Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оқ уйда катта учрашув, сулҳга рози бўлган Ҳамас ва Кореяда бошланган ҳарбий машғулотлар – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
«Оқ уйда катта кун»
18 август куни Вашингтонда АҚШ президенти Доналд Трамп Украина раҳбари Володимир Зеленский ва Европанинг етакчи давлатлари бошчилари билан Украинадаги урушни муҳокама қилди. Ушбу йиғилиш Трампнинг Путин билан 15 августдаги учрашувидан кейинги муҳим дипломатик босқич сифатида кўрилди.
Зеленский тинчлик учун АҚШ ва Европанинг биргаликдаги босими зарурлигини айтди. У Трамп билан қўл сиқиб учрашди ва урушни тугатиш саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди. Зеленскийнинг таъкидлашича, Украинага ишончли хавфсизлик кафолатлари керак.
Оқ уйда НАТО бош котиби ва Европа давлатлари етакчилари қатнашди. Улар Украина учун НАТОнинг 5-моддасига яқин хавфсизлик кафолатлари зарурлигини урғулашди. Германия канцлери Фридрих Мерц ва бошқалар эса сулҳ ҳар қандай музокарадан олдин бўлиши кераклигини таъкидлади.
Трамп эса ноаниқ баёнотлар берди: «Биз доимий тинчликка эришамиз», деди, аммо Украина ҳудуддан воз кечиши масаласига жавоб бермади. У «ҳудудлар алмашинуви имконияти»ни тилга олди, аммо Европа раҳбарлари бу нуқтада эҳтиёткорлик билан муносабат билдирди.
Йиғилишдан сўнг Трамп Путинга қўнғироқ қилди. Россия расмийларига кўра, 40 дақиқа давом этган суҳбат «очиқ ва конструктив» ўтган, томонлар юқори даражадаги музокарачилар тайинлашга келишган. Бироқ Путин Зеленскийни легитим деб ҳисобламаслигини аввалдан билдирган.
Трамп ва Зеленский сўнгги баёнотларида энг тортишувли масалалар – сулҳ ва ҳудудлар тақдири – Путин билан юзма-юз музокарага қолдирилишини айтди. Трамп уч томонлама учрашувга умид қилмоқда. Учрашув якунида тарафлар барқарор тинчлик сари ҳаракат қилиш зарурлигини такрорлади, аммо асосий ечимлар ҳали номаълум қолмоқда.
Ҳамас сулҳ таклифини қабул қилди
Ҳамас Исроил билан 60 кунлик сулҳ таклифини қабул қилди. Унга кўра, Ғазода ушлаб турилган гаровдагиларнинг ярми озод қилинади ва Исроил айрим фаластинлик маҳбусларни қўйиб юборади. Бу ҳақда Миср расмий манбаларига таяниб Reuters хабар бермоқда.
Ҳамаснинг юқори лавозимли расмийси Басем Наим ҳам гуруҳнинг сулҳга розилигини тасдиқлади. Ҳамас шунингдек, бошқа Фаластин гуруҳлари ҳам воситачиларга ўз розиликларини билдирганини маълум қилди. Исроилнинг таклифга расмий жавоби бўлмаган, бироқ бир расмий унинг қабул қилинганини тасдиқлаган. Миср ва Қатар АҚШ қўллови билан томонлар ўртасида воситачилик қилмоқда.
Бош вазир Бенямин Нетаняҳу ўз идораси тарқатган видеода: «Мен ҳам сиз каби оммавий ахборот воситаларидан хабарларни эшитяпман. Улардан келадиган асосий таассурот шуки, Ҳамас улкан босим остида», деди.
Мисрлик манбанинг айтишича, Ҳамас қабул қилган таклиф Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларини 60 кунга тўхтатишни ва деярли икки йил давом этаётган урушни тугатишга оид кенгроқ келишув учун асос яратишни назарда тутади.
Исроилнинг бу ой бошида эълон қилинган Ғазо шаҳрини назоратга олиш режаси доирасида кутилган ер усти ҳужуми сабабли минглаб фаластинликлар шарқий Ғазо шаҳридаги уйларини тарк этмоқда. Улар доимий бомбардимон остидаги ҳудудлардан ғарб ва жанубга томон йўл олмоқда.
Гувоҳларнинг айтишича, душанба куни ўз кучини намойиш қилиш учун Исроил танклари Ғазо шаҳрининг Сабра маҳалласига кириб борди. Камида 9 та танк ва булдозер кўрилган. Исроил армияси бош штаби раҳбари генерал-лейтенант Эял Замир мамлакат Ғазо урушида «бурилиш нуқтасида» турганини, асосий эътибор Ғазо шаҳрида Ҳамасга қарши зарбаларни кучайтиришга қаратилганини айтди.
Охирги марта сулҳ бўйича билвосита музокаралар июл охирида ўтказилган ва томонлар ўзаро айблашлар билан якунланган эди. Исроил барча гаровдагилар озод қилинса ва Ҳамас қуролини ташласа, жангларни тўхтатишга рози бўлишини айтган. Аммо Ҳамас бу талабни Фаластин давлати тузилмагунча рад этиб келмоқда.
Исроилнинг Ғазодан қанчалик чиқиб кетиши ва гуманитар ёрдамнинг қандай етказилиши масаласида ҳам кескин тафовутлар мавжуд. Ёрдам ташкилотлари очарчилик хавфи ортаётганидан огоҳлантирмоқда.
АҚШ 6 мингдан ортиқ талабалар визасини бекор қилди
BBC нашрининг ёзишича, АҚШ Давлат департаменти 6 мингдан ортиқ халқаро талабалар визасини бекор қилган. Сабаб — АҚШ қонунларини бузиш ва мамлакатда белгиланган муддатдан ортиқ қолиш.
Идора маълумотига кўра, бузилишларнинг «катта қисми» зўравонлик, маст ҳолда машина ҳайдаш, ўғрилик ва «терроризмни қўллаб-қувватлаш» билан боғлиқ бўлган. Бу қарор Трамп маъмурияти иммиграция ва халқаро талабалар устидан назоратни кучайтираётгани бир пайтда қабул қилинди. Давлат департаменти «терроризмни қўллаб-қувватлаш» деганда нимани назарда тутганини очиқламади, бироқ Трамп маъмурияти Фаластинни қўллаб намойиш қилган айрим талабаларни антисемитик хатти-ҳаракатда айблаб келмоқда.
Бекор қилинган 6 минг визанинг тахминан 4 мингтаси қонунни бузган талабалар улуши бўлди. Яна 200–300 виза эса «терроризм» билан боғлиқ кенг кўламдаги ҳаракатлар учун бекор қилинган.
Жорий йил бошида Трамп маъмурияти халқаро талабалар учун виза суҳбатларини белгилашни тўхтатганди. Июн ойида жараён қайта бошлангач, барча аризачилардан ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини оммага ошкор этиш талаб қилинди. Расмийларнинг айтишича, улар АҚШ фуқаролари, маданияти, ҳукумати, институтлари ёки асосий тамойилларига нисбатан «душманлик аломатлари»ни қидиришади. Демократлар бу сиёсатга қарши чиқиб, уни «қонуний жараёнларга ҳужум» деб атаган.
Open Doors ташкилотига кўра, 2023–24 ўқув йилида АҚШ олийгоҳларида 210 та хорижий давлатда 1,1 миллиондан зиёд халқаро талаба таҳсил олган.
Жанубий Кореяда ҳарбий машғулотлар
АҚШ ва Жанубий Корея Шимолий Корея таҳдидларига қарши қўшма мудофаа тайёргарлигини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар йили ўтказиладиган Ulchi Freedom Shield (UFS) ҳарбий машғулотларини бошлади.
Yonhap агентлиги маълумотига кўра, 11 кунлик манёврлар 28 августгача давом этади. Вашингтон ва Сеул ҳар йили ўтказадиган бу қўшма машқлар икки давлатнинг Пхенянга қарши мудофаа имкониятларини кучайтиришга қаратилган.
Бу йил «реалистик» таҳдид сценарийлари асосида ўтказилаётган машғулотларда қарийб 18 минг жанубий кореялик ҳарбий хизматчи қатнашмоқда. UFS доирасида қўшимча равишда 580 минг фуқаро иштирокида тўрт кунлик фуқаролик мудофааси машқлари, шунингдек, дронларга ва киберҳужумларга қарши чораларни синовдан ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Бундан ташқари, белгиланган 40 та дала машқларининг деярли ярми сентябр ойига кўчирилди — бу Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги кескинликни юмшатиш чораларидан бири сифатида кўрилмоқда.
Пхенян эса одатдагидек бундай машқларни «босқин машқи» деб атади. КХДР Мудофаа вазири «Биз АҚШ ва Жанубий Кореянинг Шимолий Кореяга қарши можарога интилаётганини очиқ-ойдин кўрсатувчи провокацион ҳаракатларини қатъий қоралаймиз», дея баёнот берди.
АҚШ ва Жанубий Корея эса уларни фақат мудофаа характерига эга эканини таъкидлаб келмоқда.
30 давлат Украинага хавфсизлик кафолатлари бўйича ишлаяпти
НАТО бош котиби Марк Рютте 30 давлат Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича ягона концепция устида ишлаётганини, АҚШ эса эндиликда бу ташаббусга қўшилишга тайёр эканини билдирди.
Оқ уйдаги музокаралардан сўнг Fox News'га берган интервюсида Рютте бу мулоқотларни «жуда муваффақиятли» деб атади. Унга кўра, бу хавфсизлик кафолатлари сулҳ ёки, афзалроқ вариант сифатида, Россия ва Украина ўртасида тўлиқ тинчлик битимидан кейин кучга кириши мумкин.
«Сўнгги бир неча ой давомида Британия бош вазири Кейр Стармер ва Франция президенти Эммануэл Макрон раҳбарлигида 30 та давлат, жумладан, Япония ва Австралия ҳам хавфсизлик кафолатлари концепцияси устида ишламоқда», деди у.
Рюттенинг айтишича, Трамп душанба куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашиб, Путин Зеленский билан учрашишга рози бўлган. Бу учрашув трилатерал саммит олдидан ўтказилиши кутилмоқда.
«У президент Путин билан мулоқот давомида Зеленский билан учрашув ўтказишга розилигини ола билди. Энди улар бу учрашув қаерда бўлишини муҳокама қилади», деди у.
Украинанинг ҳудудий ён бериш масаласи муҳокама қилинган-қилинмаганига оид саволга жавобан Рютте бундай масала Вашингтонда кўтарилмаганини айтди.
Мавзуга оид
13:59 / 27.12.2025
Ғарбий соҳилдаги зўравонлик, Хитойнинг АҚШ компанияларига санкцияси ва Беларусга жойлаштирилган «Орешник»лар – кун дайжести
14:35 / 26.12.2025
Нигерияда ИШИДга зарба берган АҚШ, украиналикларнинг Путинга «тилаги» ва Килиманжарода қулаган вертолёт – кун дайжести
14:59 / 25.12.2025
Исроилга қарши даъвога қўшилган Белгия, Кимнинг атом сувости кемаси ва Москва осмонидаги дронлар – кун дайжести
14:02 / 24.12.2025