Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Афғонистонда нима учун зилзилалар кўп содир бўлади?
Тоғлар билан ўралган Афғонистон – турли табиий офатларга мойил мамлакат, лекин энг кўп инсоний ва моддий талафотлар айнан ер силкинишлари ортидан содир бўлади. Тадқиқотларга кўра, 1990 йилдан буён Афғонистонда магнитудаси 5,0 дан юқори бўлган юзлаб зилзилалар қайд этилган.
Сўнгги йилларда Афғонистонда бир неча бор юз берган кучли зилзилалар мамлакатни ларзага солди. Бошқа камбағал давлатлар каби афғонлар ҳам бундай табиий офатларнинг оқибатларини бартараф қилишда кўпроқ қийинчиликларга дуч келмоқда. Айниқса, қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги «лой ғишт» ва ёғочдан ясалган уйлар – кичик тебранишларга ҳам жуда сезгир бўлади.
Хусусан, бугун, 3 ноябрь Мозори Шариф яқинида содир бўлган 6,3 магнитудали зилзила оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди, юзлаб инсонлар жароҳат олди. Атиги 2 ой олдин: 31 август куни содир бўлган даҳшатли зилзила ва кучли такрорий силкинишлар натижасида 2 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, минглаб одамлар жароҳат олганди.
Reuters нашри, сўнгги йиллардаги урушлар оқибатида вайрон бўлган – Афғонистон нега тез-тез зилзилалар билан юзлашаётгани ва уларнинг оқибатларини камайтириш йўллари ҳақида маълумот берди.
Тоғлар билан ўралган Афғонистон турли табиий офатларга мойил мамлакатдир, бироқ энг кўп талафотлар айнан зилзилалар сабабли содир бўлади. Ҳар йили ўртача 560 киши зилзилалар оқибатида ҳалок бўлади, моддий зарар эса йилига 80 миллион долларга баҳоланади.
Нега Афғонистон зилзилаларга мойил?
Афғонистон – Евросиё тектоник плитасининг энг четида жойлашган. Бу ҳудуд эса Ҳинд плитаси билан тўқнашув ёки силжиш зонаси ҳисобланади. Жанубдан эса Араб плитаси таъсири остида. Натижада мамлакат – дунёдаги энг фаол тектоник ҳудудлардан бири устида қолган.

Ҳинд плитасининг шимолга силжиши ва унинг Евросиё плитасига босими Афғонистонда тез-тез содир бўладиган зилзилаларнинг асосий сабабидир.
Икки плита ўртасидаги тектоник тўқнашув натижасидаги улкан босим – Ер пўстини эзиб, ёриб юборади. Ҳиндукуш минтақасида эса бу босим литосферанинг айрим қисмларини кескин пастга, мантияга ботиришга олиб келади. Натижада, Афғонистоннинг шимолидаги Помир–Ҳиндукуш минтақасида 200 км чуқурликкача етадиган кучли зилзилалар содир бўлади.
Нашрнинг ёзишича, Афғонистоннинг шарқий ва шимоли-шарқий қисмлари, хусусан Ўзбекистон, Тожикистон ва Покистон билан чегарадош ҳудудлар – зилзилага энг мойил ҳудудлар ҳисобланади. Улар орасида пойтахт Кобул ҳам бор.
Бундан ташқари, тоғли ҳудудларда содир бўлган зилзилалар кўпинча кўчкиларга сабаб бўлади. Бу эса инсонлар ҳамда мулкка етадиган зарарни янада кучайтиради.
Афғонистон тарихидаги кучли зилзилалар
Тадқиқотларга кўра, 1990 йилдан буён Афғонистонда магнитудаси 5,0 дан юқори бўлган камида 355 та зилзила қайд этилган. Бундан ташқари, бу даврда 100 га яқин «жуда катта зарар етказган» зилзилаларни бошдан кечирди.
Сўнгги йиллардаги – ер силкинишининг энг йирикларидан бири 2022 йилда содир бўлган: 6 магнитудали зилзила 1 000 кишининг ҳаётига зомин бўлган. 2023 йилда эса бир ой ичида юз берган бир неча зилзила натижасида яна 1 000 киши ҳалок бўлиб, бутун қишлоқлар вайрон бўлган.
2015 йилда қайд этилган, 75, магнитудали зилзила эса – Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонда жами 399 кишининг ўлимига сабаб бўлган.
Энг даҳшатли офатлар эса 1998 йилда кузатилган: уч ой ичида кетма-кет икки зилзила рўй берган: биринчисида 2 300 киши, иккинчисида эса 4 700 киши ҳалок бўлган. Юқорида қайд этганимиз, бу йил августдаги зилзила оқибатида ҳам 2 мингдан ортиқ қурбонлар қайд этилди.
Муаммони қандай енгиллаштириш мумкин?
Тадқиқотчилар янги биноларни зилзилабардош тарзда қуришни, мавжуд иншоотларни эса қайта мустаҳкамлашни тавсия этади. Шунингдек, зилзилаларни кузатиш ва эрта огоҳлантириш тизимини ривожлантириш зарур.
Бундан ташқари, хавфли тектоник чизиқларни аниқлаш учун гео-фазовий ва масофавий зондлаш технологияларини қўллаш керак. Шундан кейин, бу маълумотлар асосида хавфли ҳудудларда яшовчи аҳолининг кўчирилиши тавсия қилинади.
Мавзуга оид
13:46
Германия 535 нафар афғонистонликни қабул қилади
14:51 / 18.12.2025
Афғонистон етакчи: Ўзбекистонга тижорат мақсадида келганлар сони кескин ошди
21:09 / 08.12.2025
Япония шимолида жорий йилдаги энг кучли зилзила содир бўлди
15:17 / 08.12.2025