Ўзбекистон | 18:58 / 23.07.2021
4303
2 дақиқада ўқилади

“Коронавирусга чалиниб, карантинга олинган фуқаролар ҳам президент сайловида овоз беради” — Зайниддин Низомхўжаев

Шифохоналарда коронавирусдан даволанаётган ва беморлар билан мулоқотда бўлгани боис карантинга олинган фуқароларнинг президент сайловида овоз бериш ҳуқуқи таъминланади, деб маълум қилди Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев.

“Пандемия шароитида сайловни ташкил этиш бўйича махсус қарорлар қабул қилинади. Тез орада бу қарорлар чиқади. Унда касаллик туфайли ўз фуқаролик бурчини бажаришдан тўсилган фуқароларга шароит яратиш ўз ифодасини топган. Уйда бўладими ёки ковид саралаш марказларида даволанаётган бўладими, уларнинг ҳам конституциявий ҳуқуқлари таъминланади.

Сайлов комиссиясининг икки аъзоси тиббиёт ходими иштирокида махсус кийимлар билан тиббиёт муассасаларига, саралаш марказларига бориб, карантин талаблари ва йўриқнома қоидалари асосида беморларнинг ҳуқуқлари таъминлайдилар.

Карантин туфайли ўз уйида даволанаётган инсонларга ҳам қулайлик яратиш мақсадида уларнинг уйларига бориб, кўчма қутилар билан овоз бериш ҳуқуқлари таъминланади. Сайловга овоз бериш куни арафасидаги эпидемиологик вазиятга қараб иш тутилади”, – деди Зайниддин Низомхўжаев 23 июль кунги матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, 23 июль куни Ўзбекистонда президент сайлови кампаниясига старт берилди. Сайлов 24 октябрда бўлиб ўтади.

Президентликка номзодлар сайлов кунига 45 кун қолгунига қадар маълум бўлади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, сайловларда 5та партия – “Адолат” социал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Либерал демократлар партияси (ЎзЛиДеП), Халқ демократик партияси ва Экологик партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга.

Мавзуга оид