Ўзбекистон | 11:20 / 24.11.2025
7675
6 дақиқада ўқилади

Ҳукуматни танқид қилиш ҳавода “негатив зарралар” миқдорини оширади — Алишер Қодиров

Депутат Алишер Қодиров ҳаво сифати билан боғлиқ экологик инқироз фонида ҳукуматни ҳимоя қилишга бел боғлади. У ҳаво ифлосланишини ҳукумат билан боғлаётган одамларни қўштирноқ ичида “эксперт” деб атаб, Ўзгидромет раҳбарининг табиий омиллар ҳақидаги баёнотини олқишлади.

Фото: "Миллий тикланиш" партияси ахборот хизмати

Олий Мажлис депутати, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров Тошкентда бир неча кундан бери давом этаётган ҳавонинг ўта хавфли даражадаги ифлосланиши фонида ҳукуматни ҳимоя қилиб чиқди.

22 ноябр куни Ўзгидромет директори Шерзод Ҳабибуллаев баёнот билан чиқиб, Тошкентда ифлос ҳаво узоқ вақт сақланиб қолаётгани – табиий ва мавсумий омиллар билан боғлиқлигини айтганди.

Алишер Қодиров бу баёнотни олқишлар экан, уни “ҳавода зарарли зарраларни ҳукумат билан боғлаётган “экспертлар учун яхши, лекин уч кунга кечиккан жавоб” деб атади.

“Мутасаддилар, одамларни чалғитадиган тахминларни тарқалиб кетишига йўл қўймасликлари зарур!” – деб ёзди депутат 22 ноябр куни ўз Telegram-каналида.

“Дунёда бирон ҳукумат табиатга буйруқ беролмаган, беролмайди ҳам. Ўзбек халқи доимо Худодан қўрқиб, бандасига андиша билан, Ватанига маскун ҳаётини яшаган, яшаяпти ва яшайди. Қудрат тафаккур, тартиб ва аҳиллигимизда.

Унутманг, бизнинг безовталигимиз кимларнингдир хотиржам бўлиши учун жуда керак бўлиб турибди…” – деди Қодиров.

Сиёсатчи 23 ноябр кунги постида манба келтирмаган ҳолда “эколог экспертларнинг тадқиқот ва хулосалари” ҳақида ёзди. Унинг даъво қилишича, бу хулосаларга асосан, “қурилиш, транспорт ва саноатнинг Тошкент ҳавосидаги таъсир даражаси 8-10 фоиздан ошмайди”, шу сабабли “сафарбарлик билан бўлаётган барча иш ва қарорлар шу фоизга таъсир қилади холос”.

“Ҳукуматни истаганча танқид қилайлик, одамларни рози қилиш учун шамол, ёмғир, ёки ҳаво массасини сотиб олиб бўлмайди, аксинча, ҳавода зарарли зарралар билан негатив зарралар миқдори ҳам ортади…

Шуни айтмоқчи эдим холос…” – деди депутат.

Экология вазирлиги бошқача маълумот берган

Алишер Қодиров келтирган рақамлар ҳозиргача расман эълон қилинган рақамлардан жиддий фарқ қилади.

2024 йил май ойида Экология вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги ҳаво сифатини баҳолаш ишларининг дастлабки натижаларини маълум қилганди. Унга кўра, пойтахтда РМ2.5 зарраларининг манбалари қуйидагича: табиий чанг – 36 фоиз; иссиқлик таъминоти – 28 фоиз; транспорт воситалари – 16 фоиз; саноат корхоналари – 13 фоиз; шаҳар чанги – 6 фоиз; чиқиндилар – 1 фоиз.

“Дориси ўйлаб топилган касал билан оғриш”

Иқтисодчи-журналист Баҳодир Абдуллаев депутатнинг ҳукуматни оқлашига муносабат билдириб, юз бераётган жараёнларни дориси ўйлаб топилган касал билан оғришга ўхшатди.

“Иқтисодиётда кўп жараёнларни бозорнинг ўзи тартибга солади. Лекин шундай жараёнлар борки, уларни фақат бозорга қўйиб бериш иқтисодий қиймат йўқотилишига, ресурслар самарасиз сарфланишига олиб келади. Ана шундай жараёнларга нисбатан market failure атамаси ишлатилади.

Давлатнинг муҳим вазифаларидан бири – айни шу каби бозорнинг ўзи ресурсларни самарали тақсимлай олмайдиган жараёнларга аралашиб, буни тўғрилаш ҳисобланади.

Market failure сабаблари турлича бўлиши мумкин. Масалан, ижтимоий неъматлар яратилишида бозор самарали ишламаслиги мумкин. Чунки ижтимоий неъматлардан фақат у учун пул тўлаганлар фойдаланиши имконсиз, иккинчи томондан эса бир инсоннинг бу неъматдан фойдаланиши бошқа инсоннинг бу неъматдан фойдаланишини чекламайди.

Яна бир сабаб ташқи таъсирлар ҳисобланади. Ташқи таъсир деганда транзакциянинг унда иштирок этмаётган томонга таъсири тушунилади. Масалан, қайсидир завод экологияни ифлослантириб маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Сиз бу заводнинг эгаси ҳам, унинг маҳсулотлари харидори ҳам бўлмаслигингиз мумкин, лекин ҳаво ифлосланиши сизнинг ҳаётингизга таъсир қилади.

Мана шу каби вазиятларда жамият қиймат йўқотишининг (умр қисқариши, молиявий зарар, фаровонлик даражаси камайиши ва ҳоказо) олдини олиш давлатнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади”, – дея ёзди Баҳодир Абдуллаев.

Унинг қайд этишича, ҳаво сифати билан боғлиқ ташқи таъсирлар масаласида давлатлар одатда қуйидагича чоралар кўради:

1. Ҳавони ким ва қанча миқдорда ифлослантираётганини, бу жамиятга қўшимча тиббий харажатлар, камроқ умр кўриш ва бошқалар орқали қанча зарар етказаётганини ҳисоблайди. Кейин эса шунинг асосида ҳавони ифлослантирганлик учун солиқ солади.

2. Ҳаво тозалик даражасини меъёрда ушлаб туриш учун мумкин бўлган ифлосланиш даражасини аниқлайди ва ифлослантирувчи моддалар эмиссияси шу нормадан ошмаслиги учун бу лимитлар олди-сотдиси бозорини яратади.

3. Қатъий технологик стандартлар ўрнатади ва уларнинг бажарилишини назорат қилади.

4. Корхоналар ва хонадонлар экологик тоза ёнилғи ҳамда маҳсулотлардан фойдаланишини рағбатлантиради (газлаштириш, электр энергияси таъминотини барқарорлаштириш, электромобиллар харидларини арзонлаштириш ва ҳоказо).

5. Децентрализацияни амалга оширади. Ҳар бир ҳудуд раҳбари сайловлар орқали лавозимига келса, сайловчилар ўзларининг дарахтларини, яшил зоналарини асраб қолиши осонлашади.

“Албатта, дунёда бирон ҳукумат табиатга буйруқ беролмаган, беролмайди ҳам. Лекин бугун юз бераётган жараёнлар дориси ўйлаб топилган касал билан оғришга ўхшайди. Яъни, танқидлар бу мавзуда қайсидир ҳаракат юзасидан эмас, ҳаракатсизлик юзасидан янграмоқда”, – дея хулоса қилади журналист.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев

Мавзуга оид