Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда олтин нархи йил бошидан буён қарийб 40 фоизга ошди
Банкларда сотилаётган олтин қуймалар нархи яна бир тарихий максимумни қайд этиб, 5 грамм учун 7 млн 860 минг сўмга етди. Нарх рекорди йил бошидан бери 36 марта янгиланди. Олтин қуймалар охирги бир йилда 40 фоизга, йил бошидан бери 38 фоизга қимматлашди.
6 октябр куни Ўзбекистон Марказий банки ўлчовли олтин қуймаларнинг янгиланган нархини эълон қилди. 1 грамм олтиннинг қиймати 1 млн 572 минг 600 сўмга етиб, тарихдаги энг юқори кўрсаткични қайд этди.
Жорий нархлар:
- 5 граммли қуйма — 7 млн 860 минг сўм,
- 10 граммли қуйма — 15 млн 721 минг сўм,
- 20 граммли қуйма — 31 млн 441 минг сўм,
- 50 граммли қуйма — 78 млн 603 минг сўм,
- 100 граммли қуйма — 157 млн 206 минг сўмдан сотилмоқда.
Олтин бозори рекордни 36 марта янгилади
Марказий банк маълумотларига кўра, йил бошидан буён ўлчовли олтин нархи 36 марта янги рекорд ўрнатган. Шу даврда олтин 38,8 фоизга қимматлашган.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса нарх 40,2 фоизга ошган.
Жаҳон бозорида ҳам ўсиш кузатилмоқда
Дунё бўйича ҳам олтин котировкалари юқориламоқда. 6 октябр ҳолатига кўра, жаҳон бозорида олтиннинг троя унцияси илк бор 3939 доллар (яъни грамм учун 126,65 доллар) қийматга етди. Бу ўсиш АҚШ Федерал захира тизимининг пул-кредит сиёсатини юмшатиш эҳтимоли ва мамлакатда 1 октябрдан бошланган шатдаун (ҳукумат фаолиятининг вақтинча тўхташи) билан изоҳланмоқда.
Goldman Sachs таҳлилчиларининг фикрича, агар FED мустақиллигига босим кучайса, олтин нархи бир троя унцияси учун 5 минг долларгача етиши мумкин. Шунингдек, ҳатто АҚШ ғазначилик облигацияларидан олтинга ўтказиладиган активларнинг кичик улуши ҳам глобал нархларнинг кескин ошишига олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябр ҳолатига Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари биринчи марта 50 млрд доллардан ошди. Бунда олтин захиралари ҳажми 40,06 миллиард долларга етиб, қиймат жиҳатидан ҳам рекорд натижани қайд этган. Жаҳон олтин кенгаши маълумотига кўра, Ўзбекистон август ойида 2 тонна олтин харид қилган.
Мавзуга оид
09:20
Чегарадан ноқонуний олиб ўтилган 1,1 млрд сўмлик олтин қўлга олинди
19:19 / 04.12.2025
Ўзбекистон октябрда олтиннинг энг йирик харидорларидан бири бўлди
18:08 / 03.12.2025
Британиянинг Revolut банки Ўзбекистонда чиқарилган карталарни блоклади
07:28 / 02.12.2025