Ўзбекистон | 15:01 / 21.09.2023
19554
3 дақиқада ўқилади

Максимал балл тўплаб контрактга кирган талабалар грантга ўтказилади

ЖИДУга 6 нафар талаба максимал 189 балл тўплаган бўлса-да, контракт асосида ўқишга қабул қилинганди. Бу талабалар президент томонидан берилган имтиёз бўйича грантга ўтказилади. «Темурбеклар мактаби»нинг ҳам квоталарини алоҳидалаштириш устида иш олиб борилмоқда.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг навбатдаги баёни қабул қилинди. Бу ҳақда бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов хабар берди.

Унга кўра, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг «Халқаро муносабатлар» йўналиши (ўзбек гуруҳи)га энг юқори – 189 балл тўпланган, аммо тўлов-контракт асосида тавсия этилган қуйидаги абитуриентлар президент томонидан берилган имтиёз бўйича давлат гранти асосида ўқийди:

  1. Аҳатова Азиза Шуҳрат қизи;
  2. Абдулвоҳидова Муҳайёхон Лутфулло қизи;
  3. Хўжабеков Убайдулло Неъматович;
  4. Эргашева Мухлиса Азизбек қизи;
  5. Тилаволдиев Санжар Зафаржон ўғли.

Эслатиб ўтамиз, «Темурбеклар мактаби» битирувчиларига ҳарбий таълим муассасаларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги, бошқа ОТМда эса 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар берилади. Айнан шу тоифадаги имтиёзли абитуриентлар сабаб Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетига ўқишга топширган 6 нафар абитуриент 189 балл тўпласа ҳам, контракт асосида ўқишга қабул қилинганди.

Қабул комиссияси аъзоси, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги раиси Мажид Каримовнинг сўзларига кўра, «Темурбеклар мактаби»нинг ҳам квоталарини алоҳидалаштириш устида иш олиб борилмоқда. Маълум қилинишича, шунга ўхшаш кейинги ҳолатларнинг ҳам олдини олиш учун мунтазам ишловчи тартиб ишга тушириляпти.

«Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидан бошқа ОТМда бундай муаммо йўқ. Максимал балл тўплаб ҳам контрактга ўқишга қабул қилинганлар аслида 6 нафар эди. Қорақалпоғистонлик бир талабанинг муаммосини ҳал қилдик. Қолган 5 нафарининг муаммоси эса бугун ёки эртага ҳал бўлади», деган у.

Мандат эълон қилингач, максимал балл тўплаб ҳам контракт асосида ўқишга кирган абитуриентлар мавзуси ва «Темурбеклар мактаби» битирувчиларига берилган имтиёз жамоатчилик этирозларига сабаб бўлганди. Kun.uz ҳам бу мавзуда бир қанча материаллар эълон қилганди.

Мавзуга оид