Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
800 та пахта териш машинаси ва Пискентдаги дарахткушлик – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
2026 йилда 200 миллион долларга 800 та пахта териш машинаси харид қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев 9 декабр куни пахтачилик ва ғаллачиликни молиялаштиришни самарали ташкил этиш ҳамда аграр соҳада субсидиялар ажратиш янги тизими юзасидан тақдимот билан танишди.
Келгуси йилда пахта ва ғалла ҳосили, субсидия ва бошқа харажатларга жами 34,2 триллион сўм ажратиш режалаштирилгани, қўшимча 200 миллион доллар маблағ жалб қилиб, 800 та пахта териш машинаси харид қилиниши маълум қилинди. Бу борада жорий қилиниши таклиф этилаётган янги қўллаб-қувватлаш механизмлари кўриб чиқилди.
Жумладан, 2026 йилда агротехник тадбирлар, шу жумладан плёнка ва эгилувчан қувурлар учун қўшимча 5 триллион сўм ажратиш таклиф қилинди. Шунингдек, ўз маблағи ҳисобидан буғдой етиштирган фермерларга 10 фоиз субсидия ажратиш ташаббуси билдирилди.
Оғир вазнли транспорт ҳаракатини мавсумий чеклаш тартиби ишлаб чиқилади
Президент Шавкат Мирзиёев 9 декабр куни автомобил йўллари соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Тақдимотда соҳада мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклиф ва режалар тақдим қилинди. Аввало, мавжуд умумий фойдаланишдаги ва ички йўллар ҳамда кўприкларни таъмирлаш, янгиларини барпо этишда илғор тажриба ва жаҳонда ўзини оқлаган технологиялардан фойдаланиш сустлиги кўрсатиб ўтилди.
Оғирлиги меъёрдан ортиқ юк автомашиналарининг ҳаракатлангани оқибатида 1800 километр йўл таъмирталаб ҳолга келиб қолгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан юк транспорти вазнини назорат қилиш учун ўлчов тарозилари тармоғини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Ҳозирда 9 та шундай тарози ўрнатилган, 8 тасини ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Келгусида яна 35 та кўчма ва стационар назорат-ўлчов масканини барпо этишга топшириқ берилди.
Пискентда кўплаб дарахтлар кесилиб, яшил ҳудуд йўқ қилингани айтилмоқда
Тошкент вилояти Пискент туманидаги Тошкент денгизига яқин ҳудудда кўплаб дарахтлар кесиб ташланиб, ҳар ёққа ташлаб кетилгани ҳақда Kun.uz'га видеомурожаат келиб тушди.
Қайд этилишича, тасвирлар 7 декабр куни олинган. Унда дарахтлар кўп йиллик экани, унинг шох ва тўнкалари ҳар ерга ташлаб кетилгани кўринади.
Дарахтлар нима сабаб билан кесилгани маълум эмас. Kun.uz бу борадаги сўровини яқиндагина ҳукумат таркибидан чиқарилиб, вазирлик негизида ташкил қилинган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига юборди.
Telegram’да профилни нусхалаб, қарз сўраш билан боғлиқ фирибгарлик кўпаймоқда
Ўзбекистонда шу кунларда Telegram орқали янги турдаги фирибгарлик оммалашмоқда. Бу очиқ гуруҳлардаги бирор шахс профилини сохталаштириш орқали ўша гуруҳдаги бошқа шахслардан қарз сўраш билан боғлиқ. Бу алдовга эса кўплар чув тушмоқда.
Фирибгарлар баъзи гуруҳлардаги шахс номидан сохта профил очиб, профил расми, исм-фамилия, username, био ва бошқа элементлар фирибгар томонидан айнан бир хил шаклда қайта яратади. Сўнгра гуруҳ аъзоларига қарз сўраб ёза бошлайди. Ва кимдир бу тузоққа илиниши мумкин.
Шунинг учун бирор танишингиз Telegram орқали ёзиб, сиздан қарз сўраса, унга дарҳол пул беришга шошилманг. Сабаби сизга ёзаётган шахс аслида фирибгар бўлиши мумкин. Унга қўнғироқ қилиб, ҳолатни аниқлаштиринг.
Humans ва Paylov карталардаги пулларнинг ғойиб бўлишида бир-бирини айблади
Humans рухсатсиз пул ечишлар Paylov хизматидаги заифлик туфайли содир бўлганини маълум қилди. Ўз навбатида Paylov барча фрод операциялари Humansʼга берилган шифрланган калитлардан фойдаланилган ҳолда амалга оширилганини билдиряпти. Марказий банк барча шубҳали транзакциялар синчиклаб ўрганилаётганини маълум қилди.
Kun.uz Humans мобил иловасига уланган карталардан оммавий равишда тасдиқ СМС-кодисиз пул ечиб олингани ҳақида хабар берганди. Транзакция PL HUMANS P2P номи остида амалга оширилган. Шундан сўнг Марказий банк эҳтимолий заифликни бартараф этиш мақсадида Humans билан боғлиқ пул ўтказмалари амалиётлари тўхтатилгани ва барча шубҳали транзакциялар синчиклаб ўрганилаётганини маълум қилди.
Мавзуга оид
22:46 / 05.12.2025
Янги энергетика қувватлари ва Гулистондаги портлашдан сўнг қамоққа олинганлар — маҳаллий дайжест
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025