Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Уй-жой ва автомобил савдосида нақд пулдан воз кечилиши ва инсон аъзолари савдогарларига жазо – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Нақд пулга уй-жой ва автомобил олди-сотдиси бекор қилинади, нақдсиз ҳисоб-китоблар оммалаштирилади
2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда бир қатор тўловлар фақат нақд пулсиз шаклда қабул қилинади.
Жумладан, қуйидагилар учун тўлов фақат банк картаси ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:
▪️ давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
▪️ электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;
▪️ кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ва бошқалар.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январгача барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар томонидан электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR код жорий қилинади. Бунда 2026 йил 1 июлдан барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахсларда ягона QR кодли тўлов тизими орқали тўловларни қабул қилиш ҳам мажбурий этиб белгиланади.
Инсон аъзолари савдоси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳга ҳукм ўқилди
Инсон аъзолари ва тўқималари савдоси билан шуғулланган уюшган гуруҳ аъзолари жиноий жазога тортилди.
Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Бухоро ҳамда Қашқадарё вилоятларида яшовчи 12 нафар фуқародан (4 нафари аёл) иборат жиноий гуруҳ ижтимоий тармоқлар орқали буйрак ва жигар касалликларидан азият чекаётган беморларни топган. Сўнгра соғлом фуқароларни мўмай пул эвазига ўз аъзосини сотишга қизиқтирган. Шу тариқа чет элдаги танишлари ёрдамида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали уларни гўёки қариндош сифатида кўрсатган ва қўшни давлатларнинг биридаги хусусий клиникада жарроҳлик амалиётларини амалга оширган. Беморлардан олинган катта миқдордаги пул маблағларининг маълум бир қисми операция учун хусусий клиникага ҳамда донорларга берилган, қолгани эса ўзаро тақсимланган.
Гуруҳ аъзолари турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.
Жиззахда бедарак йўқолган ИИБ ходими Бўстонлиқдан топилди
27 октябр куни тонгда яшаш уйидан чиқиб кетганича қайтмаган Жиззах вилояти, Зафаробод тумани ИИБ ходими Мамаюсуф Раҳматуллаев топилди ва қўлга олинди, у Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида яшириниб юргани аниқланди.
Мамаюсуф Раҳматуллаевга нисбатан Зафаробод тумани прокуратураси томонидан 2025 йил 19 ноябр куни Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилган. У айбланаётган фирибгарлик тафсилоти ҳозирча маълум эмас.
Барча дорихоналар «Электрон рецепт» орқали ишлашга ўтади
2025 йил 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва қатор туманларда, 2026 йил якунига қадар эса бутун республика бўйлаб дорихоналар учун «Электрон рецепт» тизимига уланиш лицензия олиш ва уни сақлаб қолиш учун мажбурий шарт этиб белгиланмоқда. Таъкидланишича, бу тартиб дориларни фақат рецепт асосида беришни қатъий назорат қилишга қаратилган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, дорихоналар томонидан рецепт асосида берилиши лозим бўлган дори воситасини рецептсиз берганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Энди шифокор томонидан тайинланадиган айрим дори воситаларини харид қилишда фуқароларга дорихонага албатта шифокор томонидан тизимга киритилган электрон рецепт асосида мурожаат қилиш тавсия этилмоқда.
Қамчиқда 16 ёшли қиз осма дор йўлидан қулади
Ижтимоий тармоқларда Қамчиқ довонида осма дор йўлида аёл пастга қулагани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълум бўлишича, ҳолат 11 декабр куни содир бўлган: осма дор йўлида учаётган 16 ёшли қиз «юзага келган носозлик» сабаб пастга қулаган.
ФВВ матбуот хизматига кўра, қиз зудлик билан шифохонага олиб борилган. Ҳозир унинг аҳволи яхши экани таъкидланмоқда.
Мавзуга оид
22:32 / 10.12.2025
800 та пахта териш машинаси ва Пискентдаги дарахткушлик – маҳаллий дайжест
22:46 / 05.12.2025
Янги энергетика қувватлари ва Гулистондаги портлашдан сўнг қамоққа олинганлар — маҳаллий дайжест
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025