Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ коррупция ва янги молиявий пирамида – маҳаллий дайжест
Ўзбекистонда Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ йирик коррупцион схема фош этилди. С8 club молиявий пирамидаси мўмай даромад ваъдаси билан одамларни алдамоқда. Ўзбекистоннинг илк космонавти 2028 йилда коинотга учирилади. Тошкентда «Мингўрик – Чилонзор буюм бозори» метро линияси қурилади. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Ўзбекистонда Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ йирик коррупцион схема фош этилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ йирик коррупцион схемани фош этди.
Терговда маълум бўлишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, хусусий бандлик агентликларининг собиқ мансабдорлари ва бошқа шахслар жиноий гуруҳ тузиб, Жанубий Кореяга ишга юбориш учун расмий тўловлардан ташқари фуқаролардан 7-12 минг доллардан қарийб 90 миллион доллар йиғган. Миграция агентлигида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган 35 ёшли Азизбек Тоштемиров Интерпол линияси орқали халқаро қидирувга берилган. У фирибгарлик жиноятида айбланмоқда.
Kun.uz Жанубий Кореяга ишга бориш жараёнида коррупцион схема борлиги ҳақида 2023 йилда бир қатор суриштирувлар эълон қилган, ҳуқуқ органларини тафтиш қилишга чақирган эди. Лекин тегишли идоралардан ҳеч қандай реакция бўлмади, танқидларни ҳазм қилолмаган Миграция агентлиги эса Kun.uz устидан АОКАга шикоят қилган эди.
«Бутун Ўзбекистон ишли бўлади» – С8 club молиявий пирамидаси одамларни қандай алдамоқда?
Ўзбекистонда молиявий пирамидалар ҳеч тўхтамаяпти – бири ёпилса, иккинчиси очиляпти. Россияда пайдо бўлиб, Ўзбекистонга ҳам кириб келган LumenX С8 club номли молиявий пирамида трейдерлик орқали кунлик даромад таклиф қилмоқда. Гўёки криптовалюта биржасида токен сотиб олиш орқали савдо қилинади ва фойда олинади.
Тарғибот Telegram’даги бир нечта гуруҳларда олиб борилмоқда. Молиявий пирамидага қўшилиш учун махсус илова орқали рўйхатдан ўтилади. Сўнгра ҳар куни сигнал келган пайтида аъзоларга махсус код айтилади. Ушбу код орқали сигнал босилади ва «даромад олинади».
Сигнал элементи шунчаки бир хўрак. Бу одамларни даромад гўёки трейдерлик ортидан келаётганига ишонтирувчи восита. Аслида эса ушбу гуруҳда ҳам пул тегирмони барча анъанавий молиявий пирамидалар каби депозит қўйиш ва янги одамлар жалб қилиш орқали айлантирилади.
Ўзбекистоннинг илк космонавти 2028 йилда коинотга учирилади
Илк миллий космонавтни 2028 йил октябрига қадар коинотга учириш режалаштирилган. Бу ҳақда «Ўзбеккосмос» агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Иброҳимов маълум қилди.
Унинг айтишича, парвоз 14 кун давом этади. Ҳозир инсон иштирокидаги космик парвозларни амалга ошириш имкониятига эга учта давлат — АҚШ, Россия ва Хитой билан музокаралар олиб борилмоқда.
Номзодлар учун қуйидаги талаблар белгиланган: ёши 27-40, олий маълумотли, бўйи 160-190 см, вазни 50-95 кг, хорижий тилларни билиши. Космонавт умуммилий танлов асосида саралаб олинади.
Тошкентда «Мингўрик – Чилонзор буюм бозори» метро линияси қурилади
Президент Шавкат Мирзиёев 13 май куни Тошкент метрополитенида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда инфратузилмадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Таъкидланишича, йўловчилар хавфсизлигини кучайтириш мақсадида «Шаҳристон» метро бекати платформаларида синов тариқасида ойнали ҳимоя тўсиқларини ўрнатиш таклиф этилди. Халқаро тажрибага кўра, бундай тўсиқлар платформалардаги бахтсиз ҳодисаларни 80-90 фоизгача камайтириш имконини беради.
Яна бир муҳим йўналиш – янги линиялар қурилиши. Хусусан, «Мингўрик – Чилонзор буюм бозори» метрополитен линияси бўйича лойиҳа баҳолаш ҳужжатларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Биринчи босқичда «Мингўрик – Жанубий вокзал» йўналиши, иккинчи босқичда эса «Жанубий вокзал – Чилонзор буюм бозори» йўналишини қуриш имкониятлари ўрганилади.
Мавзуга оид
19:35 / 13.05.2026
Картадан картага пул ўтказмалари назорати ва ҳантавирус билан боғлиқ вазият – маҳаллий дайжест
19:44 / 12.05.2026
Бюрократиядан холи давлат хизматлари ва нархи ошган пропан – маҳаллий дайжест
20:04 / 11.05.2026
Алимент миқдорининг оширилиши ва кураш мусобақасида қотиллик – маҳаллий дайжест
22:19 / 08.05.2026