Ўзбекистон | 15:00 / 29.01.2020
11936
3 дақиқада ўқилади

Боғчаларда гуруҳлардаги болалар сони оширилади

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Ўзбекистондаги мактабгача таълим ташкилотларида 3-7 ёшли болалар гуруҳларида тарбияланувчилар сони 25 нафардан 30 нафарга оширилади.

«Бола сиқилиб қолмайдими, деб ота-оналар айтиши мумкин. Йўқ, биз болалар ётоқхонасидаги мебель жиҳозларни енгил конструкцияли мебелларга алмаштириш орқали жойларни кенгайтирамиз», – дея изоҳ берди Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуджон Йўлдошев 29 январь куни ХПК сессиясида.

Мазкур ўзгариш 2019 йил декабрида қабул қилинган «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонунда белгиланган. Қонун 2020 йил 16 июндан бошлаб кучга киради.

Унга кўра, умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида гуруҳлар тегишли равишда қуйидаги миқдорда тўлдирилади:

  • 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар гуруҳларида — кўпи билан 30 нафар бола;
  • болалар қисқа вақт бўладиган гуруҳларда — кўпи билан 30 нафар бола;
  • турли ёшдагилар гуруҳларида — кўпи билан 25 нафар бола;
  • болалар кеча-ю кундуз бўладиган гуруҳларда — кўпи билан 10 нафар бола.

Президент топшириғи қандай бажарилади?

2019 йили Ўзбекистонда мактабгача таълим қамрови 38 фоиздан 52 фоизга кўтарилган. Президент Шавкат Мирзиёев шу йил охиригача бу кўрсаткични 60 фоизга етказиш вазифаси қўйган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Мақсуджон Йўлдошев бунга қандай эрилиши бўйича ҳам тушунтириш берган.

«Бунга қандай эришамиз? Бугунги кунда 2,7 млн боланинг 1,4 миллиони, яъни 52 фоизи боғчага қатнаётган бўлса, биз 240 мингта янги ўрин яратишимиз керак. Нодавлат секторга кўплаб имтиёзлар жорий этилгани тизимнинг ўз-ўзидан барқарор ривожланишига олиб келди. Бу йилни ўзида 2 мингта оилавий мактабгача таълим ташкилоти ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу билан 50 мингта янги ўрин яратилади.

Қолаверса, давлат-хусусий шерикчилиги асосида очиладиган 400дан ортиқ МТТда 40 минг янги ўрин яратилади. Инвестиция дастурига асосан эса 418та муассаса реконструкция қилиниб, 19та янги боғчалар ташкил этилади. Реконструкция жараёнида ҳам биз муассасанинг ҳолатидан келиб чиқиб, уни кенгайтиришимиз натижасида 27 минг янги ўринларни яратамиз.

Бу учта йўналишда ўртача 130 мингта ўрин ташкил этилса, қолган қисми боғчалардаги гуруҳларда тарбияланувчилар сонини ошириш ҳисобидан бажарилади. Яқинда қонун қабул қилинди: шу пайтгача боғчада битта гуруҳда 25 бола бўлиб келмоқда, энди йилдан бошлаб буни 30 нафарга оширишни режалаштирганмиз», – деди Мактабгача таълим вазири ўринбосари.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид