Жамият | 18:48 / 04.05.2020
20575
3 дақиқада ўқилади

Сенат: Ҳиндистонга даволаниш учун борган ватандошлар учун чартер рейс ташкил этилиши керак

Сенаторлар Махсус комиссия ва Ташқи ишлар вазирлигига хат жўнатиб, бу хатлари ижроси юзасидан 11 майгача ахборот беришни сўрашди.

3 май куни Kun.uz эълон қилган «Аҳволимиз тобора оғирлашмоқда, пулларимиз тугаб бўлди. Ҳиндистонга даволанишга бориб, Ўзбекистонга қайтолмаётган ўзбеклар» сарлавҳали мақола Олий Мажлис Сенатида ўрганиб чиқилди.

Парламент юқори палатаси Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Робахон Маҳмудованинг маълум қилишича, мазкур масала юзасидан Республика махсус комиссияси ва Ташқи ишлар вазирлигига расмий хат йўлланган.

Хатда Ҳиндистонга даволанишга бориб, Ўзбекистонга қайтолмаётган ватандошларимиз моддий ахволи оғирлиги, ҳозирда мавжуд маблағлари 5-7 кунга етиши, айримлари эса хайрия акцияларида хомийлардан йиғилган пул маблағлари эвазига кетишгани, Ҳиндистонда қолаётган ўзбекистонликларнинг аксарияти элчихонада махсус чартер рейс орқали ватанга қайтиш учун рўйхатдан ўтишгани таъкидланган.

Сенат махсус комиссия ва ТИВдан мақолада келтирилган барча важларни ўрганиб, муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатилиши ва уларнинг чартер рейслар орқали Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича кўрсатмалар беришни ҳамда қилинган ишлар тўғрисида 11 майгача Сенатга маълум қилишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, коронавирусга қарши кураш доирасида Ўзбекистон 16 март кунидан эътиборан жаҳоннинг барча мамлакатлари билан авиа ва автомобиль қатновларини тўхтатган эди.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан 30 март соат 00:01дан 20 апрель соат 00:01га қадар Ўзбекистондаги мавжуд барча аэропортлар ёпилган ва авиақатновлар бутунлай тўхтатилди.

29 апрель куни Uzbekistan Airways матбуот котиби Ҳабибулло Набиев Kun.uz’га берган маълумотида хорижга авиақатновлар 30 июнгача тикланмаслиги мумкинлигини айтганди.

Орадан икки кун ўтгач, Uzbekistan Airways бу маълумотни рад этиб, хорижга парвозлар ва авиачипталар сотуви тикланиш муддати коронавирус тарқалиши бўйича халқаро вазиятга боғлиқлиги, агар 30 июнга қадар турли давлатлар ва Ўзбекистонда карантин бўйича чекловлар бекор қилинса, хорижий йўналишларга чипталар сотуви ҳам, авиақатновлар ҳам қайта тикланиши мумкинлигини маълум қилган эди.

Мавзуга оид