Иқтисодиёт | 20:24 / 08.08.2025
14258
3 дақиқада ўқилади

Деҳқонобод калий заводи ёпиқ тарзда хусусийлаштирилди

Қарзлар ҳисобидан, 128 млн долларга қурилган Деҳқонобод калий заводи хусусий қўлларга ўтгани маълум бўлди. Завод халқаро бозорда оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган эди, амалда эса очиқ савдо бўлгани йўқ. Харидор – 9 ой олдин рўйхатдан ўтган, устав фонди 19,6 млн сўмни ташкил этувчи “Asian Chemical Group” МЧЖ.

Фото: Деҳқонобод калий заводи

“Деҳқонобод калий заводи” АЖ устав капиталидаги акциялар бўйича мулк ҳуқуқи ва акцияларнинг 100 фоизи улуши “Asian Chemical Group” МЧЖга ўтган. Бу ҳақда корпоратив ахборотлар порталида очиқланган 2025 йил 8 августдаги йиғилиш баённомасида келтириб ўтилган. Бунга “КорпИнфо” Telegram-канали эътибор қаратди.

“Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида заводдаги давлат улуши пофессионал консултантларни жалб қилган ҳолда, 2025 йилнинг охиригача халқаро бозорда оммавий савдоларга чиқарилиши кўзда тутилганди.

Амалда эса бундай бўлгани йўқ. Давлат активларини бошқариш агентлиги бу борада расмий маълумот бермади.

Маълумот учун, Деҳқонобод калий заводи – Ўзбекистон кимё саноатидаги энг йирик заводлардан бири, хусусийлаштиришдан олдин акциялари “Ўзкимёсаноат” АЖга тегишли эди. Завод қурилиши 128,2 млн долларга тушган, бу маблағлар – Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (61,7 млн доллар), Хитой Эксимбанки (41,7 млн доллар) ва Кимё саноати корхоналарини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси (24,8 млн) кредитлари бўлган.

2025 йилнинг 1 июл ҳолатига кўра, комбинатнинг ўз капитали 2,9 триллион сўмни ташкил этади .

Asian Chemical Group ҳақида

Харидор – “Asian Chemical Group” МЧЖ 2024 йилнинг ноябр ойида рўйхатга олинган. Фаолият тури – азотли бирикмалар ишлаб чиқариш. Устав фонди – 19,6 млн сўм.

Компаниянинг қарийб 51 фоиз улуши ОV Industrial Investments L.L.C-FZ'га, қолган 49 фоизи “New Industrial Technologies” МЧЖга тегишли. Раҳбари сифатида Валиуллин Илгиз Азатович кўрсатилган.

New Industrial Technologies 2022 йилда Ўзбекистондаги энг йирик тўлов операторларидан бири Uzpaynet'нинг 100 фоиз улушдорига айланган эди. 2025 йил январида Paynet компанияси Humo тўлов тизимининг устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини 65 млн долларга харид қилди.

“New Industrial Technologies” МЧЖ 2019 йил апрел ойида давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, 1,1 трлн сўм устав капиталига эга. Компаниянинг 100 фоиз улуши Абдураҳмонов Мустафо Ўрозбоевичга тегишли.

БААда рўйхатдан ўтган ОV Industrial Investments L.L.C-FZ ҳақида эса очиқ манбалардан маълумот топилмади.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид