Ўзбекистон | 23:06 / 06.10.2025
2947
4 дақиқада ўқилади

Миллий жамоада янги бош мураббий ва iPhone 17 олиб киришдаги тўловлар – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Фабио Каннаваро Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) 2006 йилги жаҳон чемпионати ғолиби, «Олтин тўп» соҳиби, ўтмишнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири, таниқли мутахассис Фабио Каннаваро билан шартнома тузди.

Италиялик мураббий жамоани АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтадиган Жаҳон чемпионатига тайёрлайди. ЎФА хабарида шартноманинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган. Олдинроқ оммавий ахборот воситаларида Каннаваро ва штабининг йиллик маоши миқдори 4 млн евро атрофида бўлиши ҳақида хабар тарқалганди.

Тошкент ҳавоси ифлослиги бўйича дунёда яна 1-ўринга чиқди

6 октябр соат 10:00 ҳолатига Тошкент шаҳри ҳавосида майда PM2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 158 мкг/м3 ни ташкил этди. Бу «зарарли» таснифдаги кўрсаткич ҳисобланади.

IQAir порталига кўра, пойтахт ҳавосида PM10 туридаги зарарли заррачалар миқдори 269,7 мкг/м³ га етган. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаган меъёрдан (ҳар куни учун 45 мкг/м³) қарийб 6 баробар юқори бўлиб, инсон саломатлиги учун хавфли даражадир.

Афсуски, сўнгги пайтларда Тошкент шаҳри ҳавонинг ифлослиги рейтингида мунтазам равишда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.

Ўзбекистонда олтин нархи йил бошидан буён қарийб 40 фоизга ошди

6 октябр куни Ўзбекистон Марказий банки ўлчовли олтин қуймаларнинг янгиланган нархини эълон қилди. 1 грамм олтиннинг қиймати 1 млн 572 минг 600 сўмга етиб, тарихдаги энг юқори кўрсаткични қайд этди.

Нарх рекорди йил бошидан бери 36 марта янгиланди. Олтин қуймалар охирги бир йилда 40 фоизга, йил бошидан бери 38 фоизга қимматлади. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса нарх 40,2 фоизга ошган.

Жаҳон бозорида ҳам олтин нархининг ўсиши кузатилмоқда

Божхона қўмитаси iPhone 17 смартфонини олиб киришдаги тўловлар ҳақида маълумот берди

Мобил қурилманинг божхона қиймати белгиланган нормадан ортган тақдирда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади. Шунингдек, божхона органлари томонидан божхона кирим ордерини тўлдириш ва расмийлаштириш учун БҲМ 25 фоизи (103 000 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

Шунингдек, iPhone 17 русумидаги мобил қурилма олиб кирилганда, унинг божхона қиймати агар харид чеки, квитанцияси ва (ёки) бошқа тижорат ҳужжатлари мавжуд бўлса, ундаги қийматдан келиб чиқиб, агар мавжуд бўлмаса Apple компаниясининг фуқаро келаётган давлатдаги расмий сайтидаги нархларга асосланилади.

Нақд пул шаклида пенсия тарқатишда Face-ID қўллана бошланди

Фуқароларни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) орқали нақд пул шаклида пенсия тўлаш бошланди.

Пенсия жамғармаси хабарига кўра, октябр ойидан бошлаб ҳудудларда пенсияларни нақд шаклда тўлашда фуқаролар биометрик идентификация (Face-ID) қилиняпти ва уларнинг имзоси электрон шаклда олиняпти.

Таъкидланишича, энди пенсияни фуқарога тўламаслик ёки бошқа шахсларга тўлаб юбориш ҳолатларининг олди олинади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид