Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Алимент миқдорининг оширилиши ва кураш мусобақасида қотиллик – маҳаллий дайжест
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ўтказилган миллий кураш мусобақасида мудҳиш қотиллик юз берди. Расмий даромадга эга бўлмаган фуқаролар учун алимент ҳисоб-китоб миқдори оширилди. Бухорода маст ҳолатда автобус ҳайдаб, 40 нафар боғча боласини олиб кетаётган ҳайдовчи жазоланди. Навоийда куёвини ўлдириш учун киллер ёллаган аёл ушланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Деновдаги кураш мусобақаси қотиллик билан якунланди
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ўтказилган миллий кураш мусобақасида мудҳиш қотиллик юз берди. Мусобақа давомида келиб чиққан низо оқибатида воҳанинг таниқли полвонларидан бири Низомиддин Чўтбоев ҳаётдан кўз юмди.
Kun.uz манбасининг хабар беришича, даврада Низомиддин полвоннинг ўғли Аюбхон Хуррамов рақиби Бўстонбек Жабборовни кураш мусобақасида енгган. Таъкидланишича, укасининг мағлубиятидан ғазабланган Достон Жабборов Низомиддин полвоннинг орқа томонидан келиб, бир неча бор унга пичоқ билан зарба берган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «л» банди (безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Расмий даромадга эга бўлмаганлар учун алимент миқдори ошди
Расмий даромадга эга бўлмаган фуқаролар учун алимент ҳисоб-китоб миқдори ошди. Бу республикада ўртача ойлик иш ҳақи кўтарилгани билан боғлиқ.
Энди расмий даромадга эга бўлмаганлар қуйидагича алимент тўлайди:
- бир бола учун — 1,7 миллион сўм (аввал 1,4 миллион сўм);
- икки фарзанд учун — 2,3 миллион сўм (аввал 1,9 миллион сўм);
- уч ва ундан ортиқ болалар учун — 3,4 миллион сўм (аввал 2,9 миллион сўм).
Маълумот учун, Оила кодексида расмий даромадга эга фуқаролар (норасмий ишловчилар ҳам) алиментни ўз ойлик маошидан келиб чиқиб тўлаши белгиланган. Бунда бир бола учун — иш ҳақининг тўртдан бир қисми; икки фарзанд учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярми ундирилади.
Ўз навбатида суд томонларнинг моддий ва оилавий аҳволидан келиб чиқиб, алимент миқдорини камайтириши ёки ошириши ҳам мумкин.
Маст ҳолда 40 болани ташиган автобус ҳайдовчиси жазоланди
Бухоро вилоятида маст ҳолатда автобус ҳайдаб, 40 нафар боғча боласини олиб кетаётган ҳайдовчи аниқланди.
Ҳодиса 28 апрель куни Ромитан туманида юз берган. ЙПХ ходимлари Isuzu русумли автобусни тўхтатиб, текширган. Жараёнда ҳайдовчининг мастлиги ва 40 нафар боғча боласини ташиётгани аниқланган.
Оқибатда ҳайдовчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг учта моддасидаги тегишли қисмларга асосан жавобгарликка тортилган. Жумладан, уч йил муддатга барча турдаги автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баробар миқдорида (16 миллион 480 минг сўм) жарима жазоси тайинланган.
Навоийда куёвини ўлдириш учун киллер ёллаган аёл ушланди
Навоий вилояти, Зарафшон шаҳрида 54 ёшли аёл куёвининг «ақлини киритиб қўйиш», кейинчалик уни ўлдириш учун 40 млн сўм эвазига ўзига таниш бўлган икки йигитни ёллаган.
Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари суиқасд саҳнасини ташкил этиб, видеотасмаларга муҳрлаб, ижтимоий тармоқ орқали аёлга жўнатган. Аёл эса видеони хурсандчилик билан қабул қилиб, суиқасд буюртмаси учун келишилган 40 миллион сўм пулдан 2 миллион 300 минг сўм пулни ёлланган шахсларнинг картасига ўтказган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
22:19 / 08.05.2026
Хотира ва қадрлаш куни тадбирлари, жарима баллари чегарадан ошган ҳайдовчилар – маҳаллий дайжест
19:39 / 07.05.2026
Оқланган қатағон қурбонлари ва солиқ тўлаган топ-блогерлар – маҳаллий дайжест
18:47 / 06.05.2026
Пешлавҳаларга оид янги тартиб лойиҳаси ва 13 бола ташиган Matiz ҳалокати – маҳаллий дайжест
18:40 / 05.05.2026