Ўзбекистон | 19:44 / 12.05.2026
2257
4 дақиқада ўқилади

Бюрократиядан холи давлат хизматлари ва нархи ошган пропан – маҳаллий дайжест

800 га яқин давлат хизматида бюрократия бартараф этилади, бу орқали 550 турдаги давлат хизмати электрон шаклга ўтказилади. Фарғона водийсидаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида пропан нархи сезиларли даражада қимматлади. Фарғонада поезд темирйўлдаги маст эркак сабаб шошилинч тўхтади. Сурхондарёда судя ёрдамчиси, Бухорода ҳоким ўринбосари пора билан ушланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

800 га яқин давлат хизматида бюрократия бартараф этилади

Президент Шавкат Мирзиёев давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида бюрократияни қисқартириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди. Қайд қилинишича, 2030 йилгача давлат органлари функцияларини 30 фоизга қисқартириш, бизнесга қўйиладиган талабларни 20 фоизгача мақбуллаштириш, электрон давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ошириш кўзда тутилган.

Тақдимотда давлат хизматларини «сервис давлат» модели асосида тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор давлат хизматини бирорта ортиқча ҳужжат талаб қилмасдан, тез, шаффоф ва қулай кўрсатишга қаратилади.

Хусусан, 783 та давлат хизматига «нол бюрократия» тамойилини жорий этиш таклиф қилинди. Бу орқали 550 турдаги давлат хизмати электрон шаклга ўтказилиб, хизмат кўрсатиш босқичлари 2 карра қисқаради. 80 турдаги хизмат проактив ва композит шаклга ўтказилади. Натижада аҳолининг турли идораларга келиш учун сарфланадиган йилига 35 миллиард сўмгача транспорт харажати тежалади.

Газ тўлдириш шохобчаларида пропан нархи ошди

Фарғона водийсидаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида пропан нархи сезиларли даражада қимматлади. Хусусан, ўтган ҳафта бошида суюлтирилган газ 5700-6000 сўм атрофида сотилган бўлса, ҳафта охирида нархлар 6400 сўмдан 7000 сўмгача кўтарилган.

Охирги савдо сессияларида биржада ҳам нархлар кўтарила бошлаган. Хусусан, 4 май кунги савдоларда пропаннинг 1 тоннаси 7 млн 244 минг сўмдан сотилган бўлса, бу 7 майга келиб 7 млн 707 минг сўмгача ёки 6,4 фоизга ошган. Биржадаги нархларнинг чакана нархларга қанчалик даражада таъсир қилаётгани номаълум.

Эслатиб ўтамиз, 12 январдан бошлаб Рақобат қўмитасининг тегишли кўрсатмаси билан Республика товар хомашё биржасида суюлтирилган газ нархининг бошланғич нархга нисбатан ошиш чегараси 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирилганди.

Фарғонада поезд темирйўлдаги маст эркак сабаб шошилинч тўхтади

Фарғона вилояти ҳудудида ҳаракатланган йўловчи поезди маст эркак сабаб шошилинч тўхтади. Бу ҳақда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, 10 май куни эрталаб Андижон - Тошкент йўловчи поезди Қўқон—Бувайда темирйўл бекатлари оралиғида темирйўл излари орасида маст ҳолда ҳаракатланиб юрган фуқарони уриб юбормаслик мақсадида шошилинч тарзда тўхтаган.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмагани айтилмоқда. Поезд тахминан 15 дақиқадан кейин йўналиш бўйича ҳаракатини давом эттирган. Ҳозир ҳолат юзасидан текширув ўтказилмоқда.

Сурхондарёда судя ёрдамчиси, Бухорода ҳоким ўринбосари пора билан ушланди

Сурхондарё вилояти судида судянинг катта ёрдамчиси бўлиб ишловчи шахс коррупцияда гумон қилинмоқда. У икки судланувчига нисбатан 6,3 млрд сўмлик зарарни қайта ҳисоблатиш орқали камайтириб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини бекор қилдириш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиш ваъдаси билан 53 минг доллар олган пайтида қўлга тушган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Бухоро вилояти, Когон тумани ҳокими ўринбосари фермерга сув масаласини ҳал қилиб бериш эвазига 12 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда прокуратура органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозир унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «б», «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид