарат ишлатиши ёки «Paynet Xolis» орқали фискал чек бериши керак.

Маълумот учун, 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ва ўзини ўзи банд қилганлар учун уларнинг фаолиятини рақамлаштириш орқали соддалаштиришни назарда тутувчи махсус ҳуқуқий режим жорий этилгани муносабати билан, QR-кодни фақат битта иловада – «Paynet Xolis»да расмийлаштириш мумкин бўлди. Бу монополияни юзага келтириш борасида хавотирларни уйғотди. Жойларда тадбиркорлар ушбу иловадан фойдаланишга мажбурланган ҳолатлар ҳам бўлди.

Марказий банк раиси Тимур Ишметов журналистларнинг бу борадаги саволига жавобан битта ёки иккита ташкилот бу ишни амалга ошириши бўйича қарор қабул қилинмаганини маълум қилди. «Бошқа тўловларни амалга оширувчилар ҳам ўзининг инфраструктурасидан келиб чиқиб бу ишни қилиши мумкин», - деди у.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид