Ўзбекистон | 21:00 / 28.08.2020
12168
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонда электр энергиясининг 90 фоизи газ ва кўмир ёқиш ҳисобига олинади. Бу саноқли давлатлардагина мавжуд ёмон кўрсаткич” - мутахассис

Ўзбекистонда “Водород энергетикаси технологиялари илмий-амалий инновацион маркази”ни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 28 август куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Энергетика вазирлиги мутахассислари иштирокида ўтказилган учрашувда маълум қилинди. Айтилишича, марказ республикадаги илмий ва олий таълим муассасалари имкониятларини бирлаштириш, тадқиқотлар олиб бориш, ҳорижий илғор илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиш учун муҳим база бўлиб хизмат қилади. Тадбирда Энергетика вазирлиги энергия самарадорлиги ва ресурсларни тежаш департаменти директори Музаффар Ҳакимов мамлакатнинг бугунги кундаги энергетика салоҳиятига тўхталиб ўтди.

“Ўзбекистон энергия самарадорлиги бўйича дунёда 147 давлат орасида 74-ўринда туради. Республика иқтисодиёти табиий газга боғланиб қолган. 90 фоиз миқдордаги электр энергияси газ ва кўмир ёқиш ҳисобига олинади. Бу саноқли давлатларда бўлган ёмон кўрсаткич. Водород бўйича бизникидек салоҳият бошқа давлатларда йўқ. Ҳамкорликда шу соҳани ривожлантириш зарур. Чунки яқин 50 йил ичида қувурлар орқали метан гази эмас, водород газини ёқсак керак. Шунақа прогнозларимиз бор”,-деди Музаффар Ҳакимов.

Музаффар Ҳакимов

Маълумотларга қараганда марказ материалшунослик институти таркибида ташкил этилади. «Водород энергетикаси» илмий лабораторияси махсус ускуналар билан жиҳозланади, водород олиш, сақлаш ва фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади.

Марказни ташкил этиш учун бошланғич босиқичда 8 млрд сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Мулоқотда Фанлар Академияси Материалшунослик институти директори Одилхўжа Парпиев ҳам илмий мулоҳазаларини билдириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, газ ва кўмир ёқишдан кўра водороддан фойдаланиш бир неча баравар кўп молиявий фойда келтиради.

“Биринчидан, водород экологик соф. Иккинчидан, табиатда кўп учрайди. Унинг энергетик хусусиятлари биз ишлатаётган кўмир, газ каби энергия ташувчилардан 3-4 баравар кўпроқ. Лекин водородни олиш жараёни анча мушкул. Бунинг учун юқори ҳарорат талаб қилинади. Масалан, водородни ажратиб олишда асосан иккита йўналишдан фойладаланилади. Биринчиси, метан газидан, иккинчиси сувдан. Метан газдан водородни ажратиб олиш учун 1200 даражадан юқори ҳарорат керак. Сувдан ажратиш учун эса 1600. Яъни бундай юқори ҳароратга эришиш учун яна газ ёқиш керак, кўмир, электр ёқиш керак. Натижада 1 бирлик водород олиш учун 4 бирлик энергия сарфланяпти. Бу жуда қиммат бўлиб кетади. Шу боис, биз янги технологиямизни таклиф қиляпмиз. Мазкур жараёнда қуёш нурини мужассамлаштирган ҳолда айнан шундай ҳароратга эриша оламиз”,-деди Одилхўжа Парпиев.

Одилхўжа Парпиев

Ҳозирги вақтда қуёш ва шамол манбаларининг мамлакат энергетикасидаги улуши 0,001 фоизга тенг. 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 13,8 фоизга етказиш режалаштириляпти.

Халқаро экспертларнинг таҳлилларига кўра, 2050 йилга бориб дунёда водород энергетикасининг улуши 18, 2100 йилда эса 40 фоиздан ортиқроқни ташкил этади. 

Мавзуга оид